Ўзбекистон ҳамон демократия йўқ авторитар давлатлар қаторида - O'zbekiston

Ўзбекистон демократик кўрсатгич бўйича 167 давлатнинг ичида 157- ўринни олди. Сайлов, фикрлар хилма-хиллиги ва фуқаролик жамияти эркинлиги бўйича ўта паст кўрсатгич бу йил ҳам сақланиб қолган.

Сармоя ётқизмоқчи бўлган тадбиркор ва давлатларни дунёдаги демократик аҳвол билан таништириб боришни мақсад қилган The Economist нашрининг Тадқиқот гуруҳи 2019 йил учун давлатларнинг демократик кўрсатгичини эълон қилди.

2018 йил билан солиштирганда Ўзбекистон ушбу рўйхатда бир поғона пастга тушган ва 167 давлат ичида 157- ўринни эгаллаган.

Марказий Осиёда Ўзбекистондан сўнг Тожикистон ва Туркманистон давлатларини кўриш мумкин. Энг сўнгги ўринни Шимолий Корея ҳеч кимга бермасдан келмоқда.

2018 йилги ҳисоботда Ўзбекистон рўйхатда бироз кўтарилган ва бу ҳисобот тайёрловчилар томонидан эътироф этилганди.

Ўзбекистоннинг 2019 йилда тўплаган балли 2018 йил билан бир хиллигини кўриш мумкин.

2,01 балл икки йилда ўзгармаган. Бироқ бир йил олдин Ўзбекистондан кейинда турган Ғарбий Африканинг Гвинея-Бисау давлати 2019 йилда 10 поғона юқорилаб кетган. Натижада Ўзбекистон сўнгги ҳисоботда энг ёмон 11 давлатдан бири бўлиб қолган.

Ҳисобот тайёрловчилар Ўзбекистонни Марказий Осиёнинг 4 давлати каби "диктаторлик"ка асосланган республика эканлигини айтган.

"Аксар раҳбарлари ўз ўрнини ўнлаб йиллар давомида бўшатмаётган Марказий Осиёнинг тўрт давлати (Қозоғистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон)да диктаторлик сақланиб қолмоқда. Келаётган йилларда бу давлатларда ўзгариш бўлишини кутмаяпмиз. Чунки бу давлатларнинг бирортасида ҳам мухолифат қудратга келишэҳтимоли йўқ. Ушбу авторитар бошқарувлар ўзгача фикрловчилар ҳамда мухолифатни бостиришга устига қурилган бўлса-да, у мўрт ва бу нарса режимларнинг яшаб кетишига таҳдид бўлиши мумкин", дейилади ҳисоботда.

Тадқиқот гуруҳи Туркманистон мисолида иқтисоднинг ёмонлашуви, истеъмол товарларидаги танқислик, пул алмаштиришдаги чекловлар, халққа нисбатан жазоларнинг кўпайиши кутилмаган оқибатларга олиб келиши мумкинлигини тахмин қилган.

Ўзбекистон икки йилдан бери 2.01 балл олганини кўриш мумкин. 2006 йилдан бери Ўзбекистон 2014 йилда энг юқори 2.45 балл олган. 2012 ва 2013 йилларда Ўзбекистон энг паст кўрсатгич 1.72 балл олган.

Ҳисоботда 4 баллдан паст олган давлатларга авторитар режим, дея тасниф берилган.

Солиштириш учун Ўзбекистон каби собиқ шўро давлати бўлган Эстония 7.9 балл билан минтақада биринчи, дунёда 27 ўринни эгаллаган.

Ўзбекистон сайлов, фикрлар хилма хиллиги ва фуқаролик жамиятининг эркинлиги бўйича ўта паст 0.08 ва 0.88 балл олганини кўриш мумкин.

Интернет фойдаланувчиларини Ўзбекистоннинг рўйхатда Афғонистондан ҳам ортда эканлиги ажаблантирган.

Ўнлаб йиллардан бери урушлар гирдобидан чиқолмай келаётган Афғонистон рўйхатда 141-ўринни эгаллаган.

Францияда истиқомат қилаётган сиёсатшунос Камолиддин Раббимов анча анъанавий бўлган Покистон, Афғонистон каби давлатлардан Ўзбекистон демократия борасида 20-30 йил орқада эканлигини айтади.

"Ўзбекистонни уччала жанубий қўшнилари - Покистон, Эрон ва Афғонистон, қанчалик анъанавий бўлишмасин, демократия, эркин сайловлар, намойишлар, сўз эркинлиги, суд ҳокимияти мустақиллиги борасида, камида 20-30 йил олдинда. Битта Каримов даврида, Эронда 3-4 Президент алмашди, Покистонда 4-5 нафар Бош вазир алмашди, Афғонистонда 2-3 Президент алмашди", дейди у.

Таҳлилчининг айтишича, агар Ўзбекистон 2030 йилга бориб, Афғонистондаги каби, ҳокимиятни Конституция доирасида, сайловлар орқали алмаштиришга эриша олса - катта маррага эришган бўлади.

"Одамлар демократия деганда, модернизмни - ғарбча турмуш тарзини, ғарбга тақлидни тушунишади. Лекин, ўзбекона ва шарқона турмуш тарзи билан ҳам, бемалол, демократияга эришиш мумкин. Буни йўли жуда осон - алдамаслик!", дейди Камолиддин Раббимов.

Сўнгги ҳисоботда бутун дунёда демократик аҳвол ёмонлашганини кўриш мумкин. 2006 йилдан бери 2019 йилда дунёда демократик аҳвол энг ёмон кўрсатгични ташкил қилган ва умумий ҳисобда 5.84 баллни ташкил қилган.

Британиянинг The Economist нашрига қарашли бўлган Тадқиқот гуруҳига 1946 йилда асос солинган. Бир гуруҳ тадқиқотчи ва таҳлилчилар дунёнинг қандай ўзгараётгани, бу янги бозорларни эгаллашда қандай қўл келиши ва хавф-хатарларни қандай бошқариш ҳақида тадбиркор, молиявий ширкат ва давлатларга ёрдам беради.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek