You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Ҳиндистон ва мусулмонлар: Бобур масжидини бузганлар оқланди – O’zbekiston, Islom dini, dunyo, yangiliklar
Ҳиндистон ва мусулмонлар: Бобур масжидини бузганлар оқланди - масжид бузилиши ортидан келиб чиққан зўравонликлар 2000 га яқин кишининг умрига зомин бўлган. Ишни Ҳиндистондаги махсус маҳкама кўриб чиққан.
Қадимий Бобур масжидининг бузилиши билан алоқадорликда бошқарувдаги BJP партиясининг етакчи аъзолари ҳам маҳкамага тортилишган.
Суд Ҳиндистон собиқ Бош вазири муовини ЛК. Адвани, партия лидерлари ММ Жоши ва Ума Бҳартиларни бирдек оқлаган.
Улар маҳкамада сиртдан - видеоанжуман орқали ҳозир бўлишган. Журналистлар ҳам маҳкама биносига киритилишмаган.
Учовлон 1992 йилда Айодҳада оломонни Бобур масжидини вайрон этишга гиж-гижлашда айбланишган.
Аммо улар ўзларига қарши илгари сурилган мазкур айбловларни тан олишмаган.
16-асрда барпо этилган масжиднинг бузилиши Ҳиндистонда кенг кўламли зўравонликларга сабаб бўлган.
Бу тўқнашувларда камида 2000 киши ҳаётдан кўз юмган.
Аммо худди шу воқеалар Ҳиндистонда ўнг қанот - миллатчи BJP партиясининг юксалашида муҳим ўрин тутган.
Тергов
Тергов ишлари федерал агентлик ва мустақил ҳайъат томонидан олиб борилган.
Ҳиндистон Бош вазири Атал Биҳари Важпаини ҳам бу ишга алоқадор кўрган, аммо у 2018 йилда вафот этган.
Тергов ортидан, 1993 йилда жаъми 49 кишига қарши расман айблов илгари сурилган.
Аммо айбланувчиларнинг 17 нафари орада ҳаётдан кўз юмишган.
Бугун, чоршанба куни Ҳиндистон маҳкамаси улар барчасини оқлаган.
Масжид бузилиши олдиндан режаланганини исботлаши мумкин бўлган даражада далиллар йўқлигини айтган.
Бутун Ҳиндистон мусулмонлар шахсий ҳуқуқ кенгаши махсус маҳкама ҳукми юзасидан шикоят қилиб, мамлакат Олий маҳкамасига чиқишини айтган.
Сиёсий кузатувчиларга кўра, маҳкаманинг тарихий ва зиддиятли бу ҳукми Ҳиндистондаги 200 миллион мусулмондаги норозилик ва бегоналашув ҳиссини янада кучайтиришга хизмат қилиши мумкин.
Ўтган ой бошида эса, Айодҳадаги бузилган Бобур масжиди ўрнида бутхона қуриш бошланди.
Янги бутхона пойдеворига кумуш ғиштни шахсан Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Модининг ўзи қўйиб берди.
Ҳиндистон Олий суди ўтган йил 9 ноябрь куни бу ерни бутхона қуриш учун ҳиндуларга бериш тўғрисида ҳукм чиқарганди.
Ҳиндистон - мусулмон аҳолиси сони бўйича дунёдаги иккинчи йирик мамлакат саналади.
Келаси бир неча йилнинг ичида эса, Ҳиндистоннинг Индонезияни ортда қолдириб, дунёдаги энг йирик мусулмон давлатига айланиши мумкин, деган фаразлар ҳам бор.
Бироқ сўнгги йиллари Ҳиндистонда ҳиндулар дини - Ҳиндуизмга устунлик бериш ва бошқа дин вакиллари, хусусан, мусулмонларни таҳқирлаш ёки камситиш ҳоллари кучайгани ҳам айтилади.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek