Коронавирус: Карантинда зилзила, яна бир ўлим ва президент қизига "ҳамма нарса мумкинми?" - bbcuzbek.com дайжести, O'zbekiston, koronavirus

Ўқилиш вақти: 5 дақ

Коронавирус: Карантинда зилзила, яна бир ўлим ва президент қизига "ҳамма нарса мумкинми?"

Ўзбекистонда коронавирус ҳоллари камая бошладими? Хитой алдаганмиди?

Ўзбекистон, минтақа ва дунёдаги сўнгги ўзгаришлар.

Ўзбекистон:

Куни-кеча Ўзбекистон жаъми коронавирус ҳоллари бўйича ортда қолдирган Қозоғистонда бугун, 17 апрель куни рақамлар 1480 тага етди - худди шу манзарада Ўзбекистонда коронавирус ҳоллари камая бошлаётгани маҳаллий интернет нашрларида сарлавҳаларга чиқди.

Бу нима дегани?

Буларнинг барчасига Ўзбекистоннинг коронавирус билан боғлиқ ўтган бир ойлик тарихчасида кузатилмаган воқеълик замин яратган.

Ўзбекистонда коронавирус билан боғлиқ кундалик ҳолат кеча, 16 апрель куни илк бор фақат бир марта, унда ҳам кун аввалида янгиланган. Жаъми ҳолатлар 1349 тага етгани айтилган.

Шундан сўнг рақамлар бугун, 17 апрель, маҳаллий вақт билан эталабги соат 10:00 ҳолатига қадар ўзгаришсиз қолган. Одатдагисига мувофиқ, 16:00 ва 23:00 даги ҳолатлар ҳақида расман хабар берилмаган.

Бунинг расмий сабаби эса, ноаён қолган. Бу Ўзбекистонда 16 апрель куни ҳисобидан бошқа бирор бир коронавирус ҳолати аниқланмаганини англатиши ёки йўқлиги саволи очиқ қолган.

Бугунги маълумотда эса, яна 31 та янги ҳолат аниқлангани айтилган. Сўнггилари билан Ўзбекистонда умумий рақамлар 1380 тага чиққан.

Шу соатларда яна 10 та янги ҳолат қўшилган. Рақамлар одатдагидек кун ҳисобидан иккинчи бор расман янгиланган.

Бу ҳозир Қозоғистонда қайд этиб турилганидан 90 тага камдир.

Қозоғистон бугун ҳам энг кўп коронавирус ҳоллари кузатилиб турган минтақа давлатилигича қолган.

Ўзбекистон янги усул билан даволамоқчи - халқаро тажрибада у иш бердими? Коронавирус O'zbekiston

Минтақада нима гап?:

Худди шу манзарада четда яна бир Ўзбекистон фуқаросининг коронавирусдан вафот этганига оид хабар олинган.

Сўнгги ўлим ҳолати Россияда қайд этилган. Бу ҳақда воронежлик масъуллар расман хабар беришган.

39 ёшли Ўзбекистон фуқароси Россияда яшаш ҳуқуқига эга бўлган. Москвадан Воронежга қайтганига унча кўп бўлмагани айтилган.

Унинг бунгача бошқа қандайдир сурункали хасталикдан азоб чеккан-чекмагани ноаён қолган.

Марҳумнинг қаерда, қачон ва қандай дафн этилиши тафсилотлари шу соатларда маълум эмас.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ҳозирча бу хусусда расмий баёнот билан чиқмаган.

Россия, мигрантлар, коронавирус: Москвадаги ўзбекистонликларга ёрдам маркази очилди - BBC O'zbek

Россия дунёнинг энг кўп - миллионлаб сондаги Ўзбекистон фуқаролари меҳнат муҳожирлигида банд давлати бўлади.

Шу кунларда кибер фазода мигрантларнинг орасида ҳам коронавирусга чалиниш ҳоллари ортиб бораётганига оид турли хабар, пост ва изоҳларнинг сони ортиб бораётгани кузатилади. Аммо улар ҳозирча ўзининг расмий тасдиғини топмаган.

Расмий Тошкент бу ҳақдаги расмий маълумотларни сўнгги бор шу йилнинг 7 апрель куни эълон қилган.

Четда коронавирусга чалингани айтилган 23 нафар ўзбекистонликлар орасида Россияда борлари кўзга ташламаган.

Бунгача Америка Қўшма Штатларида уч нафар Ўзбекистон фуқаросининг коронавирусдан вафот этган расман тасдиқланган.

Ҳар уч ҳолат бўйича ҳам Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги расмий билдиришнома билан чиққан.

Марҳумларнинг яқинларига ўз таъзияларини ҳам изҳор этганди.

Аммо Ўзбекистон фуқаросининг хорижда коронавирусдан ўлими билан боғлиқ бу хабар ҳам аксарият маҳаллий интернет нашрларининг эътиборидан четда қолмаган, ёритилган.

Россиянинг ўзида жаъми коронавирус ҳоллари эса, бугун 32 мингтадан ортган. Беморлардан 300 га яқини ҳаётдан кўз юмган.

Табиий офат ва об-ҳаво

Шу соатларда Ўзбекистонда коронавирусдан соғайганларнинг сони ҳам яна ортгани кўрилган.

Яна Бухорода 11 беморнинг тузалиб кетгани хабар қилинган. Бу билан умумий рақамлар 140 тага етган.

Касалхонадан чиққан барчанинг маълум муддат реабилитация остида бўлишлари айтилган.

Коронавирусдан соғайган ва вафот этганлар бўйича ҳам энг юқори кўрсаткичлар Қозоғистон ҳисобига тўғри келади.

Ҳозирга келиб, Қозоғистонда жаъми 285 та бемор тузалган бўлса, 17 нафари ҳаётдан кўз юмган.

Қирғизистонда эса, бугун, 17 апрель куни жаъми 489 та коронавирус ҳолатига соғайган 114 та бемор тўғри келиб турибди.

Кучайтирилган тартиб ва карантин тизими амалда экан, Ўзбекистоннинг Қирғизистонга бевосита туташ Фарғона водийсида зилзила юз берган.

Маҳаллий вақт билан эрталабги соат 09:34 да кузатилган. Зилзила эпицентри Наманган вилоятининг Уйчи тумани ҳудудига тўғри келган.

Эпимарказда унинг қудрати Рихтер шкаласи бўйича 4 баллни ташкил этган. Моддий ёки инсоний талафотларга оид хабарлар йўқ.

Зилзила кучи Фарғона ва Андижон шаҳарларида ҳам сезилган.

Бу минтақада сўнгги уч ҳафта ичида кузатилган учинчи ер силкиниши экани айтилмоқда.

Бир неча кунлик ёғингарчиликлар ва булутли об-ҳаво ортидан, Ўзбекистон илова қолган Марказий Осиё давлатларида ҳам эртадан бошлаб кунларнинг яна исиб кетиши, ҳаво ҳароратининг ҳатто +30 дан ошиши башорат қилинмоқда.

Минтақада яна нима гап?

"Ўзларида коронавирус йўқ"лигини айтиб, сўнгги икки ҳафтанинг ичида кетма-кет икки бор расмий баёнот билан чиққан Тожикистонда эса, Президент Эмомали Раҳмон ҳукуматнинг фавқулодда йиғинини чақирган.

Муҳокама диққат-марказидаги масала айнан коронавирус пандемияси ва унинг Тожикистон учун оқибатлари бўлган.

Яқинда ўзларида коронавирус йўқлигини таъкидлаб келаётган яна бир минтақа давлати - Туркманистон Президенти ҳам худди шу мавзуда ҳукуматнинг кенгайтирилган йиғинини ўтказган.

Масъул вазирларига берган топшириқлари озмунча бўлмагани кўрилганди.

Шу соатларда олинаётган хабарларга кўра, Тожикистондаги масжидлар яна ёпилади. Тақиқ эртага, 18 апрелдан бошлаб кучга киради.

Ҳеч қандай жамоат намозлари бўлмайди. Тожикистон Уламолар кенгашининг таъқиғи Рамазон ойидаги "Таровиҳ" намозларини ҳам ўз ичига олиши айтилмоқда.

Тожикистон коронавирус тарқалишининг олдини олиш учун 4 март куни ҳам худди шу каби ишга қўл урган. Аммо орадан икки ҳафта ўтиб, яна масжидлари эшикларини намозхонларга очиб юборганди.

Кенгаш, бундан ташқари, бўлажак зиёратчиларга Ҳажга йиққан пулларини хайрия ишларига сарфлашни ҳам тавсия қилган.

Уларнинг бу тавсияси глобал пандемия боис, Саудия Арабистони подшоҳлиги бу йилги Ҳаж мавсумига тайёргарлик ишларини кечиктириб туришга қарор қилган бир манзарада янграган.

Кеча, пайшанба куни Ўзбекистон Мусулмонлари идорасининг ҳам шунга мувофиқ қарор олгани кўрилган. Бу ҳақда ўзининг хос фатвосини эълон қилган.

Худди шу манзарада Тожикистон Президентининг тўнғич ўғли мамлакат парламенти Олий палатаси спикери этиб сайланган.

Душанбе шаҳар ҳокими Рустам Эмомали бу билан Тожикистонда президент отасидан кейин иккинчи қудратли шахсга айланган.

Бугун Тожикистон парламенти Олий палатасининг биринчи сессияси ҳам бўлиб ўтган.

Тожикистон ва Туркманистон ҳозир ҳам дунёнинг коронавирус расман қайд этилмаган саноқли давлатларидан иккитаси бўлиб туришибди.

Кеча, 16 апрель куни Америка Қўшма Штатларининг Туркманистондаги элчихонаси эса, ўзига хос баёнот билан чиққан.

"Ҳатто аниқланган тақдирда ҳам, Туркманистон ўзларида COVID-19 борлигини тан олишга мойил эмас"лигини айтган.

Элчихонанинг бу баёнотига ҳозирча расмий Ашхободнинг муносабати маълум эмас.

Президент қизига "ҳамма нарса мумкинми?"

Америка Қўшма Штатларининг ўзи эса, ҳозир ҳам дунёнинг коронавирус билан боғлиқ энг ёмон аҳвол қайд этилаётган давлати бўлиб турибди.

Бугун у ерда жаъми ҳолатлар 700 минг кишига яқинлашган. Уларнинг 30 мингдан ортиқроғи аллақачон ҳаётдан кўз юмган.

Худди шу манзарада АҚШ Президентининг қизи ва маслаҳатчиси Иванка Трамп танқидлар остида қолиб кетган.

Бунга Иванка Трампнинг отасининг бошқа бир маслаҳатчиси бўлган эри ва уч фарзанди билан карантин шароитида Пасхани нишонлаш учун Вашингтондан Нью-Жерсига боргани сабаб бўлган.

Оқ уй уни оқлаб чиққан. Иванка Нью-Жерсига иш билан бормаганини айтган.

Глобал пандемия дунёни ўз забтига олаётган бир манзарада Хитой ҳукумати кутилган-кутилмаган баёнот билан чиққан.

Жаҳонда коронавируснинг илк ўчоғи бўлган Уханидаги коронавирусдан ўлим ҳолларига оид янги рақамларни эълон қилган.

Эскиларига яна 3300 та ўлим ҳолати қўшилган ва натижада вирус Уханда 4600 кишини ўлдиргани маъум бўлган.

Расмий Пекиннинг уқтиришича, маълумотларни атайдан ёпди-ёпди қилишмаган.

Хитой ҳукуматининг даъво қилишича, Ухандаги ҳолат қайта ўрганилмоқда, янги ҳисоботлар тайёрланмоқда ва қўшимча маълумотлар шунга яраша бўй кўрсатмоқда.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek