Ўзбекистон: Душанба 15 июндан бошлаб нима қилиш мумкин, нима мумкин эмас? O'zbekiston

Ўқилиш вақти: 3 дақ

Ўзбекистонда душанба 15 июндан бошлаб карантин қоидаларида қатор ўзгаришлар кутилмоқда.

Аммо умумий карантин буткул бекор қилинмайди.

Бу борада Республика махсус комиссияси маълум қилгани билдирилган.

Янги ўзгаришлар, асосан, чет элга чиқиш, мамлакат ичида саёҳат қилиш, болалар боғчалари, тадбиркорлик ва ниқоб қоидаларига тааллуқли.

Яхши хабар: Ниҳоят коронавирус дориси топилдими? - O'zbekiston, Ўзбекистон, дунё

Кимлар хорижга чиқа олади?

Бир қатор тоифадаги одамлар ҳаво парвози орқали санитария-эпидемиологик вазият барқарор мамлакатларга бориш учун Ўзбекистондан чиқиб-кириши мумкин:

Дипломатлар ва уларнинг оила аъзолари, сармоя лойиҳалари доирасида ишлайдиган хорижий ширкат ходимлари, даволаниш учун келаётган шахслар, хорижда яқин ёки касал қариндоши бор инсонлар, дипломатик ваколатхоналар сўрови билан транзит ўтаётган йўловчилар.

Шунингдек, Ўзбекистонда доимий яшовчи чет элликлар ва хорижда доимий яшовчи Ўзбекистон фуқаролари ҳам ушбу рўйхатда қайд этилган.

Фуқаролар ўқиш ва меҳнат фаолиятини давом эттириш учун ҳам четга чиқиши мумкин.

Кимлар карантинга олинмайди?

Коронавирусга оид эпидемиологик вазият барқарор давлатларда охирги 14 кунни ўтказиб, Ўзбекистонга келган одамлар карантинга олинмайди.

Булар - Япония, Жанубий Корея, Исроил ва Хитой.

Коронавирус камайган давлатлар - Европа Иттифоқи, Малайзия, Таиланд ё Сингапурдан келганлар 14 кун давомида уй шароитида назоратга олинади.

Аммо коронавирус ҳалиям камаймаган давлатлардан келган одамлар 14 кун давомида карантинда сақланади.

Булар - Россия, БАА, Туркия, Эрон, Афғонистон ва МДҲ давлатлари.

Ичкарида қандай ўзгариш?

Мамлакатнинг ичида эса сариқ ва яшил ҳудудлар орасида поезд қатновлари йўлга қўйилади.

Хусусан, Тошкент билан Бухоро, Термиз ҳамда Хива ўртасида, Андижон билан Хива, Бухоро ва Термиз оралиғида поездлар ҳаракатига рухсат берилади.

Тошкент ва Самарқанд ўртасида Афросиёб тезюрар поезди қатнови ҳам бошланади.

Бироқ поезддаги саёҳат давомида санитария-гигиена қоидаларига риоя этиш зарур.

Қачон харажатни тадбиркор қоплайди?

Карантин чекловлари пайтида фаолият юритишига рухсат берилган тадбиркорлик субъектларида (умумий овқатланиш, қурилиш ёки хизмат кўрсатиш жойларида) белгиланган санитария-гигиена қоидалари бузилиши оқибатида бировга коронавирус юқса, бундан келиб чиқадиган чиқадиган сарф-харажат тадбиркор зиммасида бўлади.

Яъни бу ўринда вирус чиққан объектни ва вирусни юқтирган шахсни карантинга олиш ҳамда сақлаш билан боғлиқ харажатлар ушбу тадбиркорлик субъекти ҳисобидан қопланиши белгиланган.

Айни банд ижтимоий тармоқларда баҳс қўзғамоқда.

Дейлик, тадбиркор барча белгиланган кўрсатма ва қоидага риоя этса ҳам симптомсиз беморлардан бошқаларга вирус юқиши эҳтимоли сақланиб қолади ва бу ўринда харажатни тадбиркорнинг гарданига юклаш адолатдан эмас қабилида фикрлар билдирилмоқда.

Кўплаб кичик ва ҳатто ўрта бизнеслар шундоқ ҳам карантиндан анча қийналиб чиқаётгани айтилади.

Боғчалар очиладими?

Яшил ва сариқ ҳудудларда нодавлат боғчалари ишлаши мумкин.

Уларда гуруҳлар кичик бўлиши ва болалар сони 15тадан ошмаслиги керак.

Давлат боғчалари эса хавфсизлик ва санитария-гигиена қоидаларига амал қилган ҳолда 1 августдан бошлаб очилиши кутилади.

Бироқ боғчалар дезинфекция қилиниши ва ходимлар тиббий ниқоб ҳамда қўлқопда бўлишлари лозим.

Тана ҳарорати 37С даражадан ошган болалар ва ходимлар ичкарига киритилмайди.

Ким ниқоб тақмайди?

Агар машинада бошқа бирон йўловчи бўлмаса, рулдаги ҳайдовчи ниқоб тақиши шарт эмас.

Айни дамда, жамоат жойларида тиббий ниқоб тақиш даркор.

Ижтимоий масофани сақлаш устидан ҳам назорат кучайтирилади.

Ҳозирча, қизил, сариқ ва яшил ҳудудларга ажратиш тартиби ва кучайтирилган санитария-гигиена назорати жорий йилнинг 1 августига қадар сақланиб қолиши айтилмоқда.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek