You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Британия: пандемия вақтида Бобурнома ва ноёб Қуръонни виртуал варақлаб кўриш мумкин
British Library - Британия кутубхонаси пандемия вақтида ёпилгани сабаб бир қатор ноёб қўлёзмаларни виртуал кўргазмага қўйди. Жаҳоннинг истаган жойидан кутубхонанинг сайтига кириб уларни варақлаб кўришингиз мумкин.
Эндигина кўргазмага қўйилган асарлар орасида Бобурнома ҳам бор. Бу қўлёзма Бобурнинг невараси Акбар буйруғи билан 1589 йилда чиғатой турк тилидан форсчага қилинган таржимаси бўлиб, «Воқиат-и Бобур» деб номланади.
Буюк саркарда ва адибнинг тарихий воқеалар, инсон табиати, маданият, ҳамда Марказий Осиё ва Ҳиндистон топографияси борасидаги кузатувлари бу китобда ажойиб иллюстрациялар билан тавсирланган. Китобни ўқий олмасангиз ҳам, ундаги Бобурнинг тахтга кўтарилиши, у олиб борган жанглар, сарой ҳаёти акс этган суратларни томоша қилиш кўзингизни қувонтиради.
Британия кутубхонасига кўра, бу Ҳиндистондаги мўғул ҳукмдорлари давридан бугунгача сақланиб қолган жуда кам сонли қўлёзмалардан бири. Айтиш жоизки, Бобурноманинг чиғатой тилидаги нусхаси ҳам Британия кутубхонасида бор, аммо ҳозирча у сайтга қўйилмаган.
Виртуал китоблар орасида Амир Темурнинг яна бир авлоди, унинг невараси Жалолиддин Искандар Султон ибн Умар Шайхга тегишли китоб ҳам бор. Тасаввур қилинг, ўзингиз севган ривоятлару хадислар, шеър ва миниатюраларни кичик бир кутубхона шаклида ёнингизда ҳар доим олиб юриш имкони бўлса.
Бу китоб Искандар Султон учун ана шундай мажмуа бўлган, 1410 йилда у ўз юрагига яқин бўлган асарларни бир жилдга жамлаб жавоҳирдек митти миниатюралар билан безатишни буюрган. Унда Темур набираси ўқишни севган мунажжимлик, кимё, ихтиролар, Ислом қоидалари ва бошқа кўплаб матнлар ўрин олган.
Кутубхона сайтида энди 12-асрдан сақланиб қолган ўта ноёб Қуръони Каримнинг нусхасини ҳам варақлаб кўра оласиз. Султон Байбарс Қуръони деб номланган бу муқаддас китоб нусхаси Қоҳирада 12 аср бошида мамлуқ султони Рукн ал-Дин Барбарс ал Жашнагир буйруғи билан олтин харфларда босилган.
Хаттотликда бу бутун бошли Қуръонни кўчиришнинг ноодатий усулидир, чунки унгача одатда фақат сарлавҳалар олтинда ёзилган. Бадавлат одамлар орасида Қуръонни 30 жилд этиб кўчириш русум бўлган, аммо бу нусха етти жилддан иборат ва сайтда унинг бир нечта варақларини кўра оласиз.
Кўргазмага қўйилган ноёб асарлар орасида Леонардо да Винчининг икки китоби, Жейн Остин ва Уилям Блейк асарлари, яҳудий ва насроний муқаддас матнлар ва дунёдаги энг қадимий китоб нусхаси - буддавийларнинг Олмос Сутра китобини ҳам кўра оласиз.
Британия кутубхонасининг Марказий Осиё турк тилларидаги коллекциясида 4 ярим минг китоб, журнал ва газеталар, ҳамда 200дан ошиқ қўлёзмалар сақланади.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: @bbcuzbek