Миллиардер Фаpҳод Аҳмедов хотинини "бир тийинсиз" қолдирмоқчими? - Олий судда шов-шувли маҳкама, Rossiya, dunyo, yangiliklar

Татьяна ва Темур Аҳмедолар

Сурат манбаси, PA Media

Сурат тагсўзи, Татьяна ва Темур Аҳмедовлар
    • Author, Алексей Калмыков
    • Role, Би-би-си

Миллиардер Фаpҳод Аҳмедов хотинини "бир тийинсиз" қолдирмоқчими? - $600 миллион доллар пул, яхта, самолётлар қаерга кетди? Миллиардернинг хотини эридан кейин энди ўғли Темур билан ҳам судлашмоқда.

Инглиз маҳкамаси тарихидаги энг қиммат ажрашиш жараёни Россияда топилган капитал учун шов-шувли судлашувга айланиб кетди. Миллиардер Фарҳод Аҳмедов рафиқаси Татьянага тўрт йил олдин унга берилган юз миллион долларни бермаган ва энди Татьяна тўнғич ўғли Темур билан судлашмоқда.

Сўнгги бир ҳафта ичида она ва ўғил узоқ йиллик ўз оилавий драмаларининг турфа манзаралари ва сюжетини ранг-баранг бўёқларда тасвирлаб, Лондон Олий судида кўрсатма берди. Уй ва виллалар, хусусий учоқ ва вертолёт, 150 миллион долларлик санъат асарлари тўплами. Лондонда 19 ёшли ўғилга хадя сифатида берилган 50 миллион долларлик уй, ўғилнинг фонд биржасида 70 миллион долларни йўқотиши. Бир лагердан иккинчисига ўтган қочқин фош қилган сирлар. Денгизга компьютер билан бирга чўктирилган далиллар.

Татьяна Аҳмедованинг айтишича, Темурдан осонгина мусодара қилинган ушбу гувоҳлик ва ҳужжатлар асосида адвокатлар судья Гвинет Ноузга далилларини тақдим этади ва у ўғил отасига капитални онасидан яширишда ёрдам берган-бермаганини аниқлайди.

Ушбу суд жараёни 1990 йилларнинг бошларида турмуш қурган эр-хотиннинг оилавий капитални узоқ вақтдан бери тақсимлай олмай биринчи марта оммавий тарзда кечаётган яккама-якка курашидир. Аммо Фарҳод Аҳмедов "Нортгаз" газ компаниясидаги улушини 1.4 миллиард долларга сотиб юборганида - 2012 йилда бойиб кетган. 2013 йилда Татьяна 1994 йилдан бери яшаб келган ва икки ўғли ўсган Англияда ажрашиш тўғрисида ариза берган.

Фарҳод суд жараёнида қатнашмаган, Буюк Британия билан барча алоқаларини узган ва ҳозир Англия суди юрисдикцияси ўтмайдиган жойда - Россия, Озарбайжон ва 2014 йилда Роман Абрамовичдан 350 миллион долларга сотиб олинган "Луна" яхтасида туриб ишлайди.

Қарзга судлашиш

Бошқа масала - тўнғич ўғил Темур. Татьяна сингари у ҳам Буюк Британия фуқароси ва Англияда истиқомат қилади. Суд жараёнини бузиш билан таҳдид қилиш мумкин бўлса ҳам, у судга келмай қолиши мумкин эмас эди. Суднинг биринчи кунида Темур Дубайдан Лондонга эмас, Москвага учиб кетди.

"Стрессда эдим, қўрқдим, нима қилишни билмай қолдим, - деди у судьяга видео алоқа орқали енгил акцент билан аммо тўкис инглиз тилида. - Мен атиги 27 ёшдаман ва ўз онам ниҳоят мени судга берди. Мен жуда кўп ичаман. Кейин менга кетишим мумкинлиги, паспортим олиб қўйилмаслигига кафолат керак."

Судья бундай гаплардан ажабланиб, ундан уйига қайтиш, суд мажлисида шахсан ва малакали адвокатлар ҳамроҳлигида шахсан қатнашишни талаб қилди.

Акс ҳолда, банк соҳасида ўқиган ва савдо билан шуғулланадиган йигит ўзини ўзи масофадан туриб ҳимоя қилиши керак бўлади, чунки суд якунига қадар унинг маблағлари музлатиб қўйилган ва операцион харажатлар учун ажратилган маблағ адвокатларга етмайди.

Қарз олиш керак эди, лекин Темур қарзни Лондонда шахсан ўзи олиши мумкин эди, у ниҳоят келди. Бу билан у судга нисбатан ҳурматсизлик учун жарима ва ҳатто қамоқ жазоси хавфи олдини олди.

Венеция: Роман Абрамовичнинг яхтаси. Уч йил ўтиб, Роман Абрамович уни Фарҳод Аҳмедовга сотган

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Венеция: Роман Абрамовичнинг яхтаси. Уч йил ўтиб, Роман Абрамович уни Фарҳод Аҳмедовга сотган

Шов-шувли суд жараёни нафақат тўловларнинг кўлами ва оилавий жанжал тафсилотлари, балки кўплаб саволларга жавоб бериши ва дунёнинг "ажрашишлар пойтахти"да кейинги суд жараёнлари учун прецетент бўлиши мумкинлиги билан ҳам жамоатчилик эътиборини тортди.

Судья Ноулз аллақачон асосий судьялардан бирига жавоб бериб, Татьяна Аҳмедованинг бошқаларнинг пули ҳисобидан судлашишига, шунингдек, адвокатлари ва суд жараёнини молиялаштирадиган компания ўртасидаги битим тафсилотларини ошкор қилмаслигига рухсат берди.

Ташқи маблағларсиз Татьяна судлашиш имкониятига эга бўлмас эди, деб қарор қилган судья. Судлашиш учун ташқи қарз олиш яқингача Англия судларида тақиқланган эди, аммо судьяларнинг рухсати билан аста-секин тобора кенг қўлланилиб келиняпти. Ва унинг адвокатлари низолашувчи томон ҳисобланмайди, шунинг учун уларнинг инвестор билан тузган битимлари тафсилотларининг ишга алоқаси йўқ, улар унинг натижаларига таъсир қилмайди ва суд ҳам бунга қизиқмайди.

Қандай қилиб собиқ хотиндан миллиардни яшириш мумкин?

2016 йил декабрида Англия суди Татьяна ва Фарҳоднинг ажрашиши ва унга уларнинг умумий бойлигининг ярмидан озини бериш ҳақида ҳукм чиқарган. У 450 миллион долларлик нақд пул, 150 миллион доллар қийматдаги замонавий санъат коллекцияси, Лондоннинг чекка қисмида жойлашган 25 миллион фунт стерлинглик сарой ва Aston Martin автомобилига эга бўлган.

4 йил ўтгач, Татьяна судга оилавий вертолёт сотилишидан келган атиги 5 миллион доллар пулнигина олганини билдириб шикоят қилди.

У собиқ турмуш ўртоғининг активларини бутун дунё бўйлаб овлади: Россия ва Маршалл оролларидан то Кипр, Франция ва АҚШгача. Август ойида у Дубайда "Луна" номли тўққиз қаватли оилавий яхта учун юридик курашда ютқазди: амирлик суди инглиз маҳкамаси қарорини шариат ва маҳаллий қонунларга зид деб топди.

Аммо Фарҳод пул бермоқчи эмаслигини ҳеч қачон яширмаган. Суд жараёнида буни ўғлининг адвокати, Темурнинг ўзи ва унинг отаси билан овозли ёзишмалари тасдиқлади. Уларда Фарҳоднинг Татьянани бир тийинсиз қолдириш ваъдалари, унга пул бергандан кўра ёқиб юборгани яхшироқлиги айтилган.

Темурнинг таъкидлашича, ажрашиш қарори чиқишидан бир неча ой аввал отаси пулларини Швейцариядан Англия суди қарори ўтмайдиган жойларга ўтказишни бошлаб юборган.

Фарҳод Аҳмедов аввал Қатарга, сўнг Бирлашган Араб Амирликларига пул ўтказмоқчи бўлди, аммо қийинчиликларга дуч келди ва энг қалтис вариантга - ҳамма нарсани Россияга ўтказишга ҳам тайёр эди. Аммо охир-оқибат, у сўнгги дақиқада маблағни Лихтенштейндаги трастларга жойлаштирди.

Тундра под Новым Уренгоем

Сурат манбаси, AFP

Сурат тагсўзи, Аҳмедов пулларини Сибирда, нефть ва газ орқасидан топган

Татьяна ва унинг адвокатлари Темур Фарҳодга бу борада фаол ёрдам берганига ишонади.

Темурнинг суд жараёнига ҳалақит қилишга уринишлари далил сифатида келтирилди: судьянинг талабига қарамай, у бор мол-мулкини ошкор қилмаган (Роллс-Ройc ва Мерcэдес ҳақида сукут сақлаган) ва адвокатларга тегишли ҳужжатлар бўлиши мумкин бўлган телефонлар ва компьютерларни топширмаган.

Темурнинг таъкидлашича, онасининг адвокатлари уни судьянинг олдида xийлагар ва жиноятчи сифатида кўрсатишга уринмоқда, унинг сўзларини контекстдан узиб олиб талқин қилмоқда. У ёзишмалари ва телефонларини дарҳол топширмаганини ўз шахсий, интим ҳаёти тафсилотларини беришни истамагани билан изоҳлади. Аммо улар унинг хонадонига тинтув учун келганларида, қурилмалар тортиб олингандан сўнг, у тинчланиб, билганини айта бошлади.

Темур отасига активларни яширишда ёрдам берганини инкор қилмаса ҳам, аммо у шунчаки котибдек ишлаганини таъкидлаяпти. Унинг айтишича, ҳаммасини отаси ва у қаттиқ ишонадиган "костюм кийган жиддий одамлар" уйлаб топган. У операциянинг мақсадини - Татьянадан пулни яширишни тушунган бўлса ҳам, лекин ёшлиги ва тажрибасизлиги туфайли у нафақат пулни яшириш "схемалари" ижодкори эмас, балки 20-21 ёшларида у ўзи иштирок этаётган ишларнинг барча нозик томонларини тўлиқ англай олмаган.

У шунчаки тажриба орттирмоқчи ва отасининг тўнғич ўғли сифатида унинг ишончини оқламоқчи эди - "бу Шарқда, Россияда одатий ҳол, бу бизнинг маданиятимиз", деди у судда.

Ўғилга ғамхўрлик қилиш ёки хотиндан қасос олиш?

Мулкнинг тақсимланиши муқаррар бўлиб турганда, Аҳмедовларнинг юз миллионлаб долларлари, яхтаси, расмлари ва самолёти Буюк Британиядан иложи борича узоқлаштирилаётган бир пайтда, ўн миллионлаб доллар Швейцариядан айнан тескари йўналишда - Лондонга кўчди.

Фарҳод ажрашишдан бир йил олдин ўғли Темурга деярли 70 миллион доллар ўтказган. Татьянанинг адвокатлари шу тарзда Фарҳод ундан пул яширганига ишонмоқда.

Лондон: Олий суд

Сурат манбаси, PA Media

Сурат тагсўзи, Лондон: Олий суд

Темур ва унинг адвокатлари бу айбловларни кулгили ва мантиқсиз деб атаяпти: нега пулни Британия фуқаросига Англия судининг қарори билан қуролланган бошқа бир Британия фуқаросидан яшириш учун ўтказиш керак?

Уларнинг таъкидлашича, ушбу трансферларнинг барчаси отанинг ғамхўрлиги ва тўнғич ўғлини оёққа турғазишга, унга савдо учун дастлабки сармоя беришга уринишдир. Ва буларнинг барчаси эр-хотин ажрашишидан олдин ҳам бўлган.

Ота доим сахийлик билан болаларга хадялар бериб келган ва ажрашишдан олдин онаси ушбу ҳадяларда ҳеч қандай жиноят кўрмаган. Татьяна судда 19 ёшли Темур учун Лондонда ўта замонавий квартира сотиб олишга қарши бўлмаганини тан олди ва бу оилавий бюджетни тахминан 55 миллион долларга камайтирди.

Аммо бир неча йил ўтгач, Темурга ўтказилган 70 миллион маблағни у совға эмас, балки унга бермаслик учун Фарҳоднинг мол-мулкни яширишга уриниши, деб ҳисоблади. Темурда бу пул йўқ экан: судда у пулларни молия бозоридаги савдода йўқотганини айтди.

Татьяна Аҳмедова ўғлига ишонмайди. Унинг айтишича, эри билан тинчгина келишишга уринаётган маҳалда ўғил жуда тажовузкор тарзда отасининг тарафини олган, аммо ўғли отасига пул ва мол-мулкни яширишга ёрдам бериши мумкин деган гумонлар кейинчалик Фарҳоднинг ўзи туфайли пайдо бўлган.

Швейцариядан Яқин Шарққа пул ўтказишда юз берган ёқимсиз кутилмаган ҳодисалардан ғазабланган миллиардер оилавий молиявий ишларига ўзини бағишлаган узоқ йиллик менежерини ишдан бўшатди, деди Темур судда. У Татьянага бўлган воқеаларнинг ўз талқинидаги версиясини айтиб берган ва ҳужжатларни адвокатларга топширган.

Ана шуларнинг бари билан улар судга мурожаат қилишди.

Қандай ва қачон тугаши мумкин?

Татьяна Аҳмедова ва унинг адвокатларининг мақсади иккита. Темурни Фарҳоднинг шериги бўлганини тан олдириш ва отаси берган 100 миллион доллардан кўпроқ пулни онасига беришга мажбур қилиш ва Люксембург трестларидан пулни ундириб олиш ҳуқуқини олишга ҳаракат қилиш.

Она ва ўғил Аҳмедовлар 7 декабр кунги маҳкама жараёни олдидан

Сурат манбаси, PA Media

Сурат тагсўзи, Она ва ўғил Аҳмедовлар 7 декабр кунги маҳкама жараёни олдидан

Фарҳоднинг мавқеи эса ўша-ўшалигича қолмоқда ва, Темурнинг кўрсатмаларига кўра, тўнғич ўғил бу баҳсда отасининг фикрига қўшилади - иккаласи ҳам Татьяна Аҳмедовани адвокатлар қўлидаги пиёда деб билади.

Фарҳод Англия суди қарорини Россиядаги капиталини Британия ғазнасига ўтказиш уриниши, адвокатлар ва компаниялар эса бу судда Татьяна ютиши учун маблағ беряпти, деб ҳисоблайди. Темур судда онаси уни аслида судга бермоқчи эмаслигини, аммо жараён фақат ҳомийлар истаги билан давом этаётганини айтди.

Унинг таъкидлашича, отаси Татьянага бир неча бор 100 миллион доллар, Лондон яқинида қаср ва ўғиллари билан санъат асарлари тўпламига биргаликда эгалик қилишни таклиф қилган. Аммо Татьяна бу таклифни рад қилган.

Татьянанинг ҳам ўз версияси бор: унга ушбу қасрда сақланадиган асира бўлишни таклиф қилишган - келажакдаги харажатларни тўлиқ тўлаш, аммо бирга яшаган йилларда топилган маблағдан бир тийин ҳам бермаслик. У ўғлини юраги оғриб судга бергани, бунинг учун собиқ эрининг ёлғончилиги сабаблигини ва келажакда Темур билан муносабатларни тиклашга умид қилишини айтган.

Агар Темур бу ишда ғолиб чиқса, ажрашиш натижасида ўзига берилган пулни олиш эҳтимоли нафақат рус-озарбайжон миллиардерининг собиқ рафиқаси учун, балки унинг изидан Англия судига мурожаат қилганлар учун ҳам кескин камаяди.

Агар Темур Аҳмедов ютқазса, унга отаси сингари тўловлардан қочиши анча қийин бўлади, чунки у Буюк Британия фуқароси ва асосан Англия ҳамда Францияда яшайди.

Тўғри, суд жараёнида Темур Россиянинг ҳам фуқароси экани ва Россияга кўчиб ўтиши мумкинлиги ҳақида бир нималар деди. Айниқса, Жаҳон чемпионати кунлари у дўстлари билан Москвага сайёҳлик визаси билан борганда бу ҳақда ўйлаб қолган. Кейин бу хаёл ҳам ўтиб кетди, деб тан олди у. Россия консуллиги ундан қон таҳлилини топширишни талаб қилиши иштиёқини совитди: "Менга венамга игна санчишлари ёқмайди", деди Темур судда.

Суддаги тингловлар яна бир ҳафта давом этади ва судьяга бундай ҳолатларда ҳукм чиқариши учун одатда бир неча ой вақт кетади. Кейин апелляция шикояти бериш мумкин ва эҳтимол, бу ҳам бир неча йил давом этар.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek