You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Ўзбек-тожик чегарасидаги ҳужумчилар мақсади Ўзбекистон эдими?
Ўзбек-тожик чегарасидаги "Ишқобод" заставасига қилинган қуролли ҳужумда айбланган етти киши 2 йилдан 27 йилгача озодликдан маҳрум этилган.
Бу борада Тожикистон ҳарбий прокурори Икром Зоирзода маълумот бермоқда.
Лекин маҳкумларнинг шахсияти очиқланмаган. Суд маҳкамаси ёпиқ тарзда ўтган.
Ҳужум қандай юз берган?
Ўзбек-тожик чегараси яқинидаги заставага қуролли ҳужум 2019 йилнинг 6 ноябрида ярим тун пайти амалга оширилган.
Худди шу куни Тожикистонда Конституция байрами эди.
Тожик расмийлари берган дастлабки расмий хабарда ҳужум пайтида бир нафар чегарачи ва яна бир милиция ходими ҳалок бўлгани айтилганди.
Шу хабарга кўра, ҳужумда 20 нафар киши иштирок этган, уларнинг 15 нафари қуролли отишма пайтида ўлдирилган, 5 нафари қўлга олинган.
Қўлга олинганларнинг уч нафари аёллар деб айтилтган.
Ҳужум террорчилик амали, деб баҳоланган.
Тожикистон расмийлари ҳужумчиларнинг қўшни Афғонистоннинг Қундуз вилоятидан, Қалъаи Зол уездидан ўтиб келишганини иддао қилишганди.
Улар Тожикистоннинг Қабодиён туманида тунги пайтда чегарани бузиб ӯтганликлари учун, чегарачилар сезмай қолишгани айтилган.
Афғонистон Ҳукумати ҳужумчиларнинг ўз ҳудудидан ўтиб боришганини инкор этганди.
Айни пайтда, Афғонистон томони террорчилар ӯтган, деб гумон қилинаётган ердаги чегара улар томонидан қаттиқ қӯриқланишини иддао этишган.
ИШИД ишими?
Кўп ўтмай, бу ҳужумни ИШИД гуруҳи ўз зиммасига олганди.
Лекин бирмунча вақт ўтиб, ушбу чегара заставасига қилинган ҳужум борасида бошқача маълумотлар ўртага чиқди.
Аввалига орадан уч кун ӯтмасдан террорчилик ҳужумида ҳалок бӯлган чегарачилар сони кӯпроқ эканлиги маълум бӯлди.
Оммавий ахборот воситаларида биргина Суғд вилоятидан бўлган уч чегарачининг тупроққа топширилгани борасидаги хабарлар пайдо бӯлди.
Уларнинг бири Конибодом шаҳрида туғилган офицер, қолган икки нафари Панжакент шаҳри ва Бобожон Ғафуров туманида ҳарбий хизматга чақирилган аскарлар бӯлган.
Бу ҳарбийлар ўзлари туғилган жойларда тупроққа топширилган.
Улардан ташқари мамлакатнинг жанубида яшаган бошқа бир чегарачининг ҳужумда ҳалок бӯлгани ҳам айтилди.
Шу асно, ҳаммаси бӯлиб 5 нафар чегарачи, бир милиция ходими ҳалок бӯлгани маълум бўлди.
Тўрт яшар ҳужумчи?
Ижтимоий тармоқдан фойдаланувчилар эса, Тожикистоннинг расмий сайтида берилган суратлардан бири синчиклаб кӯрилганда, ҳалок бӯлган ҳужумчининг қӯлида кишан борлигига эътибор беришган.
Улар ӯлдирилган ҳужумчининг қӯли кишанланганини савол остига олишган.
Ижтимоий тармоқнинг бошқа фойдаланувчилари эса, ҳужумда қатнашган, деб айтилаётган аёллар уй шиппагида эканлигининг ӯзиёқ савол туғдиради, дейишган.
Орадан кӯп ӯтмай расмий сайтдаги суратлар олиб ташланган.
