Ҳозир Ўзбекистон Ҳаво йўлларини хорижликларга бериш мавриди эмас

Коронавирус пандемияси туфайли бутун дунёдаги авиакомпаниялар оғир иқтисодий аҳволга тушиб қолдилар, "Ўзбекистон Ҳаво йўллари" миллий авиакомпанияси камида 200 миллион долларлик зарарга кирган деб кўрилади.

Бундай шароитда узоқ йиллардан буён кўплаб танқидларга тутиб келинаётганига қарамасдан, миллий авиаширкатни хорижликларга бериш Ўзбекистоннинг манфаатида эмас, деб ҳисоблашади экспертлар.

"Ўзбекистон Ҳаво йўллари" авиакомпанияси монополист ширкат экани, монополист мавқеъидан фойдаланаётгани Ўзбекистоннинг авиа бозоридаги йўловчи ва юк ташиш нархларининг қиммат бўлиб қолишига олиб келаётгани, хизматлар сифатининг пастлиги охирги йилларда матбуот ва Интернет социал тармоқларида кўп танқид қилинган мавзуларга айланган.

Мамлакат раҳбарияти "Ҳаво йўллари"ни ислоҳ қилиш заруриятини англаган, бу йўлда ишлар бошлангани хабар қилинган.

Президент Мирзиёев 25 май куни "Ўзбекистон Ҳаво йўллари"нинг ҳозирги аҳволи ва мамлакат авиация тизимини ислоҳ қилишга бағишланган мажлис ўтказди.

Ушбу йиғилишда "Ўзбекистон Ҳаво йўллари" ва "Uzbekistan Airports" акциядорлик жамиятларини пандемия таъсиридан олиб чиқиш бўйича бизнес модель ишлаб чиқиш вазифаси қўйилгани, Ўзбекистон фуқаро авиацияси бозорига янги ташувчиларни жалб қилиш, "Ўзбекистон Ҳаво йўллари"ни нуфузли хорижий компания бошқарувига бериш масаласи кўриб чиқилгани, мамлакатдаги аэропортларни модернизация қилиш, Андижон, Бухоро, Урганч ва Қарши халқаро аэропортларини давлат-хусусий шерикликка бериш бўйича тендер эълон қилиш белгилангани ҳақида хабар тарқатди Ўзбекистон президенти матбуот хизмати.

Коронавирус сабаб "Ўзбекистон Ҳаво йўллари" ҳам авиақатновларини тўхтатишга мажбур бўлди, мисол учун, Британия оғир иқтисодий аҳволга тушиб қолган авиаширкатларига молиявий кўмак кўрсатаётганидек Ўзбекистон ҳукумати ҳам миллий авиакомпанияни қўллаб-қувватлашга қарор қилган.

Президент Мирзиёев "карантиндан энг кўп зарар кўрадиган "Uzbekistan Airways" ва "Uzbekistan Airports" акциядорлик жамиятларининг 122 миллион доллар кредитлари тўлов муддатлари узайтирилгани, 60 миллиард сўмлик солиқ имтиёзлари тақдим этилгани, Ўзбекистоннинг Инқирозга қарши кураш жамғармасидан 50 миллион доллар миқдорида айланма маблағ сифатида фоизсиз ссудалар ажратилган"ини айтди.

Пандемия сабаб жаҳондаги авиаширкатлар бу йил камида 113 миллиард АҚШ доллар зарар кўришлари кутилаётган бир вақтда Ўзбекистон миллий авиакомпаниясини хорижий компания бошқарувига бериш мушкул иш бўлиши мумкин, агар қайсидир ширкат олишга рози бўлганда ҳам бу мамлакат учун манфаатли келишув бўлмайди, деб ҳисоблашади аксар кузатувчилар.

Охирги йилларда миллий авиакомпанияларни хусусийлаштириш эмас, аксинча, хусусий авиа ширкатларни давлат тасарруфига олиш тенденцияси кузатилаётганига эътибор қаратишади экспертлар.

Канададаги Sobirovs Law Firm ширкати раҳбари, тижорат ҳуқуқи ва халқаро авиация ҳуқуқи бўйича эксперт Раҳмад Собировнинг фикрича, "Ўзбекистон Ҳаво йўллари"ни давлат назоратида сақлаб қолган ҳолда ширкатни ислоҳ қилиш учун бошқарувни чет эллик тажрибали мутахассисларга берган афзалроқ.

Раҳмад Собиров: "Ўзбекистон Ҳаво йўллари"ни хориж компанияси бошқарувига беришни миллий қонунчилик, давлатлараро шартномалар ва мавжуд халқаро авиация ҳуқуқи тамойилларини инобатга олган ҳолда амалга ошириш керак. Бунинг асосий сабаби — авиакомпанияларнинг бошқаруви ва уларга эгалик қилиш бошқа корхоналардан анча фарқ қилишидадир. Акс ҳолда ҳуқуқий, дипломатик ва иқтисодий муаммолар келиб чиқиши эҳтимоли бор.

Гап шундаки, халқаро авиация ҳуқуқида ва ҳаво транспорти ҳақидаги давлатлараро шартномаларда "миллийлик тамойили"(инглиз тилида ""nationality rule/principle") мавжуд.

Бу тамойилнинг келиб чиқиш тарихи, сабаблари ва унинг бугунги глобал дунёмизга тегишлими ёки йўқлиги мавзусини таҳлил қилиш учун алоҳида мақола ёзиш мумкин. Лекин ҳозирча қисқача тушунтириб ўтишнинг ўзи етарли бўлади, деб ўйлайман.

Бу тамойилга кўра, бир авиакомпаниянинг бошқаруви ва унга эгалик қилиш ўша давлатнинг фуқароларига, маҳаллий корхоналарига ёки ўша давлатнинг ўзига тегишли бўлиши керак.

Миллийлик тамойилга амал қилиняптими ёки йўқми — буни аниқлашда авиакомпаниянинг акциялари кимга тегишли экани, қарорларни ким қабул қилиши ва умуман авиакомпанияни амалда (расман эмас) ким бошқараётганига эътибор қаратилади.

Мисол учун, Ўзбекистон ва Россия ўртасида имзоланган ҳаво транспорти ҳақидаги шартноманинг 4-моддасида шундай дейилади:

"4. Ҳар бир Келишаётган Томон ушбу банднинг иккинчи бўлимида кўрсатиб ўтилган парвозларга рухсатни тақдим этиш ҳуқуқини рад этиш ёки авиакорхонадан ушбу Келишувнинг учинчи бандида кўрсатиб ўтилган ҳуқуқларни ижро этишни талаб қилиши мумкин, қачонки Келишаётган Томон авиакорхонанинг мулкий ҳуқуқий ва ҳақиқий назорати Келишилган Томон, у белгилаб берган авиакорхонага, унинг органлари ёки фуқароларига тегишли эканини исботлаб бермаса".

Ушбу моддага биноан, Ўзбекистон томонидан Россияга парвозларни амалга ошириш учун тайинланган бир авиакомпания ўзининг Ўзбекистон давлати, фуқаролари ёки корхоналарига тегишли эканлигини исботлаши талаб қилинади. Акс ҳолда, Ўзбекистон авиакомпаниясининг Россия ҳудудларига парвозлари Россия томонидан тўхтатилиши мумкин. Албатта, бу моддадан фойдаланиш ёки фойдаланмаслик Россиянинг ихтиёрида. Лекин авиакомпания ўз ишларини аниқ режаларга асосланган ҳолда амалга оширсагина муваффақиятли бўлиш эҳтимолини оширади.

Бу каби моддалар бошқа кўплаб шартномаларда мавжуд Ўзбекистон авиакомпанияси самолётларини қабул қилувчи давлат томонидан келажакда дипломатик ва иқтисодий таъсир ўтказиш учун ишлатилиши мумкин.

Шунинг учун дунё тажрибасида авиакомпаниялар эмас, балки аэропортлар чет элликлар бошқарувига топширилади. Аэропортларга нисбатан эса юқорида айтилган "миллийлик тамойили" мавжуд эмас. "Ўзбекистон Ҳаво йўллари"ни чет элликлар бошқарувига беришда ушбу тамойилга алоҳида эътибор берган ҳолда ва авиакомпанияга эгаликни ва назоратни Ўзбекистон томонида сақлаб қолган ҳолда ҳаракат қилиш зарур бўлади. Миллийлик тамойилини бекор қилишга дунёдаги кўп авиакомпаниялар ҳаракат қилишган, лекин бу тамойил авиация соҳасини эркинлаштиришга ҳар қанча тўсиқ бўлаётган эса-да, барибир давлатлар томонидан ҳали ҳам амалда қўлланмоқда.

Хориж авиа тажрибасидан мисол тариқасида Канадани келтирадиган бўлсам, чет элликлар Канададаги авиаширкатларга тегишли акцияларнинг максимум 25 фоизига эгалик қилишлари мумкин. Чилида эса авиакомпания акцияларини хорижий фуқаролар 100 фоизгача сотиб олишлари мумкин. Бу масала ҳар бир давлатнинг манфаатларидан келиб чиққан ҳолда маҳаллий қонунчиликда акс эттирилади.

Агар Ўзбекистон авиакомпанияси чет эллик компания бошқарувига бериладиган бўлса, у ҳолда Ўзбекистоннинг маҳаллий қонунлари, давлатлараро шартномалари ва бошқа керакли қонуний ҳужжатларнинг барчасини ўзгартириш талаб қилинади. Бу эса осон ёки тезда амалга ошадиган иш эмас.

Менимча, Президент Мирзиёев авиакомпанияни хорижликлар бошқарувига бериш масаласини "Ўзбекистон Ҳаво йўллари" бошқарувини яхшилаш мақсадида кўтариб чиққан.

Мен бошқарув ва самарадорлик муаммосининг ечими сифатида "Ўзбекистон Ҳаво йўллари"ни Ўзбекистоннинг назоратида ушлаб туришни, хориждан тажрибали инсонларни авиакомпания раҳбариятига олиб келишни тавсия қиламан. Авиакомпанияни ўзгартишга сиёсий ирода бор экан ва мавжуд тўсиқлар олиб ташланар экан, "Ҳаво йўллари"ни ўзгартирса бўлади.

Ўзбекистон авиациясидаги муаммоларни ҳал қилиш учун қуйидагиларини амалга ошириш тавсия этилади:

• аэропортларни тезроқ хориж компаниялари бошқарувига бериш. Буни Ўзбекистон Президенти яна бир бор эслатиб ўтди;

• "Ўзбекистон Ҳаво йўллари" бошқарувидаги кадрларини тубдан янгилаш;

• авиакомпания тасарруфидаги мол-мулкларни сотувга қўйиш. Бу аллақачон амалга оширилмоқда;

• харажатларни камайтириш асосида хизматларни кучайтириш (керак бўлса, парвоз йўналишларини қисқартириш, иложи борича янги ва қиммат самолётларни сотиб олмаслик, кераксиз ишчиларни қисқартириш ва ҳ.к)

Бу нарсаларни амалга ошириш қанчалик оғир бўлмасин, коронавирус таъсирида шаклланаётган янги дунё талаблари шу эканлигини қабул қилишимиз зарур.

Юлий Юсупов: Давлат-хусусий шерикликнинг турли кўринишдаги шакллари, шубҳасиз, муҳим ва керак. Бу жаҳонда қўлланиб келинаётган амалиёт. Аммо давлат-хусусий шерикликка бериш коррупцион қўлларга топширилишига олиб келмайдими, деган савол ғалати. Бир нарсани ишонч билан айтиш мумкинки, Ўзбекистонда давлат бошқаруви ва давлат молияси билан боғлиқ бўлган бирор нарса коррупциясиз амалга ошмайди. Аммо бундан бундай лойиҳалар керак эмас, деган хулоса келиб чиқадими? Албатта, йўқ.

