You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Коронавирус: Вакцина қачон пайдо бўлади? Ўзбекистон - O'zbekiston
- Author, Жеймс Галлахер
- Role, Би-би-сининг илм ва соғлиқни сақлаш бўйича мухбири
- Ўқилиш вақти: 3 дақ
Коронавирус касаллигига чалинганлар 90 мамлакатда қайд қилинди, уларнинг орасида ҳозирча Ўзбекистон йўқ. Ҳар куни минглаб одам вирус юқтирганлар қаторига қўшилмоқда.
Инфекция тарқалишининг олдини олишда ёрдам берадиган коронавирусга қарши вакцина ҳануз йўқ. Вакцина яратилишини қачон кутсак бўлади?
Коронавирусга қарши вакцина қачон пайдо бўлади?
Айни дамда олимлар вакцинанинг бир неча турини ишлаб чиқишди ва уларнинг самарадорлигини ҳайвонларда синаб кўришмоқда. Агар тажриба муваффақиятли чиқса кейин шу йилдан бошлаб одамларда синаб кўриш мумкин.
Аммо олимлар ишчи вакцинани янги йилга қадар ишлаб чиқса ҳам, уни оммавий равишда ишлаб чиқаришни бошлаш озмунча вақт талаб қилмайди.
Агар вазиятга реал қарайдиган бўлсак, самарали вакцинани пайдо бўлишини 2021 йил ўрталаридан олдин кутмаслигимиз керак.
Вакцинани қисқа муддатда ишлаб чиқишга ҳаракат қилишаётганини ҳам эсдан чиқармаслик керак. Уни тайёрлаш учун янги услублар қўлланилаётганини ҳам ҳисобга олсак ҳамма нарса хамирдан қил суғургандек ҳал бўлмаслиги мумкин.
Айни дамда одамлар орасида коронавируснинг 4 тури тарқалган, уларнинг бирортасига ҳам қарши вакцина йўқ.
Вакцина ҳаммага ёрдам берадими?
Афсуски, вакцина қарияларга нисбатан анча самарасиз бўлади. Гап вакцинада эмас, балки ёш бўлмаган беморларнинг иммунитети вакцина урилган вақти заиф жавоб беришида. Бу нарсани ҳар йили одамларга гриппга қарши эмланганида кузатамиз.
Бундан ташқари барча дори дармонлар қўшимча таъсирга эга, ҳатто парацетамол ҳам. Лекин клиник синов ўтказмасдан тажрибадаги вакциналарнинг қўшимча таъсири ҳақида ишонч билан гапира олмаймиз.
Вакцина бўлмаган ҳолатда қандай ҳимояланиш мумкин?
Вакцина бизни инфекциядан ҳимоя қилиши мумкин, аммо хавфдан омон қолишнинг ҳозирча энг яхши усули бу - гигиена қоидаларига риоя қилиш.
Касаллик юқтирган кўпчилик сезилмас аломатларни бошидан кечиради.
Айни дамда вирусга қарши бир нечта дори синовдан ўтмоқда, лекин уларнинг бирортасини ҳам Covid-19 билан курашишда самарали деб айта олмаймиз.
Вакциналар қандай яратилади?
Вакцина беморнинг соғлиғига шикаст бермасдан унинг иммун тизимини зарарли вирус ёки бактерия билан "таништиради". Тана "душман"ни таниб қолади ва унга қарши курашишга ўрганади.
Кейин танамиз ўша инфекцияси билан ҳаётда дуч келса, иммун тизимимиз унинг қанақа касаллик эканлигини ва унга қарши қандай курашишни билади.
Ўнлаб йиллар давомида вакцина ҳақиқий вирус намунаси ёрдамида тайёрланиб келинмоқда.
Қизамиқ ва қизилчага қарши вакцина вируснинг бутунлай касал қилмайдиган заифлашган намунасидан тайёрланади.
Мавсумий гриппларга қарши вакцина ўша йилда кенг тарқалган тури асосида, уни тўлиқ зарарсизлантирилиб тайёрланади.
Янги коронавирусга қарши вакцинани тайёрлаш учун йиллар давомида синовдан ўтмаган, вақт ва захирани иқтисод қилувчи услубдан фойдаланилмоқда. Вируснинг генетик коди парчалари асосида вакцина тайёрлаш усулидан ишлатиляпти.
Sars-CoV-3 коронавируси генетик кодини билганимиз учун тўқимага киритилганидан сўнг патоген оқсилларини ишлаб чиқарувчи ва зарурий иммун реакцияни берувчи вакцинани ишлаб чиқиш мумкин.
Олимлар Sars-CoV-3 генетик коди парчаларини инсон учун хавфсиз бўлган вирус билан алмаштирувчи услубдан фойдаланади.
Бу каби "генетик вакцина" назарий жиҳатдан иммунитетни коронавирусга қарши курашувчанлигини оширишда кўмаклашиши керак.
Айрим ҳолатларда вирус ДНК ва РНК парчалари тўғридан тўғри танага киритилади. Улар танага киришига билан патоген оқсилларини ишлаб чиқаришни бошлайди ва иммун тизими ушбу оқсилларга қарши туришни ўрганади.