You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Сиз танланг: Қайси ўзбек куй ва ашуласини Жаҳон Мусиқаси рўйхатига киритасиз? Ўзбекистон O'zbekiston
Энг сара ўзбек ашуласи ва куйини Би-би-си Жаҳон Мусиқаси рўйхатига киритиш учун сиздан ёрдам керак.
Тасаввур қилинг, сиз севган ўзбек мусиқаси жаҳон рўйхатидан жой олиши мумкин.
Сиз ёки ота-онангиз ардоқлаган оҳанг ё қўшиқ қайси?
Овоз бериш жуда оддий ва осон.
Ҳаммаси қисқа видео лавҳамизда тушунтирилган?
Электрон почта манзилимиз: [email protected]
Ўзбекистонда барча қариялар ҳам саҳнада рақс тушмайдилар ёки ҳатто "Тановор" куйига қўл ташлашга ҳам ийманадилар.
Аслида қандай бўлиши керак?
Кекса ота-онангиз ёки буви-бобонгиз ёшлигини эслаб рақс тушишса ё ашула айтишса, танқид қилманг, аксинча, хурсанд бўлинг.
Нега дейсизми? Чунки уларнинг хотираси тирик.
Ўзбекистон оҳанглари
Биз Ўзбекистондаги энг сара 50та куй ва қўшиқни танлаб, Би-би-си Жаҳон Мусиқаси рўйхатига қўшиш ниятидамиз.
Шу боис, ҳатто 50тагача куй ва ашулани ёзиб юбора оласиз.
Аммо бир хонанда ёки бастакор номини юбориш етарли эмас.
Балки айни санъаткорнинг айнан қайси ашуласи ёки мусиқасини рўйхатга қўшишни истасангиз, унинг номини кўрсатишингиз керак.
Айни пайтда, турфа даврларда турли санъаткорлар ижро этган халқ ашулалари ёки мумтоз санъат асарлари номини ёзишнинг ўзи кифоя.
Дейлик, Лазги, Мустаҳзод ёки Дилхирож, деб кўрсата оласиз.
Мабодо, ушбу мусиқа ёки қўшиқларни айнан бирон санъаткор ижросида севиб тингласангиз, у ҳолатда санъаткор исмини ҳам қўшинг.
Истасангиз, замонавий хонандалар, истасангиз марҳум санъаткорлар ижросидаги куй ва қўшиқни кўрсатинг.
Сизнинг танловингиз эстрада ашуласими, мумтоз мақом ё фольклор намунасими ёхуд ҳеч ким билмаган оҳангми - фарқ қилмайди.
Қалбингизни забт этган бўлса, шу етарли.
Танловдан мақсад нима?
Ушбу танлов Би-би-си иш олиб борадиган барча тиллардаги аҳоли яшовчи мамлакатларни ўз ичига қамраб олади.
Айни тадбир 21 сентябрь Альцгеймер кунига атаб ташкил этилмоқда.
Маълумки, хотира заифлашуви билан кечадиган айни касалликка кўпроқ кексалар чалинадилар.
Уларда хотира сусаяди ва ҳатто ўз фарзандларини танимаслиги, ҳар тонг ўзининг кимлигини билмай уйғониши мумкин.
Бу дегани - қариялар хотираларидан жудо бўлишади.
Мазкур ҳолат инсонни жуда ёмон аҳволга соладиган фожиадир.
Мусиқа эса инсон ақлини ҳамда хотирасини чархлашда ёрдам бериши мумкин.
Инсон ёшликда севган куй-қўшиқларини севиб эшитса, унинг ёшлик хотиралари ҳам тирик бўлади.
Хуллас, ушбу танловдан мақсад - нафақат сиз севган мусиқани танлаш, балки ота-оналаримиз ва буви-боболаримиз хотирасини уйғотган ва жонлантирган ўзбек мусиқаларини ҳам излаб топиш.
Ўзбекистон мусиқасини дунёга танитинг
Ўзбекистон мусиқаси Марказий Осиёда машҳур ва таниқли.
Этнопоп ва эстрада йўналишидаги оҳанглар эса собиқ Совет Иттифоқида ҳам ном қозонган.
Айрим хонандалар бугун дунё аудиториясига ҳам чиқишмоқда.
Аммо бу ҳали Ўзбекистон санъатини дунёга тўлиқ ва яқиндан танитиш учун етарли эмас.
Кўплаб ўзбек мусиқаси намуналари эса дунё мусиқий фондидан муносиб ўрин эгаллашга ҳақли.
Шу сабабли Би-би-си Ўзбек Хизмати ҳам Ўзбекистондаги 50та энг сара, севимли ва машҳур мусиқани, куй ҳамда ашулани топиб, Би-би-си Жаҳон Мусиқаси рўйхатига киритишга жазм этди.
Бироқ бу ишни Сизнинг ёрдамингиз, танловингиз ва овозингиз бўлмаса, амалга ошириш имконсиз.
Шундай экан, овоз беринг: Сиз севган куй ёки ашула қайси?
Балки сиз замонавий ашулаларини севарсиз, балки фольклор жон-дилингиздир.
Эҳтимол, буткул ноанъанавий жанрга хос ўзбек мусиқасини танларсиз.
Бу ҳам сизнинг ҳуқуқингиз ва биз барчасини қабул қиламиз.
Шошилинг, 21 Сентябрь Альцгеймер кунигача бизга сиз энг зўр, деб билган ўзбек мусиқаси ёки ашуласини ёзиб юборинг.
Сиздан ашула ёки куй номларини кутиб қоламиз.
Би-би-си Ўзбек Хизмати ижтимоий тармоқлардаги каналларида электрон почтамизга ҳам ёзишингиз мумкин.
Электрон почта манзилимиз: [email protected]
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek