Ўзбекистон: Телеграмдаги террорчилик - ИИВ 25 кишини ҳибсга олди, ижтимоий тармоқлардан огоҳлантирди - O'zbekiston

Сурат манбаси, BUHORIY.COM
Би-би-сининг Бош прокуратура ва ИИВдаги манбаларига кўра, пойтахтнинг беш тумани ва Тошкент вилоятида олиб борилган амалиётларга ДХХ бошчилик қилган.
Қўлга олинган 25 нафар шахс Суриядаги асосан ўзбеклардан иборат "Тавҳид ва жиҳод катибаси" гуруҳи билан алоқаларда гумон қилинмоқда.
Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги 23 июнь куни тарқатган хабарда 25 манзилга уюштирилган рейдлар натижасида қўлга олинган шахсларнинг "Тавҳид ва жиҳод катибаси" (ТЖК) халқаро террорчилик ташкилотига алоқадор бўлган гуруҳлар тарафдорлари" экани айтилади.
Би-би-сининг "ҳижрат" ва "жиҳод" мақсадида Сурияга чиқиб кетишни режалагани иддао қилинган гуруҳ аъзолари ҳақида Ўзбекистон куч тизимларидан қўшимча маълумот олиш уринишлари ҳозирча натижа бергани йўқ.
Ички ишлар вазирлиги хабарида фақат бир киши - 2001 йилда Тошкент шаҳрида туғилган А. Абдуқаҳҳоровнинг исми келтирилади.
Расмий хабарда айтилишича, қўлга олинган шахслар "Абдуқаҳҳоров ва унинг раҳнамоларининг ғоявий таъсирига тушиб, интернет орқали экстремистик мазмундаги видеороликларни муҳокама қилган".

Сурат манбаси, Screenshot
ИИВ гумондорларнинг Суриядаги гуруҳ билан алоқалари ва Сурияга чиқиб кетишни режалаганига доир далилларни ошкор қилмаган.
Ҳибсга олинганларнинг 3 нафари муқаддам терроризм ва экстремизм билан боғлиқ жиноят содир этиб, жазо муддатини ўтаб чиққани айтилади.
Телеграмдаги гуруҳ
Ички ишлар вазирлиги ўз хабарида Ўзбекистон Республикаси Олий судининг 2016 йил 26 сентябрдаги қарорига асосан "Тавҳид ва жиҳод катибаси" халқаро террористик ташкилоти фаолияти Ўзбекистон Республикаси ҳудудида таъқиқланган ташкилотлар рўйхатига киритилганини эслатган.
Суриядаги "Ҳаёт Таҳрир-уш-Шом" гуруҳи билан бирга ҳаракат қиладиган, асосан ўзбеклардан иборат "Тавҳид ва Жиҳод катибаси" ўтган йилнинг 12 апрелида ўзининг Телеграм каналида гуруҳга янги раҳбар тайинлангани ҳақида хабар тарқатганди.
Би-би-си Мониторинг хизмати ўрганган хабарда айтилишича, гуруҳнинг "Абу Салоҳ" номи билан билинган (ҳақиқий исми Сирожиддин Мухтаров) раҳбари ўз ваколатларини "Абдулазиз" исмли шахсга топширган.
Асли ўшлик деб ишониладиган Абу Салоҳ ўз ихтиёрига кўра раҳбарликдан истеъфо бергани айтилган.
Бу ҳақдаги баёнот "Тавҳид ва Жиҳод катибаси" вебсаҳифаси ва Инстаграм каналларида ҳам жойлаштирилган.
Гуруҳ Сурия шимоли-ғарбидаги Идлиб вилоятида фаол экани айтилади.
Сурия ва Ироқдаги ўзбек жангариларининг учта гуруҳи маълум.
Уларнинг сони бир неча юз кишини ташкил этиши айтилади.

Сурат манбаси, Courtesy
Иддаолар
Бу Ўзбекистонда "Тавҳид ва Жиҳод катибаси" билан боғлиқ биринча жиноят иши эмас.
Шу йилнинг 7 февраль куни Жиноят ишлари бўйича Қўқон шаҳар суди Туркиядан қайтган 30 ёшли Мубашир Рауповни 3 йилга озодликдан маҳрум қилган.
Раупов Жиноят кодексининг 244-1 моддаси 3-қисми "г" банди билан ( "Диний экстремизм, сепаратизм ва ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган, қирғин солишга ёки фуқароларни зўрлик билан кўчириб юборишга даъват этадиган ёхуд аҳоли орасида ваҳима чиқаришга қаратилган маълумотлар ва материалларни... оммавий ахборот воситаларидан ёхуд телекоммуникация тармоқларидан, шунингдек Интернет жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланиб" тарқатишда айбланган.
Тергов хулосасида Мубашир Раупов Facebookдаги Bir Garib ва Abu Muvahhid аккаунтлари билан Суриядаги "Тавҳид ва Жиҳод" гуруҳига қўшилиш ҳақида ёзишма олиб боргани айтилган.
Би-би-си билан суҳбатда яқинлари ва адвокати тергов жараёнида процессуал нормалар бузилгани ва 2019 йилда Туркиядан ишлаб қайтган Рауповнинг ноҳақ қамалганини айтишган.
Адвокат Мўмин Обидов айбланувчи мулоқот қилгани айтилган Телеграмдаги "D" аккаунти ёшларни "илинтириш" учун ДХХнинг ўзи томонидан очилган аккаунт бўлиши мумкинлигини иддао қилган.
Расмийлар адвокатнинг иддаосига жавоб бермаган.
Ҳибсга олишлар
Шу кунларда Тошкентнинг бир неча туманида йигирмага яқин қизлар қисқа муддатга ҳибсга олинган.
Бу ҳақда илк бор АҚШда яшаётган ўзбекистонлик фаол Мирраҳмат Мўминов Фэйсбук саҳифасида хабар тарқатди.
Би-би-сига етиб келган маълумотга кўра, қизларнинг бир гуруҳи Тошкентдаги никоҳ тўйидан сўнг ҳибсга олинган.
ДХХ олиб боргани атилаётган ҳибсга олишлар чоғида Наманганга олиб кетилаётган келин ва куёв ҳам бир муддат ушлаб турилгани айтилмоқда.
Ҳисбга олишларга қизларнинг хориждаги террорчи деб билинган гуруҳларнинг Телеграм каналларига аъзо бўлгани ва аудио ҳамда видео материалларни улашгани сабаб бўлгани айтилади.
Ҳибсга олинган қизларнинг аксари қўйиб юборилган, айримларига нисбатан маъмурий баённома тузилгани айтилмоқда.
Ички ишлар вазирлиги чоршанба куни тарқатган хабарида ёшларни "ижтимоий тармоқларнинг шубҳали сайтларидаги даъватларга алданиб қолмаслик ва жамоат тартибига таҳдид солувчи материаллардан фойдаланмаслик" ҳақида огоҳлантирган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: @bbcuzbek