Аммо уч ҳафта ўтар-ўтмай ҳужумчилар сони ҳақида янги маълумот сизиб чиққан.
Тожикистон миллий хавфсизлик хизмати ходимларидан бири оила масалаларига қаратилган анжуманда гапираркан, ҳужумда 13 нафар вояга етмаган бола ҳам иштирок этганини айтган.
Хавфсизлик мулозимига кӯра мазкур ҳужумда 9 эркак, 11 аёл ва 13 нафар тӯрт ёшдан ӯн беш ёшгача бўлган болалар қатнашган.
Гарчи ҳужумчиларнинг бири ӯн беш ёшли бола эканлиги айтилган бӯлса-да, лекин қолган болаларнинг бу ҳужумдаги вазифаси, айниқса, тӯрт ёшли боланинг нега ярим тунда террорчилар сафида бӯлганлиги очиқланмаган.
Хавфсизлик хизмати ходими ҳужумчиларнинг ҳаммаси Суғд вилоятидан эканлиги, улар ӯзига тӯқ оилалардан бӯлганликларини айтган.
У террорчилар гуруҳи раҳбари - Шуҳрат Ғафуровнинг бойлиги миллион сомоний (юз минг АҚШ долларидан кӯпроқ) баҳоланганини айтган.
Кузатувчиларга кӯра, ҳужумчиларнинг аксарияти Душанбе ва Хӯжанд яқинидаги бозорларда савдо қилишган.
Хавфсизлик хизмати ходимига кӯра, ҳужумчилар ҳужумдан бир ой олдин Душанбега келишган ва бир уйда ӯттиз киши яшаган.
У милиция нозири ва коммунал хизмат вакили бу ҳақда билган бӯлсалар-да, зарур эътибор беришмаганидан ташвиш билдирган.
Коррупция хавотири
Кузатувчиларга кӯра, хавфсизлик ходимининг сўнгги иддаолари аввалги расмий хабарларга зид келади.
"Террорчилик ҳужумининг эртасига террорчилар Афғонистоннинг Зол туманидан ӯтиб келишгани, кейин машиналарда 300 километр масофа босиб ӯтиб, Душанбедан 30 километр наридаги Ишқободга келишгани айтилганди" - деган исмини ошкор этмаслик шарти билан истеъфодаги собиқ ҳарбий хизматчи.
"Гӯё тириклай қӯлга олинган ҳужумчилар 3 ноябр тунида чегарадан ӯтишганини айтишган. Тожикистон ва Афғонистон чегараси узун ва яхши қӯриқланмайдиган мавзелар бор".
"Лекин айнан Қабодиёнда йигирма кишилик гуруҳнинг чегарачилар нигоҳидан четда колиб, чегарадан бемалол ӯтиб кетишларини тасаввур қилиш қийин".
"Энди улар бир ой олдин Тожикистоннинг ӯзидаги Суғд вилоятидан келиб, Душанбеда яшашгани айтилмоқда" - деган истеъфодаги собиқ ҳарбий хизматчи.
Айрим маҳаллий таҳлилчилар Кабодиёндан Душанбегача бўлган 300 километрлик йўлда ҳужумчиларнинг ҳеч ким томонидан тӯхтатилмасдан ва текширилмасдан ӯтиб келишларига ишонишларини айтишади.
Буни улар коррупцияга боғлашади.
"Йўлда тўхтатган ҳар бир ҳуқуқ-тартибот ходимига пул бериб ўтиб кетаверган бўлишлари мумкин" - дейди таҳлилчилардан бири.
Мақсад Ӯзбекистон бўлганми?
Расмийларга кӯра, тергов пайтида «Ишқобод» чегара заставасига ҳужум пайтида қӯлга олинганлар ӯзларининг Тожикистонда тақиқланган Ислом Давлати деб аталаётган террорчилик ташкилотига аъзо эканликларини айтишган.
Ломоносов номли Москва Давлат университетининг Душанбедаги филиали доценти, сиёсатшунос олим Глеб Коваленко фикрича, чегара заставасидаги воқеа мамлакат ичида яшаб, қулай фурсат кутиб турганларнинг ҳужумидир.
"Агар террорчиларнинг ҳаммаси Тожикистонда яшаганликлари ҳисобга олинса, бу шунчаки фараз эмаслигини англаш мумкин.Улар ҳамма ерда, Россия ва Европада ҳам яшириниб, иш кӯришади", деган сиёсатшунос. Террорчилар мамлакат ичкарисида яширин ҳаракат қилиб, истаган нуқталарига етиб боришлари борасида билдириб қӯйишмоқчи бӯлди" - деган Глеб Коваленко.
Жаноб Коваленкога кӯра, Ишқободдаги воқеа Тожикистонни эмас, балки Марказий Осиёдаги барча давлатларни, жумладан, Ӯзбекистонни ҳам ҳушёр торттириши зарур.
Тадқиқотчи фикрича, Ӯзбекистон чегарасига яқин ҳужумдан мақсад террорчилар Ӯзбекистонга ва бутун Марказий Осиёга ӯзларининг борликларини кӯрсатиб қӯймоқчи бӯлишган.
Тожикистонлик Марказий Осиё бӯйича таҳлилчи Худойберди Холиқназар қуроллилар аслида Ӯзбекистонга ӯтиб кетмоқчи бӯлиб, чегара заставасига ҳужум қилишган, деган.
Унинг фикрича, Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Тошкентдаги йиғилиши арафасида Ӯзбекистонда террорчилик амалига қӯл урмоқчи бӯлишган.
У бу фикрини Халқаро мунозара клубининг Осиё конференциясида билдирган.
"Тергов пайтида террорчилар «Ислом давлати» гуруҳининг янги халифасига қасам ичишгани ва ӯзларини унинг ғояларига содиқлигини кӯрсатиб қӯймоқчи бӯлишганини айтишган" - деган Худойберди Холиқназар.
Лекин бошқа таҳлилчилар унинг фикрига қӯшилмаётирлар.
"Агар Ӯзбекистон чегаралари қаттиқ қӯриқланиши ҳисобга олинса, йигирма кишилик катта гуруҳнинг яна ӯн учта бола билан қӯшни мамлакатга ӯтишга уринишини ақлга сиғдириш қийин" - деган истеъфодаги ҳарбий зобит.
Айни пайтда Россия Федерацияси Ташқи ишлар вазири муовини Игорь Моргулов тожик-ӯзбек чегарасидаги ҳужум Афғонистондаги хавфсизлик масаласига жиддий эътибор қаратишни талаб этади, деган.
У бу ҳақда Қирғизистон пойтахти Бишкек шаҳрида БМТ ва Шанхай Ҳамкорлик ташкилоти ӯтказган тадбирда гапирган.
"Ислом давлати" деб аталмиш гуруҳнинг Тожикистондаги чегара заставасига ҳужуми минтақада террорчилик хатари мавжудлигини тасдиқлади ва террорчиларни таъминлаб турган манбалардан бири бангивор моддалар савдосидан тушаётган фойдадир" - деди Игорь Моргулов.
Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон Бишкекдаги Коллектив хавфсизлик шартномаси давлатлари раҳбарлари йиғилишида қатнашар экан, террорчиликнинг ошиб бораётган хавфидан ташвиш билдирган эди.
Чегара заставасига ҳужумда тирик қолганлар ва бу ҳужумни тайёрлашда ишгтирок этганлар суд ҳукмига кўра жазо олишди.
Лекин маҳкама жараёни борасида батафсил маълумотлар берилмагани кўпчилик тилидаги саволларни жавобсиз қолдирди.
Ҳужумчилар нега ўзбек-тожик чегарасидаги чегара заставасини танлашган?
Ҳужумчилар орасида ўн нафардан ортиқ ёш бола нима қилган?
Террорчилар деб аталаётган ҳужумчилар қайси террорчи гуруҳ аъзолари бўлишган?
Улар ноқонуний Ислом Давлати гуруҳи иддао этаётгандек, бу гуруҳ топшириғини бажаришганми?
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek