Шинжон Уйғуристони: Volkswagen ўз қарорини айтди - компания Шинжонда қоладими ё кетади? Хитой ва мусулмонлар, Xitoy, musulmonlar, dunyo, uyg'urlar, yangiliklar

    • Author, Жон Садворс
    • Role, Би-би-си, Пекин

Шинжон Уйғуристони: Volkswagen ўз қарорини айтди - компания Урумчида йилига 20 000 автомашина ишлаб чиқаради. Хитой бозорида етакчи. Volkswagen Хитой бир миллионга яқин мусулмонни қамоққа ташлаган Шинжонда қоладими ё кетади?

"Volkswagen" Хитойнинг инсон ҳуқуқлари кенг миқёсда бузилаётгани айтилаётган минтақаси - Шинжондаги автомобил заводида ишлар давом этиши ҳақидаги қарорини ҳимоя қилиб чиқди.

Хитой ҳукуматининг бот-бот инкор қилишига қарамай, юз минглаб уйғурлар ва бошқа озчиликлар тутиб турилгани ёки заводларда мажбуран ишлатилаётганини тасдиқловчи далиллар кўпайгач, айрим транснационал компаниялар бу ҳудуддаги фаолиятини тўхтатди.

"Volkswagen"ни танқид қилаётганлар, айниқса, ана шу компания бундай ишлардан тийилишга ахлоқан мажбурлиги, ўзининг тарихини унутмаслиги кераклигини таъкидлайдилар.

Бу компания 1937 йилда ҳукмрон Нацистлар партияси томонидан ташкил қилинган ва Иккинчи Жаҳон уруши йилларида унинг заводларида мажбурий меҳнатдан, жумладан, концлагерлар маҳбуслари меҳнатидан фойдаланилган.

Аммо Пекинда Би-би-си га берган интервьюсида компаниянинг Хитой бўйича Бош ижрочи директори Стефан Уолленштейн "Volkswagen"нинг Шинжон маркази Урумчида заводи ишлаб туришини ҳимоя қилиб гапирди. Компаниянинг у ердаги заводида 600 ишчи ишлайди ва йилига 20 000 автомашина ишлаб чиқарилади.

"Нацистлар даврида бизнинг заводларда мажбурий меҳнатдан фойдаланилган, одамлар "Volkswagen" автомашиналарини ишлаб чиқаришган", дейди у.

"Бу қабул қилиб бўлмас нарса, албатта. Шунинг учун биз бирорта ҳам ишлаб чиқариш заводларимизда мажбурий меҳнат бўлмаслиги учун ҳаракат қиляпмиз. Биз, айниқса, Урумчида бундай бўлмаслиги учун чора кўряпмиз. Сизни ишонтириб айтаманки, бизда мажбурий меҳнат йўқ."

Аммо унга Урумчидаги заводда ишловчиларнинг бирортаси ҳам лагерларда бўлмаганини аниқ айта оласизми, деган саволга у аниқ айта олмаслигини билдирди. Бу завод ишчиларининг 25 фоизи уйғурлар ва бошқа озчилик вакилларидир.

"Биз компанияга алоқадор бўлган барча ишлар, шу жумладан, ходимларни ишга олиш жараёни тўғри йўлга қўйилишини назорат қилишга уриняпмиз."

"Ва бу бизга тўғри келмайдиган, бизнинг стандартларга жавоб бермайдиган ишлар бўлиши хавфини камайтиради. Аммо 100 фоиз амин бўла олмасак керак", деган у.

Танқидчилар учун қарорнинг бундай ҳимоя қилиниши етарли эмас.

Виола фон Крамон-Таубадель "Volkswagen" штаб квартираси жойлашган Қуйи Саксония ўлкасидан Герман Федерал Парламентининг собиқ аъзоси ва ҳозирда Европа парламентидаги Яшиллар партиясидан вакилдир.

"Нега улар 100 фоиз амин бўла олмайди? Улар компания ва мажбурий меҳнат ўртасида бирорта ҳам алоқа бўлмаслигига кафолат беришлари керак", дейди у Би-би-сига.

"Volkswagen" ҳатто уларнинг таъминот занжири тамоман тозалигини қатъий асослаб берганларида ҳам, танқид анча чуқурроқ.

Чунки Шинжонда автомобил заводи очиш учун Хитой расмийларининг рухсатини олиб, улар билан ҳамкорлик қилиш керак, бу эса оммавий қамашлар ва этник таъқибларни зимдан маъқуллаш хавфини келтириб чиқаради, бундай бўлмаслигига эса ҳеч қандай далил йўқ.

Сунъий йўлдош маълумотлари, гувоҳлар кўрсатмаси ва Хитой ҳукумати ҳужжатлари кенг миқёсли лагерлар қурилиши ва заводдаги меҳнат ортидаги мажбурловни кўрсатяпти.

Хитой расмийлари Шинжоннинг анъанавий мусулмон озчиликлари учун экстремизмга қарши тренинг ўтказаётгани, кўп миқдорда иш ўринлари яратаётганини такрорласа ҳам, асл мақсад ҳукумат ўзига садоқатсиз деб билган маданиятлар ва миллий ўзликларни мажбурий ассимиляция қилишга ўхшаяпти.

Халқаро ташкилотлар ва инсон ҳуқуқлари гуруҳларининг танқидлари кўпайиши билан айрим йирик брендлар бу жойлардан узоқлашмоқда. "Volkswagen" эса бошқа йўлни танлади.

"У ерга завод жойлаштиришнинг ўзи Комппунист партияга легитимлик беради, албатта", дейди фон Крамон-Таубадель хоним.

"Volkswagen" буни билади, буни улар айнан шунинг учун, нисбий афзалликка эга бўлиш учун қилишяпти. Бу бошидан сиёсий масала эди. Иқтисодий жиҳатдан фойдасиз, умуман мантиқсиз."

"Volkswagen" 2013 йилда Шинжонда завод очишининг сабаби иқтисодий эмас, сиёсий эканини рад қилиб, компания Хитойнинг узоқ ғарбида бозор учун узоқ муддатли имкониятларни кўргани учун шундай қилганини таъкидламоқда.

Компаниянинг Хитойдаги 32 та заводидан айримлари ўз қувватидан 10 фоиз кам миқдорда машина ишлаб чиқарар экан, Уолленштейн янада кўпроқ иш қилишни исташларини айтади.

"Аммо бозор ҳалигача биз таклиф қиладиган миқдордаги маҳсулотларни сиғдириш даражасида катта эмас."

"Volkswagen"нинг Шинжондаги заводини Хитойнинг бошқа жойларидаги заводларидан ажратиб турадиган бошқа жиҳатлари ҳам бор кўринади.

Ишлаб чиқариш бошлангач, Хитой ҳукумати завод ва ҳудуддаги ҳарбий полиция бўлими ўртасида шартнома тузилганини маълум қилган эди.

Компания машина беради, эвазига Халқ Қуролли Полицияси - Шинжондаги хавфсизликни таъминловчи ташкилот "Volkswagen" ишчиларига "ҳарбий таълим" ва "ватанпарварлик таълими" беради. Бу иборалар эса, лагерлардаги дастурлар билан алоқадорликда кўп тилга олинади.

Уолленштейн Би-би-сига айтишича, бўлимга икки турдаги машиналар берилган, аммо заводдаги ўқув машғулоти ҳақида хабари йўқ экан.

Аммо шундай ишлар заводдан ташқарида бўлиши мумкинми, деб қайта қайта сўралгач, у "биз била олмасак керак", деб тан олди.

"Бутун Хитойдаги ишлаб чиқариш майдонларимиздан ташқарида нима бўлиши, ишчиларимиз иш вақтидан ташқарида нималар билан машғул бўлишини биз назорат қила олмаймиз."

"Volkswagen" танқидчилари айтишича, компаниянинг энг катта муаммоси унинг мамлакатдаги энг катта муваффақияти бўлиши мумкин.

Унинг Хитой бозоридаги етакчилиги уни мамлакатнинг асирига айлантириб қўяди. Компания ўзи чиқарган автомобилларнинг бешдан бир қисмини Хитойда сотади.

Фон Крамон-Таубадель хонимнинг айтишича, у яқинда компаниянинг раҳбарлари билан учрашганда улар кўп нарсани тан олишган.

"Компания фаолияти Хитойда кенгайиши учун қўйилган шартлардан бири унинг камида битта заводи мамлакат ғарбида жойлашиши кераклигини айтишди", дейди у.

"Улар мени агар компания Шинжондаги заводини ёпса, Хитойда бошқа бирорта ҳам машина ишлаб чиқара олмай қолиши мумкинлигига ишонтиришга уринишди."

Аммо оммага "Volkswagen" унинг Хитой бозоридаги етакчилиги уни кучли ўринга чиқаришини таъкидлайди.

"Биз бу мамлакатда 37 йилдан буён ишлаймиз. Биз қай даражада Хитойга боғланиб қолган бўлсак, Хитой ҳам бизга шундай боғланиб қолган", дейди Уолленштейн.

"Биз глобал перспективага қаттиқ ишонамиз, ўз ахлоқий стандартларимизга кўра эркин савдо ва бизнес қилиш ўзимиз ишлаётган мамлакатга ёрдам беради."

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek