You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Ўзбекистон, коронавирус: Ҳукумат одамларга ёрдам пули тарқатишни режалаштирмаяптими?
15 апрел куни иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Жамшид Қўчқоров ҳукумат карантин чоралари туфайли қийналиб қолган одамларга моддий ёрдам бериш масаласини ўйлаётгани, лекин бу ҳақида ҳозирча гапиришга эрта эканини айтган.
Коронавирус пандемияси туфайли дунё иқтисодиётининг фалажланиб қолиши ортидан ўртаҳол ва қашшоқ анчайин оғир молиявий вазиятга тушиб қолган.
Халқаро валюта жамғармаси эса жаҳон 1930-йиллардаги "Буюк тушкунлик"дан сўнг навбатдаги йирик иқтисодий инқироз ёқасида турганини айтмоқда.
Бундай инқироз фонида, асосан, қатор ривожланган давлатлар ўз аҳолисига бир марталик ёрдам пуллари тарқатмоқда, миллий иқтисодиётни асраб қолиш йўлида триллионлаб доллар ажратмоқда.
Карантинда ўтирганига бир ойдан ўтган аксар ўзбекистонликларни эса бир савол ўйлантирмоқда: карантин яна қанчага чўзилади ва агар у тез орада тугамаса, аҳволимиз не кечади?
Ана шу савол кун тартибига бошқа бир масалани олиб чиққан: ҳукумат қийналиб қолган одамларга моддий ёрдам тарқатадими?
15-апрелда Молия вазирлиги ва Марказий Банк билан бўлиб ўтган қўшма брифингда иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Жамшид Қўчқоров ҳукумат даромадидан айрилган фуқароларга қандай моддий ёрдам беришнинг бир неча йўлини кўриб чиқмоқда, аммо ҳозирча бу ҳақида гапиришга эрта эканини маълум қилган.
Одамларга пул тарқатиб бўлмайдими?
Бир вақтнинг ўзида эса мамлакатнинг турли ҳудудлари, айниқса, қишлоқлардан доимий ишга эга бўлмаган ва карантин сабабли ишсиз қолган одамларнинг молиявий аҳволи тобора абгорлашиб бораётгани тўғрисида хабарлар келиши кўпаймоқда.
Жамшид Қўчқоровнинг сўзларидан англашилинишича, ҳукумат чиндан даромадидан айрилган ва ёрдамга реал муҳтож одамларни аниқлаш механизмини ишлаб чиқишдан қийналмоқда.
Бу эса ҳукумат барча ўзбекистонликлар учун ялпи ижтимоий-моддий ёрдам тарқатишни режалаштирмаётганини англатиши мумкин.
Қўшни Қозоғистон эса ижтимоий кўмак пакетини эълон қилиб, мамлакатнинг исталган фуқароси ҳукумат ёрдами учун даъвогарлик қилиши мумкинлигини маълум қилган.
Қозоғистонликлар 100 доллар миқдоридаги бир марталик бу ёрдамни олиш учун пандемия туфайли даромадидан айрилганини исботлашга мажбур эмас.
Бир қатор ривожланган давлатларда ҳам даромади ва молиявий аҳволидан ташқари одамларга моддий кўмак бериш масаласи кўриб чиқилмоқда.
Ижтимоий тармоқларда Ўзбекистонда ҳам ана шундай ёрдам пакетини тезроқ жорий қилиш зарурлиги, бўлмаса, юз минглаб, ҳатто, миллионлаб одамлар янада қийин аҳволга тушиб, мамлакатда норозилик кайфияти юзага келиши мумкинлиги тўғрисида фикрлар бот-бот кўзга ташланмоқда.
Аммо Ўзбекистон шароитида одамларга оммавий моддий ёрдам бериш ўнглаб бўлмас салбий оқибатларга олиб келишини таъкидловчилар ҳам бор.
Одамларга ёрдам пули тарқатиш ғоясини қўлламайдиганлар келтирадиган асосий сабаб - Ўзбекистон иқтисодиётининг соғлом эмаслиги.
Бундай фикр тарафдорлари агари иқтисодиёт шаффоф, соядаги ишлардан ҳоли ва бозор қонунларига тўлиқ бўйсунган ҳолда ишласа, инқироз пайтида оммавий пул тарқатиш одамларнинг истеъмолчилик қувватини ошириши ва, ўз навбатида, фалажланиб қолган иқтисодиётни жонлаштиришини айтадилар.
Улар АҚШ каби ривожланган давлатлар шу сабабдан қўрқмай ўз фуқароларига минглаб доллар миқдорида ёрдам тарқатаётганини қўшимча қиладилар.
Бироқ уларнинг фикрича, агар Ўзбекистонда одамларга пул бериб чиқилса, бу пулларнинг аксар қисми мамлакатда ҳануз катта таъсирга эга бўлган "қора иқтисодиёт"га ўтиб кетади ва ҳеч қачон банклар ҳамда бюджетга қайтиб тушмайди.
Оқибатда, шундоқ ҳам юқори бўлган инфлатсия осмонга сакраб, ҳозиргиданда қийинроқ иқтисодий вазият юзага келади.
Телеграмдаги Маcробс каналида эълон қилинган таҳлилда ҳам нега одамларга пул тарқатиш Ўзбекистондек ривожланаётган давлатларда нега инфляция суръатини кескин ошириб, молиявий қийинчиликлар ҳосил қилиши мумкинлиги содда тилда тушунтирилган.
Таҳлилда айтилишича, АҚШ каби ўз фуқароларига пул тарқатаётган давлатларда инфлатсия суръати жуда паст ва, муҳими, давлат қарзлари миллий валютада.
"Ривожланган давлатларда инфляция суръати жуда пастлиги ва энг муҳими, давлат қарзлари асосан ўзларининг миллий валютасида эканлиги - триллионлаб долларлик харажатларни амалга ошириш имконини бермоқда… Шунинг учун мазкур давлатлар 3 ой олдин кўплаб иқтисодчиларнинг тушига ҳам кирмаган чораларга қўл урмоқда - АҚШ тўғридан-тўғри аҳолига пул тарқатмоқда ёки штатлар чиқарган облигацияларини сотиб олмоқда, Буюк Британия Марказий банки эса ҳукумат чиқарган давлат облигацияларини тўғридан-тўғри сотиб олиб, давлат бюджети қарзини монетизатсия қилмоқда", дейилади таҳлилда.
Таҳлил муаллифининг фикрича, Ўзбекистонда давлат қарзлари асосан хорижий валютада бўлганидан одамларга моддий ёрдам бериш қўшимча давлат харажатларини ошишига олиб келади ва бу валюта курсига босим ўтказмай қолмайди.
Оқибатда, ҳам инфляция кўтарилиб, ҳам миллий валютанинг хорижий валюталарга нисбатан қадри сезиларли пасайиб кетади.
Аммо масалага инсонпарварлик нуқтайи-назари билан қараётганлар ҳам талайгина.
Уларнинг сўзларига кўра, бундай вазиятда иқтисодиёт қонунларини эмас, балки одамларни ўйлаш керак. Акс ҳолда, давлат ва иқтисодиётнинг асосий пойдевори бўлган одамлар ўнглаб бўлмас зарбага учраши мумкин ва ўз навбатида энг хатарли инқирозга айланиб кетади.
Пулни ким тарқатади?
Би-би-си билан суҳбатлашган маҳаллий иқтисодчилардан бири ушбу масалага янада қизиқроқ нуқтайи-назар билан қаради.
У агар ҳукумат ялпи ижтимоий-моддий кўмак тарқатиш ҳақида қарор қабул қилса, у ҳолда пуллар ўз вақтида ва тўлиқ одамлар қўлига етиб борадими, деган саволни ўртага ташлайди.
Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистонда пенсия, нафақа, ёрдам пули каби ижтимоий ёрдамларни тарқатишга йиллар давомида масъул бўлиб келган ҳокимликлар ва маҳалла тизими коррупцияга ботиб кетган.
"Агар ҳукумат одамларга ёрдам қўлини чўзишга қарор қилса, у ҳолда пулларни тарқатиш, катта эҳтимол билан, яна ҳокимликлар ва маҳалла тизимига топширилади ва ажратилган маблағнинг йирик кўламда талон-тарож қилинмаслигига кафолат жуда ҳам кам", таъкидлайди у.
Шунингдек, ушбу иқтисодчи Инқирозга қарши курашиш жамғармаси маблағларининг сарфланиш мақсади ва самарадорлигини ҳам савол остига олади.
Молия вазирлиги президент Шавкат Мирзиёев топшириғи билан ташкил этилган Инқирозга қарши курашиш жамғармаси ҳисобига 15 апрелга қадар қарийб 1 триллион 600 миллиард сўм келиб тушгани ва ушбу маблағ нималарга харж қилинаётгани борасида батафсил маълумотларни келтирган.
Маълумотларда, асосан, махсус шифохоналар ва вақтинчалик карантин зоналари қуриш, умуман олганда, тиббиёт соҳасига катта маблағ ажратилаётгани, ижтимоий соҳага йўналтирилган пул миқдори у қадар кўп эмаслигини кўриш мумкин.
Масалан, карантин мажмуалари, махсус шифохоналар ва уларни жиҳозлаш учун 411 миллиард сўм ажратилгани маълум қилинган.
Маҳаллий иқтисодчи эса контейнерлардан тикланган вақтинча карантин зоналарига бу қадар катта маблағ сарфланаётгани шубҳали эканини таъкидлайди.
Умуман олганда, ушбу иқтисодчи ҳозирда муқаррар инқироз ботқоғига ботмаслик йўлида Ўзбекистон учун энг мақбул ечим одамларга пул тарқатиш эмас, балки карантин чораларини имкон қадар тезроқ енгиллаштириш, одамларни тиббий хавфсизликка қатъий риоя қилган ҳолда ишлашига рухсат бериш ва иқтисодни қайта ишга тушириш эканини таъкидлайди.
Айни пайтда...
Ўзбекистонда карантин туфайли кундалик рўзғорини тебратиши қийинлашиб қолганлар ҳақида хабарлар пайдо бўлиши ортидан, хайрия ишлари ҳам жадаллашгани кўзга ташланмоқда.
Маҳаллий ҳокимлар эҳтиёжмандлар рўзғоридан хабар олиши баробарида хайрия амалларига ҳам қўл уришаётгани ҳақида хабарлар бор.
Шаҳрисабз шаҳар ҳокими Тўлқин Каримов эса kitab.uz нашрининг ёзишича, ўз ҳисобидан ҳўкиз сўйиб, 100 килодан ошиқ гўштни эҳтиёжмандларга тарқатиб берган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.