Ўзбекистон: Миш-мишлар ва “ваҳима” ортидан, ҳоким таътилга чиқди, Tojikiston, Мирзиёев, O‘zbekiston, Mirziyoyev, dunyo, yangiliklar

Sirdaryo viloyat hokimi

Сурат манбаси, official

Ўзбекистон: Миш-мишлар ва "ваҳима" ортидан, ҳоким таътилга чиқди - Қайроққум сув омборининг уриб кетганига оид гап-сўзлар Сирдарё вилоятининг уч туманида "жиддий ваҳима"га сабаб бўлган. Одамлар ўз турар-жойларини ташлаб қочишга уринишаркан, йўлларда тирбандликлар ҳосил бўлгани хабар берилганди.

Сардоба, Мирзаобод ва Оқолтин Сирдарё вилоятининг ўтган йилги Сардоба сув омбори ҳалокатидан энг кўп жабр кўрган уч тумани бўлади.

Ҳодиса 14 январдан 15 январга ўтар кечаси юз берган, миш-мишлар ўша соатларнинг ўзидаёқ Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг расмий баёнот билан чиқишига сабаб бўлган.

Маҳаллий вақт билан ярим тун эканига қарамай, Сирдарё вилояти ҳокимининг шахсан ўзи бу туманларга жўнаб кетгани расман хабар берилган.

Сирдарё вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати расмий хабарида ҳокимнинг сатҳда олинган суратлари ҳам илова қилинган.

Ғофуржон Мирзаев ҳам аҳолини ёлғон миш-мишларга ишонмаслик ва саросимага тушмасликка чақирган.

Вилоят ҳокими бу каби хабар тарқалишига ҳеч қандай асослар мавжуд эмаслигини таъкидлаган.

Сирдарё вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати расмий билдиришномасида ҳам, "хабар тошқиндан зарар кўрган Сардоба, Мирзаобод, Оқолтин каби туманларда жиддий ваҳима уйғотгани" айтилган.

"Айримлар ўз яшаш ҳудудини тарк этишга ошиққани ҳолатлар ҳам бўлгани" ҳам тилга олинган.

Аммо "айримлар" дейиларкан, расмий хабарда уларнинг сони аниқ очиқланмаган. Одамларнинг ўзлари сонлари юзлаб эканини айтишган.

Тожикистоннинг сув омбори билан боғлиқ миш-мишлар Сирдарёдан ташқари Ўзбекистоннинг яна бир вилояти - Жиззахда ҳам ваҳимага сабаб бўлгани кўрилган.

Бунинг ортидан, Тожикистон Фавқулодда вазиятлар қўмитаси ҳам одамларни миш-мишларга ишонмасликка чақириб чиққан.

Бу ҳақда Тожикистондаги етакчи Asia-Plus интернет нашри хабар берган.

Тожикистон Фавқулодда вазиятлар қўмитаси ҳам, "Қайроққум сув омбори бус-бутун" экани ва "одатдагидек ишлаб тургани"ни маълум қилган.

Ўша куни ва эртасига ҳам ижтимоий тармоқларнинг ўзбек сегментида бўй кўрсатган бу каби хабарларга айнан нима сабаб бўлгани, сўз нега айнан Тожикистонда жойлашган Қайроққум сув омбори ҳақида кетаётгани ноаён қолган. Масъуллар бу масалага расман ойдинлик киритишмаган.

Қўлга олишлар

Hokim

Сурат манбаси, official

Аммо 16 январь куни Ўзбекистондаги қатор йирик интернет нашрлари Қайроққум сув омбори ўпирилгани ҳақида хабар тарқатганлар қўлга олингани ҳақида ёзишган.

Улар бу ҳақда Сирдарё вилоят телеканали янгиликлар дастурининг Ички ишлар бошқармасига асосланиб хабар беришган.

Худди шу хабар тафсилотларидан қўлга олинганлар сонининг 10 киши экани, ораларида аёл киши ва маҳаллий блогер борлиги ҳам маълум бўлган.

Ўтган йил охирида Ўзбекистонда ёлғон ахборот тарқатганлик учун жавобгарлик белгиланган.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексга киритилган қўшимчага кўра, aгар тарқатилган ёлғон ахборот жамоат тартиби ёки хавфсизлигига таҳдид солса, уни тарқатган шахс базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 бараваригача (22 млн. 300 минг сўм) жаримага тортилиши мумкин.

Жиноят Кодексига киритилган қўшимчага мувофиқ эса, ёлғон ахборот тарқатганлик учун маъмурий жавобгарликка тортилган шахс ушбу ҳуқуқбузарликка такроран йўл қўйса, базавий ҳисоблаш миқдорининг 400 бараваригача (89 млн. 200 минг сўм) миқдорда жаримага тортилиши ёки уч йилгача озодликни чеклаш жазоси билан жазоланиши мумкин.

Орадан кун ўтиб, 17 январь куни эса, Сирдарё вилоят ҳокимининг қисқа муддатли таътилга чиққани расман хабар берилган.

Расмий хабарда Ғофуржон Мирзаевнинг "тиббий кўрикдан ўтиш ва даволаниш учун қисқа муддатли таътилга чиққани" айтилган. Аммо таътил муддати очиқланмаган.

Бунинг ортидан, Сирдарё вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати ҳокимнинг таътили билан боғлиқ яна бир расмий ахборот билан чиққан.

Матбуот хизмати ўзининг анчайин батафсил кўринган иккинчи хабарида таътилнинг "ҳоким соғлиғи ёмонлашгани билан боғлиқ эмаслиги"ни маълум қилган.

"Айрим марказий интернет нашрларининг худди шу мазмундаги хабарлари"га шу тариқа раддия бергани англашилган.

Ҳоким таътили

Ўзбекистон

Сурат манбаси, Official

Расмий хабарда "ортда қолган йил мамлакат, айниқса, вилоят учун жуда оғир келгани, мураккаб бир даврдан сўнг дам олишнинг жуда ҳам зарур"лиги айтилган.

"Ҳар бир инсон ўз соғлигига эътибор бериб, профилактик тиббий кўрикдан ўтиши мақсадга мувофиқ экани" таъкидланган.

Бунинг ортидан эса, "президент маъмурияти томонидан тасдиқланган жадвал асосида Ғофуржон Мирзаевнинг ҳам таътилга чиққани" билдирилган.

Президент Администрацияси томонидан белгиланган график бўйича барча вилоят ҳокимлари ва Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгесининг раиси 7 февралга қадар босқичма-босқич таътилда бўлиши белгилангани айтилади.

Расмий хабарда ёзилишича, "Вилоят раҳбарининг ушбу қисқа муддатли таътили давомида профилактик тиббий кўрикдан ўтиши ҳамда даволаниши мақсад қилинган".

Сирдарё вилоятида жойлашган ва фойдаланишга топширилганига унча кўп бўлмаган Сардоба сув омбори ўтган йил май ойида кутилмаганда ўпирилиб кетган.

Ўшанда бу каби техноген ҳалокатнинг мамлакат мустақиллиги тарихида кўрилмагани айтилган.

Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг аҳоли яшайдиган масканлари ва деҳқончилик далаларини сув босган, катта моддий зарар етган.

Юзага келган сув тошқинидан вилоятнинг, айниқса, шу уч тумани энг кўп жабр кўргани маълум бўлган.

Ўзбекистон расмийлари бу туманларда 2570 уй-ҳовли, 76 та кўп қаватли уй яроқсиз ҳолга келгани, 1781 ҳовли, 52 та кўп қаватли турар жой қисман зарарлангани ҳақида ҳисобот берганлар.

Бир сув омборининг ўпирилиб, сув бостириб келаётганига оид миш-мишлар ҳам Ўзбекистон қолиб, минтақанинг бу яқин тарихида кузатилмагани билан ҳам кўпчиликнинг диққат-эътиборини ўзига тортган.

O'zbekiston

Сурат манбаси, kun.uz

Бу Ўзбекистондаги бир вилоят ҳокимининг жорий йил ҳисобидан қисқа таътилга чиқаётганига оид илк расмий хабар эмас.

9 январь куни Самарқанд вилояти ҳокимининг ҳам соғлигини тиклаш мақсадида таътилга чиққани расман маълум қилинган.

Ҳоким Эркинжон Турдимовнинг пойтахт Тошкентда даволанаётгани айтилади.

Кеча, 17 январь куни эса, Қашқадарёдан туман ва шаҳар ҳокимларининг тиббий кўрикдан ўтиш ва даволаниш учун Тошкент шаҳрига жўнаб кетганликлари расман хабар берилган.

Бу каби расмий хабарлар Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг бир ҳафталик меҳнат таътилидан қайтишидан унча кўп ўтмай бўй кўрсатган.

Шу йил 4 январь куни расман қисқа муддатли меҳнат таътилига чиққани маълум қилинган президент 11 январ куни яна ишга қайтган.

Глобал пандемия билан кечаётган ўтган бир йилдан ортиқроқ вақт ичида Ўзбекистонда ҳам қатор вилоят ҳокимларининг коронавирусга чалинишгани, ораларида вафот этганларининг ҳам бўлгани кўрилган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek