Ўзбекистон 15 йиллик қонли фожиани унутишга интилмоқдами? O'zbekiston

Бундан 15 йил олдин: 2005 йил 13 май куни Андижонда, гувоҳлар сўзи билан айтганда, тинч аҳоли, расмийлар таъбири билан эса, террорчилар ўққа тутилган эди.
Йиллар давомида марҳум президент Ислом Каримов ҳукумати ушбу кун тафсилотларини бор куч-қудрати билан жамоатчилик ҳамда халқаро ҳамжамият эътиборидан беркитиб келишга уринди.
Каримов ҳукумати қанчалик ҳаракат қилмасин, хорижга қочган гувоҳлар бу кун даҳшатини озми-кўпми тасвирлаб берди.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Аммо 13 май воқеасининг кўп тафсилотлари ҳақида Ўзбекистон аҳли ва дунё деярли ҳеч нарса билмайди, билганлар кучли қўрқув туфайли бу борада оғиз очишни истамайди.
2016 йилда ҳокимиятга келган президент Шавкат Мирзиёев ўтган йиллар давомида сўз ва матбуот эркинлиги заруриятини кўп бор эътироф этди.
Ўзбекистон матбуотини ривожлантириш йўлида асосий ислоҳотчилардан бири ўлароқ кўрилган президентнинг тўнғич қизи Саида Мирзиёева ҳам ҳукумат очиқлик сиёсатини танлагани, ортга йўл йўқ эканини бир неча бор таъкидлади.
Ҳақиқатан, президент Мирзиёев даврида матбуот анчайин жонланди, журналистларда ўзига нисбатан ишонч пайдо бўлди, мансабдорлар халқ билан яқинлаша бошлади.
Бироқ Андижон воқеаси тегинилишга истиҳола қилинадиган мавзулигича қолаверди.
Ҳамма жимми?
Ўтган йиллар давомида президент дохил бир неча расмийлар Андижон воқеасини тилга олган бўлсада, Янги Ўзбекистон матбуоти бу кунни эслашга у қадар ботина олмади.
Фақатгина Kun.uz каби мамлакатда кўзга кўринган бир-икки интернет нашри Андижон воқеасини қисқа сатрларда эслаш билан чекланди, холос.
Бугун Андижон воқеасига 15 йил тўлган бўлсада, на расмий, на мустақил нашрлар саҳифаларида бу кун тилга олинган қисқагина хабарни ҳам топа олмайсиз.
Ҳатто, ҳар бир янгиликни тезкорлик билан ўз обуначиларига етказиб борадиган, ҳар бир мавзуни одамларга изоҳлаб берадиган ва омма томонидан муаммоларни очиқ кўтариб чиқа олгани учун энг довюрак саналган таниқли блогерлар ҳам сукут сақламоқда.
Гўё, бундан 15 йил аввал ҳеч қандай қонли кун юз бермагандек.
Маҳаллий журналистлардан бирининг Би-би-сига айтишича, матбуот Андижон мавзусини кўтаришдан қўрқади. Бундан ташқари, бирор бир амалдор ҳалигача бу масалада очиқ интервью бермаганидан Андижон ҳақида ёзиш учун маълумотнинг ўзи йўқ.
Би-би-си билан суҳбатлашган журналист ва блогер Али Қаҳҳаров эса матбуот нега жим турганининг сабаблари кўп ва номаълум экани, эҳтимол Андижон воқеаси иштирокчиси бўлган Зокир Алматов, Рустам Иноятов каби расмийлар ҳали ҳам қудратда бўлганидан журналистлар бу мавзуни кўтармасликни маъқул кўраётган бўлиши мумкинлигини айтади.
У ўша кунларда журналистлар Андижонга киритилмагани, ҳолатни ёритганлар таъқиб этилганини қоралайди.
"2001 йил АҚШда бўлган 11 сентябрь теракти тафсилотлари матбуот ва жамоатчиликдан сир тутилиши, портлаш жойига журналистларнинг қўйилмаслигини тасаввур қила оласизми? Бизда эса шундай тасаввур қилиб бўлмайдиган ҳолат бўлган, Андижон қўрқуви халқ ва журналистлар онгида ҳали ҳам кучли", дейди у.
Журналист бу қонли кун бўйича очиқ қолган саволларга жавоб топиш зарурлигини таъкидлайди.
Ҳукумат ҳам эсламаган мавзу
Хўш, Андижон воқеаси Мирзиёев ҳукумати учун ҳам исталмаган мавзуми ёки маҳаллий журналистлар эски даврда шаклланиб қолган ички қўрқув туфайли бу ҳақида ёзишга ботина олмайдими? Ёки Андижон воқеаси шунчаки унут бўлмоқдами?
Бу саволларга жавоб топиш эса мушкул.
Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи халқаро ташкилотлар ва фаоллар эса президент Мирзиёев қудратга келгандан сўнг ҳам Ўзбекистон ҳукуматини Андижон бўйича саволга тутишдан тўхтамаган.
Фаолларнинг фикрига кўра, янги Ўзбекистон ҳукуматининг очиқликка бўлган сиёсий иродаси Андижон воқеасини шаффоф ва холис тадқиқ этиш, айбдорларни жазога тортиш, қурбонлар ва жабрланувчиларнинг ҳуқуқини тиклаш орқали синовдан ўтиши лозим.
Аммо халқаро фаоллар ва ташкилотлар президент Мирзиёев ҳукумати Андижон бўйича бундан 15 йил аввал ўтказилган тергов ҳаракатлари етарли экани, бу масалани муҳокама қилишга эҳтиёж йўқлигини таъкидлаганини қўшимча қиладилар.
Бир вақтнинг ўзида Андижон воқеасини тилга олишда нафақат маҳаллий матбуот, балки оддий ўзбекистонликлар ҳам эҳтиёткор экани кўзга ташланади
Би-би-си билан суҳбатлашган бир қанча ўзбекистонликлар Андижон воқеасининг 15 йиллиги бўйича фикр беришдан тийилишни маъқул кўрдилар.
Алоқадор мавзулар:
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: @bbcuzbek












