Туркия зилзиласи: 15 сония ичида ўлиб тирилдим – ўзбеклар, ўзбекистонликлар нима дейди? - Turkiya, O‘zbekiston, Мирзиёев, dunyo, yangiliklar

Туркия зилзиласи: 15 сония ичида ўлиб тирилдим - ўзбеклар, ўзбекистонликлар нима дейди? - Измирдаги қақшатқич зилзила қурбонлари сони юзга яқинлашди. Измир Истанбул ва Анқарадан кейин Туркиянинг энг кўп ўзбекистонликлар яшовчи учинчи йирик шаҳри бўлади.

Жума кунги ҳалокатли ер силкиниши ортидан, Измирда ҳали-ҳануз қидирув, қутқарув ишлари давом этмоқда, ҳамон ўнлаб одамларнинг дараги йўқ.

Феруза Шокирова, ўқитувчи

Ўзбекистон - Туркия

"Измирда зилзила бўлган куни ишда эдим. Уйда онлайн таълим беряпмиз.

Айни ўша куни оралиқ имтиҳонлар олган эдим.

Зилзила ҳақида илк хабарни Истанбулда ўқиётган қизимдан билдим.

Айтишича, зилзиланинг кучи 480 км узоқликдаги Истанбулда ҳам сезилибди.

Зилзила хабарини эшитишим билан интернетга кирдим.

Қарасам, Whats app, Telegram, Facebook ва Twitter им мендан хавотир олиб ёзилган мактубларга тўлиб кетибди.

Ёзганлар асосан ўзбекистонлик яқинлар эди. Ҳаммада биргина савол: "Тинч-омонмисизлар?".

Анчагача жавоб ёзмаганимни кўрган узоқдаги қариндошлар хавотирланиб бирин-кетин телефон қила бошлашди.

Измир Истанбул ва Анқарадан кейин Туркиянинг энг кўп ўзбекистониклар яшовчи учинчи йирик шаҳри бўлади.

У ерга иш, ўқиш учун борган ватандошларимиздан ташқари турмуш қуриб, оиласи билан яшайдиган аёлларимиз ҳам кўп.

Facebook да Туркиядаги ўзбек аёллари учун очилган группа бор. Зилзила хабари тарқалган заҳоти ўша ерда ҳам Измирдаги аёлларнинг аҳволидан хавотир олиб пост қўйилибди.

Аёллар ҳозирда яхши эканларини, жуда қўрқишганини, ҳали ҳам орада ер қимирлаб турганини, баъзилари уйларига киришга қўрқишаётганини ёзишган.

Ўша ерда яшаётган бир ватандошимиз эса, қайнонасининг хасталиги боис уйга киришга мажбур бўлган измирлик аёлга зилзила даҳшати ўтгунча уларникига бориб яшаб туришлари мумкинлигини ҳам айтиб, пост қолдирган.

Измирда яшаётган қирғизистонлик ўзбек аёли Гавҳар Солиева Элдивен эса, зилзила чоғидаги кечинмаларини шундай ифодалайди:

"Зилзила юз берган пайтда уйда ёлғиз эдим. 4 ёшга кирадиган ўғлим бор, боғчага боради, боғчаси тушдан кейин ишлайди.

Уйда бироз мизғиб олай дедим, кўзларим сал илинган экан, бирдан ер қимирлашни бошлади, нима бўлаяпти, деб қўрқиб кетдим.

Залда эдим, қарасам телевизор ерга тушиб кетяпти, дарров телевизорни туттим.

Хаёлим ўғлимда, оғзим Калимаи Шаҳодатни бақириб айтяпти, зўрға телефонга югурдим, боғчага, ўқитувчисига телефон қиламан десам, телефон ишламай колди.

Кўчада ҳамма бақирган, йиғлаган.

"Ҳеч нима бўлмаган бўлсин-да ишқилиб", деб, фикру хаёлим ўғлимда.

20 дақиқа узоқликдаги боғчасига бор кучим билан югурдим.

Йиғлаяпман, югураяпман, йўллар узоқ, телефоним тинмайди, ҳамма телефон қилаяпти - эрим, қайнона-қайнотам....

7 дақиқада боғчага етиб келдим, ўғлим кўчада менга қараб югурди: "Мени ташлаб кетдингиз, зилзила бўлди, биз ташқарига чиқдик", деб.

Роса йиғлагим келди, эсласам, ҳали ҳам кўзларимга ёш келади. Тарбиячиси боланинг ёнида ваҳима қилманглар, дейди.

Уйга келдик, лекин киролмадик. Ҳар ердан хабар: "Байраклида уйлар йиқилибди...".

Қайнсинглимга телефон қилдим. У ҳам жуда қўрққан, бақириб йиғлаётган эди. Байракли менинг эски маҳаллам, қайнонамлар тараф.

Ўғлим ҳалигача қўрқиб, мендан айрилмайди. Кўпроқ тушадиган нарсалар оз деб, ҳалиям залимизда ўтирибмиз. Ҳали ҳам ер сал кимирласа, юрагим бўғзимга келади.

Эрим ҳам биз учун жуда қўрқибди. Яхшиям у ерлардан уй олмаганимиз....

Ҳар нарсада бир хайр борлигига яна бир бор амин бўлдим, уйлар бузилган ер Байраклининг энг элит жойи эди.

Ҳеч ҳам бунақа бўлишини ўйламаган эдим.

Худога шукр, уйимизга ҳеч нарса бўлмапти, 3-қаватда турамиз, шундай қимирладики, "Аллоҳим, кунимиз битди, шекилли," деб ўйладим.

Бутун ҳаётим кўз ўнгимдан ўтди. 15 сония ичида ўлиб-тирилдим. Тирилишимнинг, ўзимга келишимнинг энг катта сабаби - ўғлим, деб ўйлайман.

"Менга бир нарса бўлса, унга нима бўлади? Мактаб, боғчалар эски, иншааллаҳ, ҳеч нима бўлмасин," деб дуо қилиб бордим. Юрагим портлаб кетай деди.

Ҳозир қўрқувимнинг ҳаммасини ичимга ютиб ўтирибман, йиғлай десам, бошқаларни қўрқитмай, деб йиғлай олмаяпман.

Зилзила бўлган ерга қўлдан келганча озиқ-овқат олиб бориб бердик.

У ердаги одамлар жудаям одеяллар - кампалларга муҳтож.

Кечаю кундуз уйқу йўқ. Ҳамма нарсани кўчага қочишга тайёр қилиб қўйганмиз. Иншааллаҳ, бошқа бунақа бўлмасин, деб дуодамиз", - дейди у.

Феруза Шокирова: Неча йиллардан бери катта зилзила кутилаётган Истанбулда яшаётган ўзбекларга ҳам Измирдаги зилзила таъсир қилди. Истанбулда яшаётган ўзбек аёлларимиз билан суҳбатда бу зилзила ҳаммани огоҳликка чорлаганини билсак бўлади.

Оиласи билан яшаётган Нафиса Яxя:

"Ўтган сафар ҳам Истанбулда ер қимирлашидан аввал юрагим даҳшат даражада сиқилганди. Ўлим қолай дегандим. Ўшандан сал ўтиб, ер қимирлаганди.

Бу сафар ҳам худди шунақа бўлди. Юрагим шунақа ёмон сиқилди. Ўзимни қаерга қўйишни билолмай қолдим.

3-қаватда турсак ҳам, ўзим ер қимирлаганини сезмадим. Пастда, биринчи қаватда турадиган келинимиз сезибдилар.

Лекин, ҳақиқатан, юрагим даҳшат даражада сиқилди. Дарров Қуръонни олиб, Қуръон ўқиб ўтирдим. Қуръон мутоаласи билан бироз вақт ўтказдим. Кейин Измирда ер қимирлаганини эшитдим.

Эшитишим билан, адам ҳам телефон қилдилар, "Тинчмисизлар, яхшимисизлар, Измир қаерда, ишқилиб, сизлардан анча узоқдами?", - деб сўрадилар. Тоғам телефон қилдилар, "Узоқми, неччи километр", - деб. Айтувдим, "Ҳа-аа, бизлардан Бухорогача йўл экан", - дедилар. Улар ҳам хавотир олишди.

Измирдаги аҳволни ўйлаб қолдим. Дарров зилзиладан видеолар ҳам чиқишни бошлади. Битта уй бирпасда тўкилиб тушган экан. Кўриб, жудаям даҳшатга тушдим, тўғриси. Яхшиям кечаси бўлмабди, дедим. Кундузи барибир кўплар ишда, кўчада бўлади, бор бўлса, талафотлар ҳам камроқ бўлади, деб ўйладим", - дейди у.

Нафисанинг айтишича, шундан сўнг, интернет орқали Измирда ўзи билган таниш-билишларидан ҳол-аҳвол сўрашга тушиб кетган. Уларнинг соғ-омонликларидан хабар топган. Аммо измирлик араб тили муаллимларининг уйи вайрон бўлгани, шу сабаб, дарсга кела олмаслигини эшитиб, қаттиқ таъсирланган. "Ишқилиб, ортда қолган бўлсин", - дейди у.

Анчадан бери Истанбулда ҳам шунақа ер қимирлаши кутилаётгани айтилади. Бу ерда ҳам ер қимирласа, нима бўларкин, деб ўйладим.

Ер қимирлаганда, аҳвол қандай бўлади, деб ўзимча ҳужжатларни тахлаб қўйганман.

"Жонни асровчи учбурчак", деб ҳар хил расмлар ҳам чиқди. Илгари зилзила бўлган пайтда, "столнинг тагига кир", деб ўргатишарди. Ўша расмларни кўргач, бу хато экан, деб ўйладим.

Иложи бўлса, шу диванларнинг ёнига ўтириб, девор тушсаям, учбурчак ҳолатда тушади, ўша ерда бўшлиқ бўлади, ўша ерни мўлжаллаш керак экан, деб ўйлаб қўйдим.

Ортда қолгани рост бўлсин, бунақа талафотлар бўлмасин. Аллоҳнинг ўзи ҳаммамизни асрасин".

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek