Ўзбекистон, расман: Россия-Қозоғистон чегарасидагилар қайтарилмоқда - O'zbekiston, koronavirus

Ўқилиш вақти: 4 дақ

Ўзбекистон, расман: Россия-Қозоғистон чегарасидагилар қайтарилмоқда - ортга қайтишларини кутиб, йўл чеккасида қуриган шох-шаббалардан ясалган чодирларда яшаб келаётган ўзбекистонликлар тақдири шу кунларда минтақавий нашрлар диққат-эътиборидаги мавзулардан бирига айланган.

Чегарадагилар орада "амалий ёрдам бериши"ни сўраб, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевга ҳам қайта-қайта видеомурожаат билан чиқишган.

Чегарада қолаётган сўнгги ўзбекистонликларнинг ҳам ортга қайтарилаётганига оид расмий хабар президент Мирзиёевнинг бу ҳақдаги ваъдасидан қарийб бир ой ўтиб олинган.

Коронавирус: Шавкат Мирзиёев огоҳлантирди, аммо яхши хабар бор - Ўзбекистон, дунё - видео

Ўзбекистон раҳбари бу масалага ҳали ўтган ой бошида, Россия-Қозоғистон чегарасида тўпланаётган ўзбекистонликлар сони икки минг кишидан ортган бир пайтда шахсан ўзи эътибор қаратган.

"Чегарадагилар албатта қайтарилиши"ни айтган.

8 июль куни "Чегаралар, айниқса, Қозоғистон ва Россия чегарасида бўлган фуқароларини тизим ва тартиб билан олиб келишга топшириқ бергани"ни айтган.

Орадан бир ҳафта ўтиб, Ўзбекистонга чегарага поезд юборган.

Учта рейс орқали Самара ва Оренбургдан 2106 нафар фуқаросини ортга қайтарган.

Аммо, бунинг ортидан ҳам, яна юзлабининг кетолмай қолгани кўрилган.

Ўнлаби поездга билет ололмаган, бошқалари эса, рўйхатга янгитдан келиб қўшилган.

Қолаётганлар орасида ҳомиладор аёллар, ёш болалар, кексалар ва хасталарнинг ҳам борликлари аён бўлган.

Улар орада Би-би-си Ўзбек хизмати билан суҳбатларида, "Вазиятни ҳеч ким назорат этмаётгани"дан шикоят этишган.

Ҳафталарки, очиқ далада яшаб, Ўзбекистонга қайтишни кутишаркан, ораларида қаттиқ стрессга тушиб, тоби қочиб қолганларнинг ҳам борлигини айтишган.

Тиббий ёрдамга имконият йўқлиги, ўзларига сув таъминоти тўхтатилгани, тез кунда яшаб турган палаткалари йиғиштириб олинишидан ҳам шикоят қилишган.

Би-би-си юзага келган вазият бўйича Ўзбекистоннинг Россиядаги расмий вакилларидан изоҳ олишга уринган, аммо бунга муваффақ бўлмаганди.

Уларнинг қулбола чодирлар ва "оғир шароит"даги ҳаётлари шу кунларда минтақавийси қолиб, Ўзбекистоннинг ўзидаги қатор етакчи интернет нашрлари томонидан ҳам ёритилган.

Кеча, 6 август куни пойтахт Тошкентдан олинган хабар уларнинг тақдирига ойдинлик киритган.

"Ўзбекистон темир йўллари" чегарадаги ўзбекистонликларни йўловчи поездлари орқали олиб келиш жараёни бошлангани ҳақида расман маълум қилган.

Ҳиссадорлик жамиятига кўра, жараён Республика махсус комиссияси, Россия ва Қозогистон томони билан келишув асосида амалга ошмоқда.

Расмий хабарда айтилишича, Бузулук - Тошкент йўналишидаги поезд 918 нафар йўловчи билан кеча, 6 август куни тунда Ўзбекистон томон йўлга чиққан.

Кинел - Тошкент йўналишидаги поезд эса, 7 август куни эрталаб 918 нафар йўловчилар билан тушдан сўнг ортга ҳаракатланишни бошлайди.

Маълум бўлишича, ушбу рейс чипталари фақат Ўзбекистон Республикаси фуқаролари учун Бузулук ва Кинел станцияларида сотилган.

Бузулук - Тошкент йўналишидаги чипталар нархи 1.287.000 сўм (9.259 рубл), Кинел - Тошкент - 1.357.000 сўм (9.761 рубл)ни ташкил этган.

Поездлар Ўзбекистон Миллий гвардияси, Ички ишлар вазирлиги ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги ходимлари кузатуви остида олиб келинади.

Ушбу рейсларда қайтарилган йўловчилар поездлардан тушишлари биланоқ Наманган ва Тошкент вилоятларининг карантин зоналарига юборилади.

Шу ўринда ҳиссадорлик жамияти ижтимоий тармоқлар ва интернет сайтларида мазкур йўналишда ташкил этилган поездларга чипталар турли хил коррупцион схемалар орқали сотилиш ҳолатлари кузатилаётгани тўғрисидаги чиқишларни "асоссиз хабарлар", деб ҳам атаган.

Транспорт вазирлиги йўловчилардан борди-ю чипталарни ҳарид қилиш вақтида ноқонуний хатти-ҳаракатлар содир этилиши билан боғлиқ вазиятларга дуч келган тақдирда, вазирликнинг 1167 қисқа рақамли ишонч телефонига, шунингдек, "Ўзбекистон темир йўллари" АЖнинг (71) 299-94-50 ишонч телефонига мурожаат этишларини сўраб қолган.

Россия дунёнинг энг кўп - миллионлаб сондаги Ўзбекистон фуқаролари турли иш, юмуш ва таҳсилда банд давлати бўлади.

Глобал коронавирус пандемияси боис эса, уларнинг аксарияти оғир аҳволда қолган, ўз ишларини йўқотган, даромадларидан мосуво қолган ва қандай бўлмасин, уйга қайтиш истагида.

Озмунча эмасликлари айтилган коронавирус юқтирганларининг рисоладагидек тиббий муолажага имконсиз аҳволда эканликлари эса, маҳаллий фаолларнинг жиддий хавотирларига молик воқеъликка айланган.

Уларнинг аҳволига яқинда Халқаро Миграция ташкилоти ҳам эътибор қаратган, жадаллик билан ёрдам кўрсатилмаса, бунинг оқибатлари жиддий бўлиши эҳтимолидан огоҳлантирган.

Ҳам минтақа ҳукуматлари ва ҳам муҳожирларнинг ўзларига ҳар томонлама кўмак зарурлигини таъкидлаганди.

Юзлаб ўзбекистонлик мигрантларнинг худди шу мақсадда Россия ва Қозоғистон чегарасига йўл солишаётгани эса, илк бор кузатилаётгани йўқ.

Бундан аввалги ҳар икки ҳолатда эса, муаммо ўзининг ижобий ечимини топган, чегарадагилар Ўзбекистонга ўтишга муваффақ бўлишган.

Аммо расмий Тошкентнинг "ҳозирги яшаш жойларида қолиб, карантин чораларига қатъий риоя қилишларини сўраб" қилган такрорий огоҳлантиришлари ҳам, афтидан, уларни бу каби режаларидан ортга қайтара олмаётир.

Воқеаларнинг бу каби ривожи Ўзбекистон Россияда бўлган фуқароларини ҳам ортга қайтариш илинжида чартер рейсларини қайта тиклаган бир манзарада рўй берган.

Лекин чартер рейслари билетлари баҳоси, сотуви ва ташкилий жиҳатлари мигрантлар қолиб, ҳатто, Россиядаги улар ҳуқуқларини ҳимоя этиш билан шуғулланиб келаётган айрим ҳуқуқшунос ва фаолларнинг ҳам жиддий хавотирларига сабаб воқеъликка айлангани кўрилган.

Куни-кеча ортга қайтиш илинжида Россия-Қозоғистон чегараси атрофида қолаётган ўзбекистонликларнинг яна ҳуқуқ-тартибот ходимлари билан тўқнашишганига оид хабарлар ҳам олинган.

Хабарларга кўра, улар Оренбург орқали ўзбошимчалик билан чегарани кесиб ўтмоқчи бўлишган.

Аммо Россия Гвардияси вакиллари вазиятни тезда тинчитишга муваффақ бўлишгани маълум бўлганди.

Сўнгги ойларда эса, Москвадаги мухбиримизга кўра, Россия-Ўзбекистон орасида қатновчи ўзбекистонлик такси ҳайдовчилари чегара постларига ватанга қайтмоқчи бўлган муҳожирларни йиғиб йўлга чиқиши кўпайиб бораяпти.

Унинг айтишича, афтидан, такси ҳайдовчилари ҳам, ўзбекистонлик мигрантлар ҳам чегара олдига тўпланиб, бир-икки ҳафта қийинчилик эвазига бўлса ҳам далада яшаб турилса, Ўзбекистон ҳукумати уларни олиб кетиши ёки транзит чегарани очишни ташкиллаштиришда кўмаклашишига умид боғлашган.

Ўзбекистон ва Қозоғистонда глобал коронавирус пандемияси боис, ҳозир яна кучайтирилган карантин тартиби амалда.

Россия эса, ҳануз карантин чораларини босқичма-босқич юмшатишда давом этмоқда.

Аммо, чегаралар, ойларки, ёпиқлигича қолмоқда.

Қатновлар ҳам ҳалича тўлиқ тикланмаган ва аниқ қачон қайта йўлга қўйилиши ҳануз номаълумлигича қолмоқда.

Россия ва Қозоғистон коронавирус энг кўп тарқалган собиқ Шўро давлатлари бўлишади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek