Сардоба иши, Бош Прокуратура: тергов тўрт версияни ўрганаяпти O'zbekiston, Sardoba

Ўзбекистон Бош Прокуратураси матбуот хизмати хабар қилишича, Сардоба сув омбори тўғони ўпирилиши бўйича очилган жиноий иш тергови тўрт версияни ўрганмоқда.

Булар - лойиҳадаги хатоликлар, қурилиш меъёрларининг бузилиши, эксплуатация жараёнидаги хатоликлар ва табиий офат.

Бош Прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдиновга кўра, "Сардоба иши" бўйича 170 шахс сўроқ қилинган, судга оид қурилиш экспертизалари белгиланган.

6 май куни Ўзбекистон Бош прокуратураси "Сардоба иши" юзасидан "Мансабга совуққонлик билан қараш", "Тоғ-кон, қурилиш ёки портлатиш ишлари хавфсизлиги қоидаларини бузиш" айбловлари билан жиноят иши очилганини маълум қилди, терговни Давлат Хавфсизлик хизмати олиб боришини билдирган эди.

Айни пайтда нидерландиялик экспертлар Сардоба сув омборининг тўғони ўпирилиши борасидаги эксперт хулосаларини беришгани ҳақида хабар тарқатган "Дунё" ахборот агентлиги.

Нидерландиядаги Deltares таҳлил марказининг экспертлари Санжай Гири, Геннадий Дончиц ва Марк Хегнауэр сунъий йўлдошдан олинган маълумотлар асосланиб хулоса берганлари айтилади.

Ҳолланд экспертлари фикрича, тўғоннинг бузилишига ёғингарчиликлар туфайли сув омборида сувнинг ҳаддан зиёд кўп бўлгани, шамолнинг тўлқини ёки ички эрозия сабаб бўлган бўлиши мумкин.

Президент Шавкат Мирзиёев Сардоба тўғони бузилишини Франция, Туркия, Россиядан, Осиёдан экспертлар келиб ўрганишини айтган.

Президент Мирзиёев Сардоба сув омборини қуриш нега зарур бўлгани ҳақида гапирган.

"Албатта, кимдир савол бериши мумкин, шу сув омбори керакмиди ёки йўқмиди, деган. Ҳозир ҳам саволлар кўп. Нима учун Сирдарё билан Жиззах вилояти ҳеч қачон ривожланмаган? Сув бўлмаган. Деҳқон одам билади - пахтага беш-олти марта сув бериш кераклигини. Нега бошқа ҳудудларда 40-70 центнер бўлади, бу вилоятларда эса 15 центнер? Икки марта сув беролмасликдан. Иккинчидан - бирор марта такрор экин эка олармидик? Сув йўқ эди-ку? Шунинг учун 2010 йил энг тўғри хулоса бўлган", - деб айтган Президент Мирзиёев Сирдарё вилоятига навбатдаги сафари пайтида.

15 майда сув омбори тўғони бузилишидан жабр кўрган одамларга ёрдам бериш бошлангани хабар қилинди.

"Сув тошқинидан зарар кўрган 4,5 мингдан зиёд хонадон эгаларининг ҳар бирига Ўзбекистон Республикаси Президентидан 40 миллион сўмлик моддий ёрдам, шунингдек, телевизор, музлатгич, кир ювиш машинаси, минипеч, электр чойнак ва дазмол каби маиший техникалардан иборат совғалар топширилмоқда.

Ватандошимиз Алишер Усмонов ажратган 10 миллион доллар хайрия маблағи ҳам шунга йўналтирилган. Сирдарё вилоятига кўмак учун ҳокимликлар, вазирлик ва идоралар, хўжалик бирлашмалари ҳамда тадбиркорлар ҳам ёрдам кўрсатган", деб хабар тарқатган Ўзбекистон президенти матбуот хизмати.

1 май тонгида Сирдарё вилоятида жойлашган Сардоба сув омбори девори ўпирилиб кетиб, яқин атрофдаги аҳоли масканлари сув остида қолди.

Қўшни Қозоғистон Мақтаарал тумани ерларини ҳам сув босди.

Оқибатда, Ўзбекистонда, камида, 70 минг инсон вақтинча бошпанасиз қолган, аҳолининг турар-жойларига қаттиқ зарар етган.

Сардобаликлар билан учрашган Президент Мирзиёев ҳовлилари бузилмаслигига ва давлат уйларни текинга таъмирлаб, қуриб беришига ишонтирган.

Давлат раҳбарига кўра, "уйлари зарарланган одамларнинг илгариги ҳовлилари ҳам ўзларида қолади".

"Таъмирланадиган уйлар ҳам, янги қуриладиганлари ҳам давлат томонидан бепул қуриб-таъмирлаб берилади. Одамлар янги кўп қаватли уйларга ва ўзларининг таъмирланган ҳовли-жойларига 1 сентябргача тўлиқ кўчиб ўтиши мумкин бўлади. Шу билан бирга, уйлари зарарланган одамларнинг илгариги ҳовлилари ҳам ўзларида қолади" - деб айтган Президент Шавкат Мирзиёев.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek