Ўзбекистон: Каттақўрғондаги портлашда уч инсон ҳалок бўлди O'zbekiston

Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон шаҳридаги кўп хонадонли уйда портлаш содир бўлган.

Расмий манбаларга кўра, камида 3 инсон ҳалок бўлган.

Яна тўрт кишининг турли даражада жароҳат олганлиги айтилади.

Лекин уларнинг аҳволи қанчалик енгил ё оғирлиги ҳақилда аниқ маълумотлар йўқ.

Қурбонлар ёши, жинси ва бошқа тафсилотлар айтилмаган.

Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлигига кўра, барча қурбонлар ва ярадорлар портлаш содир бўлган кўп хонадонли уй яшовчиларидир.

Бахтсиз ҳодиса 12 апрель якшанба эрталабки соат 0643 атрофида рўй берган.

Ўзбекистон карантинда қолаётгани учун барча яшовчилар уйда бўлган.

Ҳозир боғча-мактаблар ҳам ёпиқ ва болалар уйда қолишмоқда.

Расмий хабарларга биноан, газ сизиши оқибатида ҳаво аралашмаси портлаши содир бўлган.

Уйдаги хонадонлар бошқа жойга кўчирилган ҳамда воқеа жойида мутахассислар ишлашаётгани ҳақида айтмоқдалар.

Ички ишлар вазирлиги ҳодиса юзасидан текширув ишлари бошланганини айтмоқда.

Сўнгги кунларда Ўзбекистонда қор ёғиб, ҳаво совуганди.

Ўзбекистон бўйлаб газ ва ток таъминотида тез-тез узилишлар бўлиши одатий ҳол.

Бундай ҳолатларда одамлар газ очиқ қолганми ёки ёпилганми - билмай қолишлари ҳам мумкин.

Каттакўрғонда бахтсиз ҳодисада эса айнан нима бўлгани ҳали аниқ эмас.

Портлашга олиб келган газ сизиши тафсилотлари ҳали ўрганилмоқда.

Қиш пайтлари Ўзбекистонда одамлар орасида ис газидан заҳарланиш ва ҳатто ўлим ҳоллари тез-тез учрайди.

Электр ва газ таъминоти йўқлиги учун одамлар кўмир ёқишади.

Вилоятлардаги кўп қаватли уйларда иситиш тизимлари ҳам ишдан чиққан ҳолатлар кўп.

Одамлар ошхонадаги газ плитасидан бошқа нотўғри мақсадларда ҳам фойдаланишга мажбур бўлишади.

Ўзбекистон ҳукумати аҳолини керакли энергия билан таъмилай олмаяпти ва газ узилиши ҳамда свет ўчишини батараф эта олмаган давлатлардан бири саналади.

Лекин бу мамлакат Хитой, Россия ва Афғонистонга катта миқдорда газ ва электр энергияси сотади.

Алоқадор мавзулар:

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek