Дин ва дунё: Туркия биринчи хоними дунёдаги энг нуфузли ўнта мусулмондан биттаси - Dunyo, Islom dini, Turkiya, yangiliklar

Дин ва дунё: Эмине Эрдўған дунёдаги энг нуфузли ўнта мусулмондан биттаси - Халқаро Тинчлик ва тараққиёт институти худди шу каби хулосага келди. Туркия биринчи хонимини дунёнинг энг нуфузли ўнта мусулмони рўйхатига киритди.

Марказ Туркия президенти Режеп Таййип Эрдўғаннинг аёли номзодини бу йилги Халқаро Тинчлик мукофоти учун илгари сурди.

Бу ҳақда Туркиянинг "Анадолу" ахборот агентлиги ёзмоқда.

Мазкур мукофот дунёдаги турли соҳаларда хизмат кўрсатган ўнта мусулмонга берилади.

Эмине Эрдўған АҚШ лик муслима конгрессмен Илҳан Омар ва Баҳрайн Хотин-қизлар Кенгаши раиси билан бирга бу рўйхатга тушган бор-йўғи учта аёлдан биттаси бўлган, янгилик сарлавҳаларга чиққан.

Ўнталикдаги қолган номзодлар орасида Малайзия собиқ Бош вазири Махатхир Муҳаммад, Бутунжаҳон Мусулмонлар лигаси Бош котиби Муҳаммад бин Абдулкарим ал-Исса, Буюк Британия лордлар Палатаси аъзоси Назир Аҳмадлар ҳам кўзга ташланишган.

INSPAD президенти Муҳаммад Тоҳир Табассумнинг айтишича, Туркиянинг биринчи хоними ижтимоий соҳани ривожлантиришга қўшган улкан ҳиссаси билан ўз эътиборларини тортган.

"Эмине Эрдўған, айниқса, хотин-қизлар ҳақ-ҳуқуқлари, имкониятлари, теварак-атроф муҳофазаси, маданият, санъат ривожи ва ижтимоий саводхонликни кучайтириш йўлида кўп иш қилган".

Халқаро Тинчлик ва тараққиёт институти бир вақтнинг ўзида ҳам Покистон ва ҳам Бельгияда фаолият олиб боради.

Марказ бутун дунё бўйлаб ўзининг 5000 нафар тинчлик элчиси ва 12000 дан ортиқ аъзосига эга халқаро ташкилот саналади.

Президент Эрдўған ва аёллар масаласи

Туркия президентининг хотин-қизлар масаласи бўйича сиёсати, йилларки, қарама-қарши муносабат ва баҳоларга сабаб бўлиб келади.

Ёқловчи томонга кўра, бундан 15-20 йил олдин Туркияда университетларда ўқиган, ижтимоий секторда ишлаган аёллар жуда кам бўлган.

Давлат идораларида аёлларнинг рўмолда ишлашларига рухсат бўлмаган.

Президент Эрдоған қудратга келиши ортидан, "турк аёллари ҳаёти юз фоиз яхши томонга ўзгаряпти, яхшиланаяпти, енгиллашаяпти".

"Уларда катта орзу-ҳаваслар ва умидлар пайдо бўлаяпти".

Баъзи инсон ҳуқуқлари гуруҳлари эса, бунга тамом тескари хулосада.

Уларга кўра, президент Режеп Таййип Эрдўған бошқаруви даврида аёлларга нисбатан маиший зўравонлик ҳоллари кескин ошган.

2014 йили илк бор Туркия президенти этиб сайланганида эса, Эрдўған буни Туркиянинг қонаб турган очиқ яраси, деб айтган ва бу иллатни йўқ қилиш учун янги ҳаракатларни бошлашга ваъда берганди.

Бироқ орада Туркия президентининг "аёллар эркакларга тенг эканликларига ишонмаслиги" ва "аёл тақдирини Худо белгилаб қўйгани", уларни эркаклар ҳимоя қилиш кераклигига оид сўзлари озмунча баҳсу мунозараларга сабаб бўлмаган.

Аёллар, "биз ҳеч кимнинг моли эмасмиз, биз инсонлармиз ва ўз ҳақ-ҳуқуқларимизга эгамиз", дея унинг бу сўзларига ўз норозиликларини изҳор этишганди.

Эрдўған бошқаруви даврида Туркияда Аёллар ва Оила вазирлиги Оила ва Ижтимоий сиёсат вазирлигига ўзгарган.

Бу ҳам фаолларнинг, "Аёллар ўз ҳуқуқларини алоҳида урғулаётган гуруҳдан ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлганларидан бирига айлангани"га оид танқидларига замин яратмай қолмаганди.

Президент Эрдўған орада туғилишни назорат қилишга ҳам қарши чиққан.

Туркия раҳбари аёлларни авлоднинг давомийлигини таъминловчи куч, дейди.

"Аёл биринчи навбатда она ролини бажариши керак ва шунинг учун ҳам у миллатни кўпайтириш масъулиятига эга" эканлигини таъкидлайди.

Бундан бир неча йил аввал Туркия биринчи хонимининг, "Усмонийлар салтанати давридаги ҳарамлар Туркия тарихида ижобий роль ўйнагани, мамлакат аёллари ва салтанат вакиллари учун ўзига хос ҳаёт мактаби вазифасини ўтаган"и ҳақидаги гаплари ҳам жаҳон оммавий- ахборот воситалари эътиборига тушган.

Кибер фазода ҳам бир хилда қарши олинмаган, қизғин муҳокамаларга сабаб бўлганди.

Эмине Эрдўған сўнгги бор Ўзбекистонга 2018 йилнинг май ойида келган, давлат ташрифи чоғида президент Режеп Таййип Эрдўғанга ҳамроҳлик қилган.

Ўзбекистон биринчи хоними билан мулоқотда бўлган, биргаликда Бухорога ташриф буюриб, Хўжа Баҳоуддин Нақшбанд мақбарасига боришган, зиёрат қилишган.

Ўзбекистон президенти ва биринчи хоними эса, шу йил февраль ойида расмий ташриф билан Туркияда бўлиб қайтишганди.

Ҳозирча бирор бир Марказий Осиё давлати биринчи хоними номзоди бу мукофотга илгари сурилмаган, бу рўйхатга тушмаган.

Туркия президенти Режеп Таййип Эрдўғаннинг ўзи эса, энг нуфузли халқаро рейтингларда ҳар йил дунёнинг энг қудратли мусулмонлари ўнлигидан жой олиб келади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek