You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Дўрдой: Юз минглаб одамни боққан бозор ёпиладими? Ўзбекистон, Қирғизистон ва Марказий Осиё, Qirg’iziston, O’zbekiston, Mirziyoyev, dunyo, yangiliklar
- Author, Наргиза Рисқулова
- Role, Би-би-си, Бишкек
Дўрдой: Юз минглаб одамни боққан бозор ёпиладими? - Дўрдой Марказий Осиёдаги энг йирик бозор бўлади. Ўзбекистонликлар ҳам бу бозордан озмунча савдо қилишмайди.
Дўрдой ёпилиб кетадими?
Наргиза Рисқулова
Би-би-си, Бишкек
Бишкекнинг Дўрдой бозоридаги харидлар ўтган кузда клострофоблар учун синов, сайёҳлар учун экзотика бўлди. Баъзида харидорларни улгуржи савдогарлар учун мол ортилган аравалар у ёқдан-бу ёққа юриб, туртиб ўтади, ҳар бурчакда пирог, иссиқ пирожное ёки сомса билан чой сотаётган аёллар мижозларни чақиради.
Бугун қуриган ботқоқ устига устма-уст тахланган 30 минг контейнер Марказий Осиёдаги энг йирик бозорни эмас, балки ташландиқ заводни эслатади. Коронавирус пандемияси сабабли Дўрдойнинг аксарият қаторлари ва кўчалари бўшаб қолган, карантин вақтида ўн минглаб савдогар даромадсиз қолди. Агар истасангиз, тавсия этилган бир ярим метрлик ижтимоий масофани сақлаш қийин эмас.
Контейнерлардан бирида ушбу бозорда 20 йилдан бери пойабзал сотган 46 ёшли Кубаничбек Жоомартов савдо қилади. Сотувчи ва харидорлар сингари у ҳам ниқобсиз ўтирибди.
"Биз аллақачон баҳорда касал бўлиб, уйда ўтирган эдик ва энди бошқа муаммолардан ташвишдамиз: оилани қандай боқамиз, қарзни қандай тўлаймиз, уйда ўқиётган болаларга нималарни ўргатиш керак?" дейди у.
Кубаничбек иш кунини эрталаб соат 5-6 дан, унинг асосий мижозлари - улгуржи оладиганлар келгандан кейин бошлайди. Эрталабки соат тўққиздан сўнг чакана савдо бошланади, лекин келаётганлар сони аввалгига қараганда бир неча баравар кам. Коронавирус Бишкек атрофидаги афсонавий Дўрдой бозорини хавф остига қўймоқда. Кийимдан тортиб телевизорларгача, ҳамма нарса сотиладиган улкан бозор, баъзи тахминларга кўра, юз минглаб одамни боқади. Унинг ёпилиши Қирғизистон учун жиддий зарба бўлади, чунки бу мамлакат шундоғам иш ўринлари озлигидан азият чекмоқда, ҳозирги пандемия инқирозида қўшниларидан ҳам ёмонроқ аҳволда.
"Бу йил оғир бўлди: баҳорда бозорни карантинга ёпишди, қайта очилганда эса бизни харидорлардан маҳрум қилишди. Август ва сентябрь ойлари биз учун одатда иссиқ мавсум бўлади: ота-оналар, ўқувчилар, талабалар, ўқитувчилар харидга келади. Бу сентябрда фақат биринчи синф ўқувчилари мактабга борди", дейди Кубаничбек.
Яқинда Қирғизистонда юз берган ҳокимият алмашинуви ҳам ёрдам бермади: парламент сайловларидан кейин кўтарилган оммавий норозиликлар туфайли кўплаб савдогарлар талончилар ва тартибсизликлардан қўрқиб, икки ҳафта бозорга бормади. Улар пандемиянинг иккинчи тўлқини туфайли янги чекловларни кутиб, шаштлари паст аҳволда ишни давом эттиришяпти.
Кубаничбек Жоомартов коронавирус ва сиёсий ғалаёнлардан кўра касодга учрашдан хавотирда. Ўтган ёз давомида у товарларнинг атиги 30 фоизини сота олди - олинган фойда ҳатто янги мол сотиб олгани боришга ҳам етмайди. Бозорда ишлаган шунча йилда биринчи марта у бир сўм ҳам топмаган кунлари бўлди. Шу билан бирга, сотувчилар ҳар ойда тадбиркорлар солиғи, қўриқчилар ва ер арендаси, баъзилари эса контейнер ижарасини тўлаши керак. Инқироз туфайли бозор эгалари ижара ҳақини пасайтирди, аммо бу сотувчилар ҳаётини айтарли енгиллаштирмади.
Агар Дўрдой бутунлай ёпилса, қаерга бориш керак, Кубаничбек билмайди - бу унинг ягона иш жойи. "Менинг тўртта болам бор ва 20 йил давомида уларнинг барчасини оёққа турғаздим, ўқитдим, кийинтирдим. Барчаси Дўрдой туфайли. Мен олий маълумотимни сиртдан олганман, касбим молиячи - бу ишда бир кун ҳам ишламадим. 1998 йили мен онам ва синглим билан битирувчилар учун эркаклар костюмини сотишни бошладим, шундан сўнг савдога кириб қолдим", деб эслайди Жоомартов.
Бозорда унга ўхшаш 60 мингга яқин сотувчи бор. Совет Иттифоқи қулаганидан сўнг, 90-йилларда Дўрдойга ишсиз қолган меъморлар, муҳандислар ва шифокорлар келди. Ҳозир қирғизистонликларнинг қарийб 20 фоизи савдо билан шуғулланади, уларнинг аксарияти пойтахтнинг йирик бозорларида ишлайди. Дўрдой 150 мингга яқин сотувчини, таксичи, ҳаммол, қўриқчи, ошпаз ва ҳаттоки сартарошларни боқади. Бу Бишкек аҳолисининг олтидан биридир.
Чет элга ишлагани кетишга мажбур бўлган меҳнат муҳожирларининг пул ўтказмалари ҳисобидан яшайдиган мамлакат учун шунча иш жойининг йўқолиши сезиларли зарба бўлади.
Миллионерлар контейнерлари
Сўнгги 28 йил ичида шаҳар ичидаги шаҳар бўлиб, ўсиб борган Дўрдой мамлакатдаги иқтисодий жиҳатдан энг яшовчан ва бюджетни шакллантирувчи масканлардан бири бўлиб келган.
Ҳаммаси ўз-ўзидан бошланган: Кубаничбек Жоомартов бозорга келганида, кўпчилик молларини устига қўйиб сотиш учун уйидан стол олиб келар ёки тўғридан-тўғри машиналари юкхонасидан сотарди.
"Биринчи контейнерлар бу ерда 2000 йилларда пайдо бўлган: кимдир машина ўрнига контейнерда савдо қилишни бошлаган, тез орада улар бошқасини, кейин учинчисини олиб келишган. Уларнинг нархи қўзиқорин каби ўсишни бошлади. Агар 2000 йилларда контейнерни 5000 долларга сотиб олиш мумкин бўлса, кейинроқ улар Бишкекдаги квартиралар каби нархланди - 20-30 минг доллар. Мен контейнеримни кредитга олдим, уни икки йилда тўладим", дейди Кубаничбек.
Ҳозир бозор 100 гектардан ортиқ майдонни эгаллайди (иккита Ватикан ёки тўртта Кремль). Савдо контейнерлари икки қават қилиб жойланган: биринчи қаватда дўконлар, иккинчисида омборлар жойлашган. Уларда ҳамма нарса сотилади - игналардан тортиб, энг сўнгги телевизорларга қадар.
Бутун бозор Европа, Хитой, Турк, Қирғиз ва Мусулмон каби бўлимларга ажралган. Масалан, мусулмонлар кварталининг марказида масжид бор ва манекенлар кўзларига қора тасма ёпиштирилган ҳолда туради: Қуръонда инсон юзини тасвирлаш тақиқланган.
Вақт ўтиши билан Дўрдой янги бинолар билан тўлиб борди, у ерда савдогарларга хизмат кўрсатадиганлар яшайди, ишлайди: кимдир уларга овқат тайёрлайди, бошқалари сочларини олади, яна бирлари бозор ёпилгандан кейин ахлат йиғиб, саралайди ва топширади. Дўрдой, шунингдек, бу ерда асосан ўз маҳсулотларини сотадиган тикувчилик саноати ишчиларини ва сотиб олинган товарларни қўшни Қозоғистон, Ўзбекистон ва Россияга етказиб берадиган воситачиларни ҳам боқади. 2017 йилда Қирғизистон Бизнес Омбудсмани ўринбосари Сергей Пономарев айтишича, Қозоғистон ва Россия воситачиларини ҳам ҳисобга олсак, бозор жами 600 минг кишини иш билан таъминлайди. Бишкекдаги барча автовокзаллардан ва Қозоғистон-Қирғизистон чегарасидан Дўрдойга махсус микроавтобуслар қатнайди.
Бу йил пандемия боис чегаралар ёпилганлиги сабабли, бозорда қозоқ ва ўзбеклар деярли йўқ. Бироқ, сотувчилар айтишича, улар сўнгги беш йилда - Қирғизистон Божхона иттифоқига қўшилиб, Хитой билан паст бож кўринишидаги устунлигини йўқотгандан сўнг, тобора камайиб борган.
Бозор эгасининг сўзларига кўра, бозор ҳар йили тадбиркорлардан олинадиган йиғимлар ва божхона тўловлари орқали давлат ғазнасига 7 миллиард сўмдан ортиқ солиқ (83 миллион доллардан ортиқ) тўлайди. Бу йил даромадлар камайди, республика бюджети бешдан бирини йўқотди ва мамлакатни 90-йиллардан бери энг оғир инқирозга солди.
Деярли барча сотувчиларга келадиган янги маҳсулот кечикмоқда: кўплари мол сотиб оладиган Хитой ва Қирғизистон ўртасидаги чегаралар кунига атиги бир неча соатга очилади. "Дўрдой" тадбиркорлари касаба уюшмаси билдиришича, кунига 300 та юк машинаси ўрнига ҳозирда фақат учта ўтмоқда. Турли ҳисоб-китобларга кўра, мамлакатлар ўртасидаги товар айирбошлаш 40-50 фоизга камайган. Кўплаб сотувчилар бозорни тарк этишга мажбур бўлмоқда, чунки янги маҳсулот бўлмаганда улар ижара ҳақини тўлай олмайди.
2008 йилда, Жаҳон банки ҳисобига кўра, Дўрдой савдогарлари тахминан $500 миллион доллар ижара ҳақи тўлаган. Таққослаш учун, Марказий Осиёдаги иккинчи йирик бозор - Олма-Отадаги "Барахолка" бозори эгаларининг ижарадан даромади $66 миллион долларни ташкил этади. Дўрдойнинг асосий эгаси Қирғизистонлик тадбиркор Асқар Салимбеков даромаднинг катта қисмини ижара тўловларидан олади. Футбол жамоаси ва кинотеатрлар тармоғини ўз ичига олган 30 дан ортиқ тижорат ва нотижорат корхоналарининг эгаси Салимбеков мамлакатдаги энг бой кишилардан бири ҳисобланади. 2011 йилда "Forbes" журналига берган интервьюсида у даромадининг 70 фоизи Дўрдойдан олинишини айтган эди.
Дўрдойда бойиган биргина Салимбеков эмас. Бозорда контейнер сотиб олган ва уларни ижарага беришдан тушадиган даромад ҳисобига яшайдиган биринчи сўмлик миллионерлар ҳақида афсоналар кўп.
"Бир кунда тахминан $1000 доллар пул топган аравакаш бўлган, лекин ўша куни уни тунаб, ўзини ўлдириб кетишган. Эҳтимол, унга бунча пул берганлар маҳаллий бўлмаган", дейди Кубаничбек. Дўрдой туфайли у уйлик бўлди.
Онлайн-Дўрдой
40 ёшли Нозгул Бишкекдаги тикув цехларидан бири буюртмаси билан Дўрдойда мактаб формаларини қайта сотмоқда. Беш йил давомида бу унинг ўқув йили бошланишидан олдинги мавсумий иши бўлди, қолган вақтларда у университетда инглиз тилидан дарс беради. Унинг ойлик маоши тахминан 200 доллар, бу пул катта оилани боқиш учун аранг етади. Дўрдой туфайли Нозгул учта боласининг ўқиши учун пул тўлаши ва уларга кийим сотиб олиши мумкин.
2020 йил ёзида Нозгул Қозоғистон ва Россиядан йиллар давомида келиб турган мижозларининг 70 фоизини йўқотди. "Кимда менинг телефон рақамим бўлса, фақат ўшалар менга буюртма қила олди. Улар эса жуда оз", дейди у. Чегарада кечикишлар бўлганлиги сабабли, такрорий буюртмалар камайиб кетди. "Ўтган ёзда беш-олти партияни олиб кетишди, бу биринчи ёки иккинчиси", дейди Нозгул.
Шунга қарамай, у аллақачон контейнерни келгуси йил учун ижарага олишга келишган ва онлайн савдо орқали савдо ҳажмини оширишни кўзламоқда. У маҳаллий маҳсулотларга умид қилмоқда. Унинг айтишича, пандемиягача ҳам, сўнгги йилларда талаб ошган.
Ҳукумат маълумотларига кўра, Қирғизистоннинг тикувчилик саноатида 3000 корхона ва 300 минг киши ишлайди. Даромадлари ойига $200 дан $500 долларгача бўлган тикувчилик касби мамлакатда энг кенг тарқалган касблардан бири саналади. Маҳсулотлари учун асосий савдо шохобчаси бўлган Дўрдой ёпиқ бўлса, бу соҳанинг ҳам келажаги аниқ эмас.
Нозгул инқироз онлайн савдо ошишига олиб келишига ишонади. "Ҳар бир майда деталга эътибор, одатдаги хушмуомалалик ва мижозлар билан муносабатларни давом эттириш қобилияти - бу кўникмалар жуда керак экан", дейди у. "Балки бир неча йил ичида ҳамма интернетда сотиши керак бўлади."
Нозгул пандемия туфайли товарларини Instagram да сотишни бошлаган, натижада Дўрдойдагидан ҳам кўпроқ даромад олган ва ҳозир шаҳарда жой ижарага олган таниши ҳақида гапириб беради.
Унинг ўзи энди интернет-мижозлар билан доимий алоқада бўлиб, унутмасликлари учун уларни байрамларда табриклаб туради. У университет аудиториясига қайтганидан хурсанд - кузда темир контейнерда кун бўйи савдо қилиш осон эмас. Аммо кейинги ёзда у яна Дўрдойга қайтишни режаламоқда.
Кубаничбек эса бутун йил давомида бозорда - совуқ об-ҳаво келиши билан у иссиқроқ кийинган, фақат баҳорга борибгина ечадиган этик кийиб олган. "Бу бозор бошдан кечираётган биринчи инқироз эмас. Ўйлайманки, мослаша оламиз", дейди у.
Кун охирида у молларни йиғиштириб, контейнерни бир нечта қулф билан ёпади. Кечқурун Дўрдой бутунлай ташландиқ бўлиб кўринади - қулфланган контейнерлар бир-бирига ўхшайди: қулфланган темир эшиклар ва эгаларининг телефон рақамлари ва ижарага тўланиши керак бўлган сумма кўрсатилган ёпиштирилган қоғозлар...
"Бундай афсонавий бозор ёпилиб, барчамиз ишимизни йўқотамиз деб ўйлашни истамайман, - дейди Кубаничбек. - Гарчи дастлаб ҳеч ким коронавирусга ишонмаган бўлса ҳам."
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: @bbcuzbek