Сиз давлат мактабида ўқитиш, давлат шифохонасида даволаниш, қурилишни давлат молиялаётгани ёки йўлни таъмирлаш коррупциясиз бўлаяпти, деб ишонч билан айтоласизми? Бизнинг ҳаммамиз бунинг акси эканига ишончимиз комил. Шундан келиб чиқиб биз барча мактаблар ва шифохоналарни ёпишни, йўллар қуришни тақиқлашни таклиф қилолмаймиз-ку. Агар биз коррупция билан курашмоқчи бўлсак, давлат-хусусий шерикчилигидан воз кечмасдан курашишнинг йўлларини излашимиз лозим.

Игорь Цой: Ўзбекистонда пулли йўллар қуриш ва аэропортлар бошқарувини бировга бериш масалаларида бир умумийлик мавжуд: бу жараёнларда умуман шаффофлик йўқ.

Халқаро тендерлар ёки танловлар ўтказилиши ҳақида эълон қилинмайди. "Тошкент-Самарқанд" пуллик йўлини қуриш бўйича инвестицион келишув Туркиянинг "Сengiz-Kolin-Kalyon" консорциуми билан тузилди. Аммо бунда лойиҳалар танлови ўтказилгани йўқ.

Бу қандай оқибатларга олиб келиши мумкин? Маълумки, қурилиш соҳаси энг коррупциялашган соҳа ҳисобланади. Бухоро вилоятининг Олот ва Қоракўл туманларида яқинда рўй берган табиий офат ва "Сардоба" сув омборидаги техноген фалокат коррупция даражаси ва қурилиш соҳасидаги сифат даражасини яққол кўрсатди.

Бундан ташқари, тендерларни ўтказишдаги бундай ношаффоф ёндашув мамлакатнинг имиджига ҳам салбий таъсир қилиши мумкин. Мамлакатдаги охирги йиллардаги энг кўзга кўринган лойиҳа - Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан бошланган Tashkent City. Бошиданоқ лойиҳани тузиш ва пудратчи ва инвесторлар ўртасида тендер ўтказиш ҳақида халқаро танлов эълон қилинмади. Тошкент шаҳри ҳокими 700 инвестор лойиҳада иштирок этишни истамагани ҳақида айтди. Бироқ ўшанда гап Tashkent Cityни уч йилда барпо этиш ҳақида борганди. Кейинчалик, лотлар тақсимлаб бўлинганидан кейин қурилиш биринчи(3 йил) ва иккинчи босқичларга бўлингани аён бўлди. Бу нарса Tashkent Cityни барпо этиш ҳақидаги илк шартларга тўғри келмайди.

Аэропортлар бошқарувини давлат-хусусий шерикликка беришга қайтадиган бўлсак: бу ердаги тендерларда ҳам, энг муҳими, аэропортларни беришнинг асосий шарти - концессияда ҳам шаффофлик кўринмаяпти. Бу нарса коррупция учун қулай шароит яратиш ва истеъмолчилар ҳуқуқларининг поймол этилишига олиб келиши мумкин. Бундай тажриба аллақачон бўлган. 2005 йили Грузия Тбилиси халқаро аэропортидан фойдаланиш бошқарувини 20 йил муддатга Туркиянинг TAV компаниясига берди. Бу компания нима қилди? TAV Airports Holding бир вақтнинг ўзида Истанбулдаги Отатурк аэропорти бошқарувчи компанияси ҳам ҳисобланади.

Слотлар(муайян вақтда аэропортдан парвоз қилишга рухсат бериш) ва чегирмалар тизимидан фойдаланган TAV йўловчилар оқимини Истанбулга йўналтирди. Бунда Turkish Airlines учун бошқаларга нисбатан манфаатли шароит яратилди, бошқа авиакомпаниялар эса Тбилисига парвозлардан воз кечдилар. Бу нарса билетлар нархининг қимматлаб кетишига ва хизмат сифатининг пасайиб кетишига ҳам олиб келди. Оқибатда Грузия ҳукумати бир неча ўн миллион долларлик ўз бюджети маблағидан ташлаб қўйилган Кутаиси аэропортини қайта қуришга мажбур бўлди.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek