Янгиланди: Қуръони Карим таржимони Шайх Алоуддин Мансур Тошкентда дафн этилди - O'zbekiston, Qirg'iziston, Islom dini, dunyo, yangiliklar

Сурат манбаси, official
- Author, Шоҳруҳ Соипов,
- Role, Мустақил журналист, Қирғизистон
Янгиланди: Қуръони Карим таржимони Шайх Алоуддин Мансур Тошкентда дафн этилди - таниқли дин олими Тошкентдаги "Шайх Зайниддин" қабристонида тупроққа қўйилди.
Бу ҳақда Би-би-сига ўшлик шогирди Раҳимжон Нишонов маълум қилди.
Интернетда тарқалаётган видеолардан Шайх Алоуддин Мансур жанозасида юзлаб одамлар қатнашганини кўриш мумкин.
Шайхнинг ўлими глобал коронавирус пандемияси билан бир пайтга тўғри келган, аммо тасвирлардан бу ҳам у киши билан видолашиш ниятида бўлган инсонларни ортга қайтара олмагани англашилади.

Сурат манбаси, official
Қирғизистон Mусулмонларининг диний идораси маълумотига кўра, Ўш шаҳрининг қозиси Убайдулло Сарибоев ҳам Шайх Алауддин Мансурнинг дафн маросимига қатнашиш учун Тошкентга борган.
Ўш шаҳрининг қозиси Убайдулло Сарибоев Ўзбекистон муфтийси ва Тошкент қозиси билан учрашиб, Қирғизистон муфтийи ва халқи номидан ҳамдардлик билдирган.
"Шу билан бирга қози марҳум Шайх Алауддин Мансурни мусулмонлар учун қилган буюк ишларини ҳеч ким унутмаслигини айтиб, унинг оиласи, қариндошлари ва дўстларига ўз таъзияларини изҳор этган", дейилади муфтият хабарида.
13 октябрь

Сурат манбаси, islom.uz
Ўзбекистон: Қуръони Карим таржимони Шайх Алоуддин Мансур вафот этди - шайхнинг шогирдига кўра, у киши пойтахт Тошкентда кўз юмган. Вафоти сабаби ҳозирча маълум эмас.
Қуръони Каримни ўзбекчага таржима қилган қорасувлик Шайх Алоуддин Мансур вафот этди.
Бу маълумотни Би-би-си га қирғизистонлик дин уламоси, Қирғизистоннинг собиқ муфтийси Содиқжон қори Камолов - Содиқ қори Камолиддин ҳам тасдиқлади.
Шогирди, ўшлик Раҳимхон Нишоновга кўра, Шайх Алоуддин Мансур Тошкентда вафот этган. Ҳозирча, бундан бошқа маълумотлар хабар қилинмаяпти. У киши 68 ёшда бўлган.
Шайх Алоуддин Мансур таниқли ўзбек уламоларидан.
У 1952 йилда Қирғизистон Республикаси Ўш вилоятининг Қорасув шаҳрида туғилган.
Ўз замонасининг энг кўзга кўринган олимларидан билим олган, таҳсилини маромига етказган.
Олим Қуръони Карим маъноларининг ўзбекча изоҳли таржимасини тайёрлаган.
Унинг таржимаси Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари бошқармаси ўтказган танловда энг яхши, деб топилган.
Китоб 1991-1993 йилларда аввал "Шарқ юлдузи" журналида чоп этилган.
Kейин Ўзбекистондаги "Ғафур Ғулом" ва "Чўлпон" нашриётларида босилган. Бир миллион нусхада чиққан.
Шундан кейин Шайх Алоуддин Мансур 2000 йилда Қорасув шаҳрида "Қуръони каримни ўрганиш илмий маркази"га асос солган.
Қуръони карим маъноларининг рус, туркман, қозоқ ва қирғиз тилларига таржима қилган.
Шайхнинг "Имом Аъзам буюк имомимиз" номли асари ҳам нашр этилган. Китоб Ўзбекистонда босмадан чиққан.
Бундан ташқари, Қирғизистоннинг ўзида ҳам шайх Алоуддин Мансурнинг бир неча жилдли Қуръони азим тафсири дунё юзини кўрган.
Шогирдининг айтишича, aсли қирғизистонлик бўлган "Шайх Алоуддин Мансурнинг жанозаси эртага бомдодда Кўкча масжидида ўқилиб, у Ўзбекистон пойтахти Тошкентда дафн этилади".
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар Кенгаши таниқли уламо Шайх Алоуддин Мансур ҳазратларининг вафоти муносабати билан расман чуқур таъзия изҳор этган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek














