You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Ўзбекистон Хитой билан қатновларни вақтинча тўхтатади - O'zbekiston
Ўзбекистон ҳукумати коронавирус эпидемияси расман бартараф этилмагунича Хитой билан қатновларни вақтинча тўхтатиш тўғрисида топшириқ берди. Олдинроқ Соғлиқни сақлаш вазири эпидемиянинг олдини олиш учун қатновларни тўхтатиш кераклигини айтганди.
Хитой билан қатновларнинг тўхтатилиши ҳақида Соғлиқни сақлаш вазирлигининг матбуот хизмати хабар берди.
Минтақадаги бир неча давлатлар Хитой билан қатновларни тўхтатиб, чегараларни ёпишга қарор қилган.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти фавқулодда ҳолат эълон қилди.
Олдинроқ Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шадманов Ўзбекистонни короновирус эпидемиясидан сақлаш учун Хитой билан борди-келдиларни вақтинча тўхтатиб туришга чақирганди.
Вазир Алишер Шадманов Ўзбекистонда кўрилаётган чоралар Хитойдан келувчиларни чеклашдек самарали бўлмаслигидан огоҳлантирган.
"Шахсан ўзим юртимиз фуқароларининг Хитойга боришини чеклаш билан бир қаторда, хитойликлар ва бошқа хорижий давлатлар фуқароларининг ушбу мамлакатдан юртимизга кириб келишини вақтинчалик чеклаш тарафдориман. Чунки, ушбу вируснинг ҳаво-томчи йўли билан ўтиши, одамдан одамга юқиши, бундан ташқари, касаллик белгиларининг яширин даври 14 кун давом этиши касаллик тарқалиш хавфини кескин оширади", деган Алишер Шадманов.
Бироқ Соғликни сақлаш вазири чегараларни ёпиш вазирлик ваколатига кирмагани боис ушбу чораларни кўра олмаслигини билдирган.
Алишер Шадманов вирус АҚШ, Европа давлатлари ва Осиёнинг тараққий этган мамлакатларида кузатилаётгани вазиятнинг нақадар жиддийлигидан далолат беришини таъкидлаган.
Декабр ойининг охирида Хитойнинг Ухан шаҳрида қайд этилган хавфли вирусни юқтирганлар сони қарийб 10 мингга етди.
Миллионлаб ўзбек меҳнат мигрантлари яшайдиган Россияда ҳам коронавирус юқтирган икки киши аниқланди.
Хитой билан чегарадош Забайкал ўлкаси ва Тюмен вилоятида икки хитойлик коронавирус ташхиси билан шифохонага ётқизилди.
Жаҳон Соғликни сақлаш ташкилоти хавфли вирус сабаб фавқулодда ҳолат режимини эълон қилди.
Хитой билан чегарадош давлатлар бирин-кетин алоқаларни вақтинча тўхтатмоқда.
Россия Хитой билан 4 минг 300 чақиримлик чегарасини ёпди.
Ўзбекистоннинг қўшниси Қирғизистон ҳам Хитой билан чегараларни вақтинча ёпганини маълум қилди.
Қозоғистон Хитой билан чегараларни тўлиқ ёпганича йўқ, лекин икки давлат ўртасидаги қатновга чеклов киритилади.
Қозоғистон ва Хитой чегарасида қурилган Хоргос халқаро чегара маркази вақтинча фаолиятини тўхтатди.
Қозоғистон, шунингдек, Хитой билан автобус қатновлари тўхтатди. Ҳукумат 1 ва 3 февралдан бошлаб, поезд ҳамда ҳаво қатновлари тўхтатилишини маълум қилди.
Хитойликларга виза бериш тўхтатилди.
Хитой билан чегарадош Тожикистон ҳозирча икки давлат ўртасида бирорта чеклов киритгани йўқ. Тожикистон ҳукумати фуқароларини Хитойга сафар қилмай туришликка чақирган.
2003 йили Хитойда тарқалган яна бир вирус — САРС билан солиштирганда коронавирус қисқа вақтнинг ичида кўпроқ одамга юқяпти.
Бир ойнинг ичида САРСдан касалланганлар, 8100 нафар бўлган, коронавирусдан бир ойнинг ичида 9962 одам касалланган.
Ҳозирча коронавирусдан Хитойда 213 одам вафот этди. 2003 йили бир ойнинг ичида САРС вирусидан 774 одам ўлганди.
Коронавирус юқтирганларнинг аксарияти Хитойда, ҳозирча дунёнинг 20 давлатида ушбу вирусга чалинган қарийб 100 киши аниқланган.
Хитойдан ташқарида ўлим ҳолати кузатилгани йўқ.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: @bbcuzbek