You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Ўзбекистон: Мирзиёев Фарғонада, ишсизлик туфайли ижтимоий танглик кучайиши мумкин – O'zbekiston, So'x
Ўзбекистон: Мирзиёев Фарғонада, вилоят ҳокими эса суратларда йўқ, ишсизлик туфайли ижтимоий танглик кучайиши мумкин, Сардоба талафотининг янги тафсилотлари, Хоразмда яна кучли шамол - bbcuzbek.com дайжести:
Шавкат Мирзиёев аҳоли ҳаёти, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши билан танишиш мақсадида Фарғона вилоятига борди.
"Сафар давомида тўқимачилик, ҳунармандчилик, ахборот технологиялари, қишлоқ хўжалиги корхоналари бориб кўрилади, бунёдкорлик ишлари кўздан кечирилади", дейилади хабарда.
1 июнь куни норози сўхликлар билан мулоқот чоғида Бош вазир Абдулла Арипов президентнинг тез кунда Фарғонага келишини маълум қилган эди.
Президентнинг расмий сайтига кўра, давлат раҳбари кортежи дастлаб Қўштепа туманидаги «Турсунов Юсуфжон ери» фермер хўжалиги ёнида тўхтади.
«Бу ерда 50 гектар ғалла, 30 гектар пахта етиштирилмоқда. Президентимиз ғалла ривожини кўздан кечирди. Гектаридан 82 центнер ҳосил олиш кутилмоқда,» дейилади хабарда.
Шу ерда қишлоқ хўжалиги соҳаси мутасаддилари ва қўштепалик фермерлар билан мулоқот бўлди.
Коронавирус ҳоллари яна ошди
5 июнь соат 10:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирусга чалинганлар 3965 нафарга етди.
Янги касалланиш ҳолатлари 26 та.
Ҳозирга қадар 3087 бемор касалликдан тузалган. Шифохоналарда 862 бемор қолмоқда.
Қайд этилган ўлим ҳолатлари 16 та.
Ишсизлик ва ижтимоий таранглик
Bloomberg нашри коронавирус пандемиясининг меҳнат муҳожирлари юборадиган пул маблағларига таъсири ҳақида мақола эълон қилди.
Мақолада Жаҳон Банки ҳисоб-китобларига таяниб, жорий йилда даромад даражаси паст ва ўрта даражали давлатларга пул ўтказмалари $109 миллиард ёки 20 фоизга камайиши айтилади.
Апрель ойида Ўзбекистон Марказий банки трансчегаравий пул ўтказмалари 2020 йилда ўтган йилга нисбатан 30-35 фоизга қисқаришини прогноз қилган эди.
Bloomberg мақоласида Халқаро Валюта Фонди 2020 йилда ишсизлик даражаси расмий 8.9 фоиздан 16.5 фоизга ўсишини прогноз қилгани борасида сўз боради.
Нашр билан суҳбатлашган ўзбекистонлик таҳлилчи Бахтиёр Эргашевнинг фикрича, агар одамлар иш топа олмаса, мамлакатда ижтимоий таранглик кучайиши мумкин, Сардоба талафотининг янги тафсилотлари,
Сардоба талафотининг янги тафсилотлари
4 июнь куни ўтган брифингда Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси ахборот хизмати раҳбари Неъматжон Атамуродов Сардобада кўрилган талафотнинг навбатдаги тафсилотларини очиқлаган.
Маълум бўлишича, сув босган ҳудудларни хатловдан ўтказиш натижасида кадастр баҳоси 254 миллиард 652 милион сўмни ташкил этадиган жами 5 минг 388 та турар жой ва кадастр баҳоси 14 миллиард 584 миллион сўмни ташкил этадиган жами 133 та нотурар жой объектлари зарарланганлиги аниқланган.
Таъмирталаб уйлар сони 3003 та экани айтилмоқда.
Шунингдек, тошқин натижасида 108 та фермер ва қишлоқ хўжалигининг 16 525 гектар ери зарарлангани ҳам маълум қилинган.
Хоразмда яна кучли шамол
4 июнь куни тушдан кейин Хоразм вилоятининг бир қанча туманларида кучли шамол юз берди, дея хабар берган вилоят «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ матбуот хизмати.
"Шамол оқибатида енгил конструкцияли томлар учиб кетди. Эски симёғочлар қўпорилди, дарахт шохлари синди. 5 июнь куни 10:00 дан 18:00 гача профилактика ишлари ўтказилиши сабабли электр энергияси таъминотида вақтинчалик узилишлар бўлиши мумкин. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз", дейилади хабарда.
17 май куни ҳам Хоразмда 15-25 метр/секунд тезлик билан кучли шамол кузатилган, натижада биноларнинг том қисми талафот кўргани хабар қилинган эди.
Канада Ўзбекистонга $185 минг эҳсон қилади
Ташқи ишлар вазирлигининг хабар беришича, 4 июнь куни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов ва Канада Ташқи ишлар вазири Франсуа-Филипп Шампан ўртасида телефон орқали суҳбат бўлиб ўтди.
Вазирлар Канада бизнесининг Ўзбекистон бозорига фаол кириши ва қайта тикланадиган энергия, саноат ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида юқори технологияли инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш каби масалаларни муҳокама этган.
Суҳбат давомида Канада ТИВ раҳбари Ўзбекистонда коронавирус инфекциясига қарши кураш учун 250 минг Канада доллари (185 минг АҚШ доллари) ажратилишини маълум қилган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek