You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Самарқандлик Мустаҳкам: Болаларимни етим қилмаслик учун 8 йил азобларга чидадим O'zbekiston
Турмуш ўртоғи томонидан аёвсиз калтаклаб келиниб, "памперс" ейишга мажбур қилинган самарқандлик Мустаҳкам Ваҳобова воқеаси бугунги кунда ўзбек жамиятида учраб тургувчи аёлларга нисбатан зўравонлик ҳолатлари ҳамон долзарб масала эканини кўрсатмоқда.
22 август куни ижтимоий тармоқларда бир эркак томонидан аёвсиз калтакланаётган аёл видеоси тарқалган.
Кейинчалик бу аёл самарқандлик 25 яшар Мустаҳкам, уни таҳқирлаётган шахс эса турмуш ўртоғи экани аниқланган.
3 сентябрь куни блогер Ақида Хоним жабрланувчи бўлмиш Мустаҳкам билан жонли эфирга чиққан.
Интервью давомида Мустаҳкам ўзининг бошидан ўтганлари, саккиз йил давомида турмуш ўртоғининг ана шундай жисмоний ва руҳий таҳқирлари остида яшаб келаётгани, ҳатто, ўз жонига қасд қилишга қадар боргани тўғрисида сўзлаб берган.
Мустаҳкамнинг, айниқса, турмуш ўртоғи томонидан жазо сифатида мажбуран болалар таглиги - "памперс" ейишга мажбур қилингани тўғрисидаги ҳикояси жамоатчиликни жунбушга келтирган.
Жамоатчилик фаоллари 25 яшар Мустаҳкам мисолида аёлларга нисбатан жисмоний ва руҳий зўравонлик ўтказиш қанчалик кенг авж олгани ва бундай ҳолатларга чек қўйиш вақти келганини таъкидлаганлар.
Жамоатчилик эътиборига тушган Мустаҳкам эса, ҳозирда, давлат ҳимоясига олинган.
Би-би-си айни вақтда яшаш жойи сир сақланаётган Мустаҳкам билан суҳбатлашишга муваффақ бўлди.
У Би-би-си билан ўзининг бошидан ўтганлари, ўзбек жамиятидаги аёлнинг қадри, аёлларга нисбатан зўравонликлар борасидаги фикрларини ўртоқлашди.
«Умид қилиб яшаётган эдим»
2012 йилда турмуш қурган Мустаҳкам ҳаётидаги азобли кунлар тўйдан ҳеч қанча вақт ўтмай бошланганини айтади.
У яқинларининг қистови билан турмушга чиққани, аммо тўй ҳали бўлмасданоқ, бўлажак турмуш ўртоғининг севгилиси борлигидан хабар топганини ҳақида сўзлайди.
Унинг сўзларига кўра, айнан кўнгилсизлик туфайли турмуш ўртоғи унга ноинсоний муомалада бўлиб келган.
Мустаҳкам бундай ҳаётда яшай олмаслигини анча олдин англаб етгани, аммо икки фарзандининг етим қолишини истамагани учун ҳам бундай азобларга чидаб яшаганини билдиради.
«Ўзим етим ўсганман. Болаларим ҳам отасиз ўсишини хоҳламадим. Катта бўлса, эримнинг ҳам ақли кириб қолар, деган умидда эдим», дейди у.
Мустаҳкам ўзининг калтакланаётгани видеоси тарқалиб кетмаганида бундай ҳаётда ҳали ҳам яшашда давом этаётган бўлишини айтади.
«Агар калтакнинг тагидан тирик чиқмаганимда ҳали ўшандай яшаб юрган бўлар эдим».
"Памперс воқеаси"
Суҳбат давомида Мустаҳкам кўпчиликни даҳшатга солган "памперс" воқеасига айримлар ишончсизлик билан қараб, уни бўлиб ўтган ишлар тафсилотларини бўрттириб кўрсатишда айблаётганини маълум қилди.
У мазкур воқеани яна бир бор сўзлаб беришга қарор қилди.
"2017 йил ноябрида қайинсинглим билан тортишиб қолганмиз. Бундан эрим хабар топган. У уйга келиб, эшикларни қулфлаб, дўппослади. Кейин уйимиздаги кучукнинг ахлатини топиб кел, деди. Мен тополмадим. Кейин ҳожатхонадан ахлат олиб кел, деди. Мен уни ҳам ололмадим".
"Шундай сўнг мусоркадан уч кунлик памперсни топиб олиб келди. Кейин унинг ичини ёриб, буни ейсан, деди. Мен майли хоҳламасангиз кетаман, фақат бундай қилманг, деб йиғладим. У олдин буни ейсан, кейин кетасан, деди", эслайди Мустаҳкам.
Унинг ҳикоя қилишича, турмуш ўртоғи нажосатни жисмонан мажбурлаб едирган ва ҳазм бўлгунча, аёлни икки соат давомида пойлаб ўтирган.
Аёл бунинг оқибатида аҳволи ёмонлашгани ва тез тиббий ёрдам чақириб, ошқозонини ювишларига тўғри келганини қўшимча қилади.
Шунингдек, у ушбу воқеа ҳаётидаги энг оғриқли таҳқир бўлган бўлсада, бунга қадар ҳам озмунча хўрликлар кўргани ҳақида гапиради.
«Эрим доим менга сени қулликка олганман, итликка олганман, дер эди», сўзлайди у.
«Одам ўзини севиши керак экан»
Мустаҳкам бўлиб ўтган воқеалар ортидан ўзи яшашга мажбур бўлган ҳаётига қайта разм сола бошлаганини маълум қилади.
«Аввал сен ўзингни севишни, ҳурмат қилишни ўрганмасанг, бошқалар ҳам сени ҳурмат қилмас экан», дейди у.
«Бизнинг жамиятда қизларга тўйга қадар борган жойингда тошдек қот, эрингнинг уйидагилар айтганидан чиқма, борига ҳам, йўғига ҳам чидаб яша, деб ўргатишади. Кейин ўзбекчиликда қайтиб келган қиз ота-онасини уялтиради, деган гап бор. Шуларни ҳам ўйлаб, чидаб яшаганман», кўзига ёш олади у.
Унинг сўзлашича, жамиятдаги айни қарашлар туфайли ҳам аёллар оиладаги зўравонлик ҳолатлари тўғрисида ўз вақтида тегишли жойларга мурожаат қила олмайди.
Мустаҳкам аёлларга нисбатан зўравонликларга чек қўйишда қизларни болалигидан мустақил шахс сифатида ўстириш муҳим эканини таъкидлайди.
Шунингдек, у зўравон шахсларга нисбатан қонуний чоралар қаттиқлаштирилиши лозимлигини ҳам тилга олади.
«Бизда аёлларнинг ҳуқуқи у қадар таъминланмаган. Хорижда аёлга қўл кўтарса, унга қарши кескин чоралар кўрилади», дейди у.
Мустаҳкам Би-би-си билан суҳбатда келажакдаги режаларини ҳам маълум қилди.
У турмуш ўртоғи билан ярашмаслик аҳдида қатъий эканини таъкидлайди.
«Насиб бўлса, саломатлигимни тиклаб олсам, ишлайман. Ўқишга ҳам кирмоқчиман. Болаларимга ҳам она, ҳам ота бўламан».