20 ёшдан 53гача: Томскда ёнган 10 ўзбек ким эди? O`zbekiston

Россиянинг Томск вилояти ўрмон хўжалигидаги ёғоч ётоқхонада ёниб кетган 10 нафар ўзбекистонликнинг шахслари аниқланди.

Уларнинг тўққиз нафари Навоий вилояти Қизилтепа туманидан. Бир киши Самарқанд вилояти Каттақўрғон туманидан.

Қурбонларнинг энг ёши энди 20дан ошган йигитча.

Энг каттаси 53 яшар эркак.

ТАСС хабар агентлигига кўра, 23 январь пайшанба куни Ўзбекистон вакиллари марҳумларнинг қариндошларидан олинган ДНК намуналарини Россияга олиб келишади.

Кейин шу асосда қайси жасад кимга тегишли экани тўлиқ аниқланаши мумкин.

Ўзбекистон Фавқулодда Вазиятлар Вазирлигининг ёзишича, қурбонларнинг жасадларини келтириш, уларнинг оилаларига тиббий ҳамда руҳий ёрдам бериш, дафн маросимларини ўтказишда кўмак кўрсатиш ва Россия масъуллари билан биргаликда ёнғин сабабларини ўрганиш учун Ўзбекистон махсус ҳукумат комиссияси тузган.

Ёнғин қандай чиққан?

Ёнғин 21 январь сешанба тонггида юзага келган.

Ўт ўчирувчилар келганда мигрантлар яшаган бир қаватли эски ёғоч бино буткул олов ичида қолган ва ҳеч кимни қутқариб бўлмаган.

Икки муҳожир ўзлари деразани синдириб қочиб чиқишгани айтилмоқда.

Ўн нафар ўзбекистонлик эса қутула олмаган.

Томскдаги фавқулодда вазиятлар масъулларидан иқтибос келтирган Россия хабар агентликлари ёнғинга носоз электр иситгичлар сабаб бўлгани эҳтимолини ёзишмоқда.

Эски ёғоч бино аслида инсон яшаши учун мўлжаллаб қурилмаган.

Бироқ дарахт кесиш ишлари билан шуғулланадиган ўзбекистонликлар ўрмон хўжалиги ҳудудидаги айни омбордан ётоқхона сифатида фойдаланишган.

Россия нашрларининг ёзишича, ушбу бино мутлақо яшаш ва электр хавфсизлик андазаларига мос бўлмаган.

Сибирнинг қаҳратон қишида эса ўзбекистонликлар исиниш учун электр қурилмалардан фойдаланишга мажбур бўлишгани эҳтимоли билдирилмоқда.

Ҳали икки йил олдин Қозоғистондаги носоз автобусда қўлбола иситгичдан фойдаланишга мажбур бўлган 52 нафар ўзбекистонлик ёниб кетганди.

Россиядаги энг ҳуқуқсиз аҳволда ишлаб, яшайдиган ўзбекистонлик мигрантлар энг оғир шароитларга ҳам рози бўладилар.

Чунки Ўзбекистонда яшашга етадиган тузук маошли иш топиш жуда қийин.

Жаннатмакон юртдаги имконсизлик

Ўзбек ҳукумати фуқароларнинг ҳатто ўз пойтахтига келиб яшашини ҳам йигирма йилдан бери кескин чеклаб ташлаган.

Ўзбекистон меҳнат бозорига ҳар йили 600-700 минг ёш кириб келади.

Улар учун етарли иш ўринлари яратилмаяпти. Иш бўлса ҳам, берадиган маоши жуда паст.

Олий ўқув юртлариа ёшларни қамраб олиш жиҳатидан минтақада Афғонистонда даражасида қолиб кетган.

Ўзбекистон ҳукумати ёш болаларни узоқ йиллар давомида ўқиш ва билим олишдан узиб, пахта далаларида қул каби ишлатиб келган.

Бу билим даражасига таъсир этмай қолмаган.

Имконини топган илмли ўзбек ёшлари Ғарб давлатларига, аммо етарли малака ва билимга эга бўлмаганлар Россияга кетишмоқда.

Норасмий рақамларга кўра 1-3 миллион ўзбекистонлик Россияда иш излайди.

Россияда эса аксилмуҳожир кайфиятлари, миллатчилик ҳамда ирқчилик кучли.

Энг ёмони - ўзбек мигрантлари ўта ҳуқуқсиз ҳолатда. Улар калтак еганда ё ойлиги берилмаганда полицияга ҳам боролмайди, касал бўлса шифохонага ҳам мурожаат эта олишмайди.

Ўзбекистон ҳукумати чорак аср давомида уларнинг муаммолари тугул, ҳатто мигрантларнинг ўзлари гўёки йўқдек, уларни беэътибор қолдирган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek