Россия, мигрантлар: Имомнинг депорт қилиниши, оммавий муштлашув ва узоқ кутилган поездлар - Ўзбекистон O'zbekiston

Муҳожир имом жамоат намози учун депорт қилинди

13 июл куни Тула шаҳридаги меҳнат муҳожирлари жойлашган ётоқхонада жамоат намози ўтказганлиги учун тожикистонлик имомга 30 минг рубль (424 доллар) миқдорида жарима солинди. Шунингдек, суд имомни Россиядан бадарға қилиш тўғрисида қарор чиқарган.

«Сова» ҳуқуқ ҳимояси марказининг маълум қилишича, имомнинг хонасидаги жамоат намозида 15 муҳожир иштирок этган.

Маҳаллий нашрларнинг ёзишича, 27 ёшли имом ўз хонасини ибодатхонага айлантирган. Деворга парда билан тўсган, токчага намоз вақтлари соати қўйилган. Қўлбола жавонларга эса диний китоблар терилган, ерга жойнамозлар тўшалган.

Имомлик қилувчи муҳожир ётоқхона яшовчи Марказий осиёлик мигрантларни йиғиб, ўз хонасида доимий равишда жамоат намозларида ўқишган. Россия қонунчилигига кўра, юқори диний идораларнинг рухсатисиз ибодат учун тўпланиш, яшаш жойини ибодатхонага айлантириш тақиқланади, дейилади маҳаллий нашр хабарида.

Полиция бу жамоат намозига чек қўйиб, имомнинг 10 га яқин диний йўналишдаги китоб ва тўпламларини олиб қўйган, бу ҳаракатлар учун ишни судга оширган.

Тула суди жамоат намози маҳаллий муфтият розилиги билан ўтказилмагани учун бу ҳаракатни ноқонуний миссионерлик фаолияти деб топган ва 27 ёшли тожикистонлик имомни жарима ва Россиядан чиқариб юборишга ҳукм қилган.

Тула шаҳри бош имоми Ришад Давидов бу вазият бўйича матбуотга изоҳ берган.

- «Агарда улар (жамоат) расмий бўлганида бу ҳолат юз бермасди. Ташкилотчилар мен билан боғланиб, барча масалаларда маслаҳатлашганида уларга тўғри ҳаракат қилишни тушунтирган бўлардим. Туладаги мусулмонлар дин борасида билимларга эга. Норасмий жамоатлар инсонларни адашишларга етаклашини истамаймиз, - дейди шаҳар бош имоми.

Иш ҳақи учун навбатдаги жанжал

14 июль куни Москванинг Балаклавский проспектидаги қурилиш майдонида Марказий осиёлик меҳнат муҳожирлари орасида оммавий муштлашув бўлди. Ҳодисага гувоҳ бўлган маҳаллий аҳоли вакиллари полицияга хабар қилишган.

- «Оломон қўлларида ғишт ва таёқлар билан автомобиллар тураргоҳидаги машиналарни уришди ва кейин қочишди, - дейди гувоҳлар маҳаллий матбуотга.

Гувоҳлар олган видеотасвирларда ўнлаб одамлар бир-бирлари билан ўзаро калтаклашаётганликлари кўринади.

Воқеа жойига полиция ва ОМОН ходимлари етиб борган.

РФ ИИВ матбуот хизматининг билдиришича, Шимолий Чертаново райони ишчиларининг жанжаллари молиявий масала билан боғлиқ: уларга иш ҳақи тўланмаган. 20 яқин мигрантлар қатнашган можаро оқибатида 2 киши жароҳатланган, бири тиббиёт масканига юборилган.

Маълумотда таъкидланишича, оммавий муштлашув иштирокчиларининг ҳеч бири полицияга даъво аризасини ёзмаган.

Поездда олиб кетилади, аммо қачон?

Россия - Қозоғистон чегараси атрофида тўпланган муҳожирлар қарийб бир ойдирки, йўл ёқасидаги очиқ далада яшашмоқда. Ўзбекистон расмийлари уларни поездларда олиб келиш чоралари кўрилаётганини билдирмоқда.

«Россиядаги Ўзбекистон фуқароларини поездлар орқали ҳам олиб келишни бошлаш кутилмоқда. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев 14 июль кунги видеоселектор йиғилишида айтиб ўтди», - деб ёзди Миграция агентлиги матбуот котиби Телеграм канали.

Бу хабар Ўзбекистон президентининг сўнгги хафта давомида иккинчи бора мавзуга тўхталганлигини билдиради.

Айни пайтда чегара атрофига йиғилган Ўзбекистон фуқаролари кўпайиб бораётгани айтилади. Мигрантлар орасида кекса ёшлилар, ёш болалар ва ҳомиладор аёллар ҳам бор.

Ўзбекистонликлар қарийб бир ойдан буён оғир шароитда ватанга қайтишни кутишмоқда.

Ўзбекистон президентига ёрдам сўраб ёзилган ўнлаб видеотасвирлари ижтимоий тармоқларда кенг тарқалган.

«Қозоғистон, Россия чегарасида турган жуда кўп фуқароларимизни олиб келдик. Келганларни ҳамма карантин нормаларига эътибор қилиб жойлаштиряпмиз. Россиядаги фуқароларимиз билан ҳам мулоқотда бўлиб, биринчи марта темир йўл билан иложи борича тезроқ ватанимизга олиб келиш чораларини кўряпмиз», - Президентдан иқтибос келтиради Телеграм канал.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Россиядан хабарларни йўллаш учун BBCUZBEK.COM нинг Москвадаги мухбири телефон рақами: +7 968 577 57 84 Telegram.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 рақами билан боғланинг.