Арманистон-Озарбайжон ва Тоғли Қорабоғ: Можаро катта урушга айланиши хавфи бор - Tog'li Qorabog', O'zbekiston, dunyo, yangiliklar

    • Author, Лоуренс Броерс
    • Role, Жанубий Кавказ бўйича эксперт, Chatham House
  • Ўқилиш вақти: 3 дақ

Арманистон-Озарбайжон ва Тоғли Қорабоғ: Можаро катта урушга айланиши хавфи бор - икки томон ўртасида қақшатқич жанглар тўхтамаса, низога ташқи кучлар аралашиши, Кавказ уруш ичида қолиши мумкин:

Жанубий Кавказдаги талаш ҳудуд - Тоғли Қорабоғ учун Арманистон ва Озарбайжон кучлари ўртасидаги янгиланган қарама-қаршилик ўти алангаланиб боряпти.

Оғир артиллерия, танклар, ракета ва дронлар иштирок этаётган, якшанба куни бошланган тўқнашувларнинг миқёси ва даражаси ўтган йиллардаги вақтинчалик зиддиятлардан ошиб кетди.

Ҳозирги кунгача тинч аҳоли ва арман ҳарбийлари орасида 100 дан ортиқ одам ўлгани тасдиқланди. Озарбайжон ҳарбийлари орасидаги йўқотишлар сонини ошкор қилмаяпти, аммо у ерда ҳам катта йўқотиш бўлганини тахмин қилиш мумкин.

Ҳозирги тўқнашувлар Совет иттифоқи қулагандан кейинги урушда арман кучлари босиб олган Қорабоғ ҳудудини Озарбайжон кучлари қайта эгаллашга уриниши билан бошланди. 1992-94 йилларда юз минглаб этник озарлар ўз жойидан кўчишга мажбур бўлган эди.

Шундан кейинги йилларда муносабатлар таранг бўлди - дипломатик зиддиятлар, ғазабнок нутқлар ва июль ойида ушбу ҳудуд шимолида - Арманистон ва Озарбайжон чегара туманларида тўқнашувлар рўй берди.

Қандай хавфлар бор?

Арманистон ва Озарбайжон кучлари ўртасидаги аввалги тўқнашув бир неча кундан сўнг жиловланган эди. Аммо ҳозирги урушнинг суръатидан кўриш мумкинки, бу сафар осонликча уни тўхтатиб бўлмайди.

Тоғли Қорабоғ ҳудудидаги аҳоли яшовчи туманларга 1990-йиллардан буён биринчи марта ракеталар отилган, бомбаланган. Арманистон ва Озарбайжондаги тинч аҳолига тегишли объектлар нишонга олинган.

Иккала томон ҳам можарони каттартиришга уринаётганга ўхшайди. Озарбайжон Арманистон билан янги музокаралар бошлашни рад қилди. Ва аввалги тўқнашувлардан фарқли ўлароқ, бу сафар Туркиядан кўпроқ дастак олмоқда. Хавф шундаки, узоқ, давомли тўқнашув ташқи кучларнинг аралашувини кенгайтириб, каттароқ минтақавий урушга сабаб бўлиши мумкин.

Туркиянинг роли қандай?

Туркия ўзига яқин туркий давлат ва муҳим геостратегик ҳамкор бўлмиш Озарбайжонга доим дипломатик ва маънавий дастак бериб келган. Июль ойидаги тўқнашувлардан сўнг икки давлат мудофаа бўйича расмийларининг алоқалари кўпайди, қўшма ҳарбий машғулотлар ўтказилди.

Якшанба куни жанглар бошлангач, Туркия халқаро даражада Озарбайжонни ҳеч қандай шартларсиз қўллашини эълон қилди ва афтидан, турли даражада ҳарбий ёрдам юбориб турибди. Туркиянинг ниҳоятда такомиллашган ҳарбий дронлари ҳам юборилгани ҳақида шубҳалар йўқ эмас.

Ереван Анқарани 29 сентябрь куни ўзининг СУ-25 учоғини уриб туширганликда айблади. Анқара эса буни рад этди. Гарчи бу каби даъволар аввал ҳам қилинган ва ёлғон бўлиб чиққан бўлса ҳам, Туркия Озарбайжондаги жанглар учун ёлланма жангариларни Суриядан юбораётгани ҳақида тасдиқланмаган, аммо кўпроқ таъкидланаётган даъво ҳам бор.

Россиянинг роли қандай?

Россия бу тўқнашувда турлича, кўпинча зиддиятли ролларни ўйнаяпти. Икки томонлама алоқалар ва Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилоти орқали Москва Озарбайжонга хавфсизлик кафолатини беради, аммо бу Тоғли Қорабоғ ҳудудидаги жанглар учун тааллуқли эмас. Чунки бу ҳудуд Озарбайжоннинг бир қисми сифатида халқаро тан олинган. Москва ҳар икки томонга ҳам қурол етказиб беради ва тўқнашувда воситачилик қилаётган Минск гуруҳи ҳамраисидир.

Россия сулҳга келишга даъват қилган, аммо аввалги катта тўқнашувлардан фарқли ўлароқ, бу сафар Арманистон ва Озарбайжоннинг сиёсий ёки ҳарбий етакчиларини учрашувга тўплагани йўқ.

Москванинг 2018 йилдан кейин ҳокимиятга келган Арманистон раҳбари Никол Пашинян билан муносабати илиқ эмас ва Ереван бу тўқнашувни имкон қадар ўзи ҳал қилишни исташига шубҳа йўқ. 1990-йиллардаги урушда Тоғли Қорабоғга тинчлик сақловчи кучларини жойлаштиришга Россиянинг имкони бўлмаган эди. Арманистоннинг Москва ёрдами бошқа оқибатларни ҳам келтириб чиқаришидан хавотири унинг Россиядан дастак сўрашда эҳтиёткор бўлишига сабаб бўлади.

Тўқнашувлар Тоғли Қорабоғ ва унинг атрофи билан чекланар экан, Россия нейтралитети сақланади ва унинг бу жанжалга бевосита очиқ аралашуви эҳтимоли йўққа чиқади. Шунга қарамай, бу можарога Туркиянинг кенг аралашуви Россиянинг у ўзиники ҳисоблайдиган минтақадаги етакчилик ролига хавф солиши мумкин ва бу уни чора кўришга мажбур қилади.

Халқаро ҳамжамият қандай муносабат қилди?

Туркияни ҳисобга олмаганда, бошқа минтақавий ва глобал қудратли давлатлар томонларни тийилишга чақирди. Эрон, Грузия ва Қатар музокаралар учун воситачилик қилишга ўз таклифини берди. БМТ Хавфсизик Кенгашининг 29 сентябь куни ўтган йиғилишида Озарбайжон ва Арманистон ўртасидаги воситачилик учун Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг Минск гуруҳи роли таъкидланди. Бу гуруҳга Франция, Россия ва АҚШ раислик қилади.

Аммо дипломатик муносабатларни бошлаш учун халқаро эътибор ва тадбирлар етарли бўлиши осон эмас. Тўқнашувлар глобал пандемия сабабли халқаро ҳамжамият эътибори чалғиган, АҚШдаги сайловлар вақтига тўғри келяпти.

Жараён қандай ривожланиши мумкин?

Озарбайжоннинг ҳудуднинг катта қисмини қайта эгаллаш орқали тез ва ишончли муваффақиятга эришиши ёки Арманистон кучларининг Озарбайжон амалиётларини тўхтатиши сулҳ тузиш учун эшикларни очади, аммо қайси томон кўпроқ ютқазса, ўша томонда нотинчликлар келиб чиқиши мумкин.

Уруш қанчалик узоқ давом этса ва бу давомли жангларда қайси томон ўзининг енгилаётганини кўрса, Россия ва Туркия жиддий танлов қаршисида қолади - урушга аралашиш керакми?

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek