Диний эркинлик: Россия АҚШнинг махсус кузатув рўйхатига тушди, Ўзбекистон чиқди, Islom dini, musulmonlar, AQSH, Мирзиёев, O‘zbekiston, Mirziyoyev, yangiliklar

Масжидга қўйилмаган болакай

Сурат манбаси, Facebook

Диний эркинлик: Россия АҚШнинг махсус кузатув рўйхатига тушди, Ўзбекистон чиқди - AҚШ Давлат котиби Ўзбекистонга оид янгиликни "ижобий ўзгариш" ўлароқ улашди.

Сўнгги янгилик Америка Қўшма Штатларида тез орада қудрат алмашиши кутилаётган бир пайтга тўғри келди.

Трамп даври Америкаси янги Ўзбекистоннинг ўзаро алоқаларида стратегик шерикликнинг янги даврини бошлаган илк Ғарб давлати бўлади.

Шу йил ноябрь ойида бўлиб ўтган АҚШ президент сайловида эса, демократчи номзод Жой Байден ғалаба қозонди.

Прогнозлар республикачи номзод, амалдаги президент Дональд Трампнинг мағлубиятига далолат қилди.

Сўнгги янгилик, бошқа томондан, Ўзбекистон ҳукумат ҳайъатининг Вашингтонга муваффақиятли якунлангани кўрилган амалий ташрифи ва АҚШ Давлат котибининг Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири билан телефон мулоқотидан саноқли кунлар ўтиб бўй кўрсатди.

Ҳар икки воқеълик ҳам расмий Вашингтоннинг Ўзбекистоннинг мустақиллиги, суверенитети ва жўғрофий яхлитлигини дастаклашига оид такрорий таъкидлари билан кечган, худди шу жиҳати билан кўпчиликнинг диққат-эътиборини ўзига тортмай қолмаганди.

Худди шу кунларда эса, Ўзбекистоннинг Россия шамсияси остидаги ЕвроОсиё Иқтисодий Иттифоқига кузатувчи бўлишга оид расмий аризасининг ҳам кўриб чиқилиши кутилмоқда.

Майк Помпеонинг сўнгги баёноти, "Қўшма Штатлар диний эркинликларни поймол қилувчиларга қарши чора кўрмоқда", деб номланади.

Musulmonlar

Сурат манбаси, official

Унда улашиш учун ижобий ўзгаришлар ҳам борлиги айтиларкан, Ўзбекистон ва Суданнинг махсус кузатув рўйхатидан чиқарилгани "мамнуният билан" маълум қилинади.

Бунинг сабаби, "Сўнгги бир йил ичида бу давлатлар ҳукуматлари эришган муҳим ва аниқ ютуқлар" билан изоҳланади.

"Уларнинг қонунлари ва амалиётидаги жасоратли ислоҳотлари бошқа халқлар учун намуна бўлаётгани" таъкидланади.

Ўзбекистон Шавкат Мирзиёев қудратга келишидан икки йил ўтиб, 2018 йилда АҚШнинг диний эркинликлар бўйича "алоҳида хавотирга молик давлатлар" рўйхатидан чиқарилган.

Мамлакат 12 йил деганда бу каби ютуққа эришишга муваффақ бўлган. 2006 йилдан буён ушбу рўйхатда турган.

Ўзбекистоннинг АҚШ махсус кузатув остидаги давлатлар рўйхатидан чиқарилганига оид хабарга ҳозирча расмий Тошкент муносабати маълум эмас.

БМТнинг Дин ва эътиқод эркинлиги масаласи бўйича махсус маърузачиси Аҳмад Шаҳид 2017 йилда расман Ўзбекистонга келиш ва киришга муваффақ бўлган.

Мамлакатдаги вазият билан танишиб, "Ўзбекистонда диний эркинлик ҳаддан зиёд чекланган", деган хулосага келгани ҳам хабар берилган.

Сўнгги янгилик ана шу хулосадан бор-йўғи уч йил ўтиб бўй кўрсатган.

Аҳолиси расман 34 миллиондан ортувчи Ўзбекистон минтақанинг энг йирик мусулмон давлати бўлади.

Toshkent

Сурат манбаси, BBCUZBEK

Расмий баёнотдан АҚШ Тожикистон ва Туркманистонни "алоҳида хавотирга молик давлатлар" рўйхатига киритгани кўрилади.

Бирма, Хитой, Саудия Арабистони, Покистон, Эрон, Нигерия, Эритрея ва Конго Демократик Республикаси дунёнинг бу рўйхатга тушган қолган давлатлари бўлишади.

Россияни эса, АҚШ "диний эркинликларни қаттиқ поймол этган" ёки бунга йўл қўйган ҳукуматлар учун кўзда тутилган махсус кузатув остидаги давлатлар сафига қўшган.

Бу рўйхатни Комор ороллари, Куба ва Никарагуа давом этдирган.

АҚШ, бундан ташқари, дунёдаги қатор йирик жангари гуруҳларни ҳам алоҳида хавотирга молик субъектлар, деб топган.

Уларнинг орасида ўз вақтида ва ёки ҳозир ҳам ўзбек жангариларининг яқин иттифоқчиси бўлган ИШИД, Толибон ва Ҳаёт Таҳрир аш-Шомнинг ҳам борлиги кўрилган.

Ўзбекистон Исломий ҳаракатининг яқин иттифоқчиси бўлган "ал-Қоида" ва тўлиғича байъат келтирган ИШИД гуруҳининг Хуросон қанотини эса, АҚШ бу гал алоҳида хавотирга лойиқ, деб топмаган.

АҚШ томони баёнотида айтилишича, улар ўз назоратлари остида бўлган ҳудудларни буткул бой бериб бўлишган.

Аммо, шунга қарамай, "ҳар қандай зўравон экстремистик ва террористик гуруҳ томонидан диний эркинликнинг поймол этилиши хавфини тўлиқ бартараф этмагунларича тинчишмайди".

АҚШ Давлат котиби баёнотининг якунида таъкидланишича, "ҳалича ишлари битмаган".

"Америка Қўшма Штатлари дунё бўйлаб диний мотивлар асосида қилинган зўравонлик ва таъқибларни тўхтатиш учун...тинимсиз иш олиб боради".

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek