Ўзбекистон: Фарғона вилоят ҳокимлиги таҳдидли овоз Шуҳрат Ғаниевга тегишли эканини тан олганмиди?

Фарғона вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати ҳоким Шуҳрат Ғаниев "блогернинг жанозасини ўқишни" буюрган овоз сохталигини айтмоқда. Бироқ матбуот хизматининг бир йиғилишдан ёзиб олингани айтилаётган аудиога нисбатан турли вақтларда берган раддияси бир-бирига зид келмоқда. Ҳокимликнинг раддиялари нега бир-бирига мос келмаяпти?

Вилоят матбуот хизмати 6 декабр куни берган раддиясида Ғаниевнинг қуввалик икки блогерни "аҳмоқ" деган гапларини тасдиқлаган эди. Матбуот хизмати 14 декабр куни айни шу йиғилишдан дея сиздирилган овозни "ички, тор доирада ўтган йиғилишда" бўлган бўлиши мумкинлигини айтди. Яна бир раддияда эса, бу гаплар умуман бўлмаганлиги ва туҳматлигини таъкидлади.

Айни пайтда ҳоким навбатдаги аудиоси тармоқларга сиздирилишидан бир кун ўтиб вилоятдаги журналист ва блогерлар билан учрашган.

Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.

"Тўғри, баъзи бир танқидий чиқишлар кимларгадир ёқмаслиги аниқ. Раҳбарлар журналист ва блогерлар билан мулоқот қилишдан қочмасдан самарали ҳамкорликни йўлга қўйиш вақти келди. ", дея Шуҳрат Ғаниевдан иқтибос келтирган давлат хабар агентлиги.

Жанозаси ўқилсин!

Ўтган шанба куни тарқалган ва Шуҳрат Ғаниевга тегишли экани айтилган аудиода овоз эгаси вилоят ҳокими истеъфосини талаб қилган блогернинг "жанозаси ўқилиши керак"лигини айтади.

"Озодлик" радиосининг ёзишича, 2 декабр куни бўлиб ўтган мажлисда Ғаниев Қува тумани ҳокимига дакки бераётганини эшитиш мумкин:

Қува тумани ҳокими: - Саломалейкум.

Шуҳрат Ғаниев: - Саломалейкум. Қани ўша?

Қува тумани ҳокими: - Шуҳрат Мадаминович, аниқлаштир деганингизга аниқлаштириш....

Шуҳрат Ғаниев: - Аниқлаштириш керак эмас, қачон ўқилади унинг жанозаси?

Қува тумани ҳокими: - Чорасини кўрдик...

Шуҳрат Ғаниев: - Чора кўриш эмас бу оғайни, жанозаси ўқилса кейин ҳисоб энди уни.

Қува тумани ҳокими: - Тушунарли...

Шуҳрат Ғаниев: - Нима деганинг у тушунарли.

Қува тумани ҳокими: - Мана режа туздик ҳозир бошланди...

Шуҳрат Ғаниев: - Каттахолангникига бошландими? А? Аммангни сумалаги бошландими? Ҳосил байрамидан маҳрум бўлдинг, тамом.

Фарғона вилоят матбуот хизмати ҳолат юзасидан уч марта раддия берган.

Сўнгги икки раддияда ушбу овоз Шуҳрат Ғаниевга тегишли эмаслиги, у монтаж қилингани ва "Озодлик" радиоси туҳмат қилаётгани айтилди.

Ҳокимлик матбуот котиби Муҳаммаджон Обидов "Озодлик" радиосига овоз монтажлиги ва у кимга тегишли эканлиги мунозаралигини таъкидлаган.

Бироқ раддиясининг тўртинчи бандида Обидов бундай йиғилиш бўлганлигини эътироф этган.

"Тўртинчидан, ҳатто бу етказувчининг манфаати йўлида қайта монтаж қилинган ёзув бўлса-да, у ички, тор доирада ўтган йиғилишдаги ҳокимлик тизими ходимларига нисбатан айтилган бўлиши керак", дейди Муҳаммаджон Обидов.

Ўша куни, яъни 14 декабрда Фарғона вилоят Ахборот хизмати Facebookдаги саҳифасида расмий раддия билан чиқди.

Ушбу раддияда "Озодлик"да чиққан овоз Ғаниевга тегишли эмаслиги, радио ҳокимга туҳмат қилгани очиқ айтилди.

"2 декабрда айтилган деб иддао қилинаётган аудио ёзувдаги овози ўхшатилган сўзлар бирон бир селектор йиғилишида Ш.Ғаниев томонидан айтилмаган. Ш.Ғаниев журналист ёки блогерларга нисбатан босим ёки тазйиқ ўтказмаган, Қува тумани ҳокимига бу ҳақда ҳеч қачон танбеҳ бермаган", дейилади хабарда.

Ҳокимлик ахборот хизмати ўқувчиларни "Озодлик" "ўйинига учмаслик»ка чақирган. Ҳокимлик АҚШ Конгресси томонидан молияланадиган радио журналистларини ҳокимнинг овозини ўхшатиш учун "пранкер" (тақлидчи, демоқчи, таҳ.) хизматидан фойдаланганликда айблаган.

"Ҳурматли интернет фойдаланувчилари, ҳамкасб журналистлар, блогерлар! "Озодлик"нинг ўйинига учманг, унинг туҳматларига ишонманг. Агар "Озодлик"да бундай ҳақиқий овоз бўлганида эди, у ўзи иддао қилишича 2 декабрдан буён уни ушлаб турмас эди.

"Озодлик"нинг куни энди пранкер (овоз ўхшатувчи)ларга қолган кўринади", дейилади хабарда.

Фарғона вилоят ҳокимлигининг расмий веб саҳифаси Fergana.uz да 2 декабрда бўлиб ўтган йиғилишга оид яна бир раддия чиққан эди.

Ушбу раддия сўнгги шов-шувли овоз чиқишидан олдин, 6 декабрда чоп қилинганди.

3 декабр куни "Озодлик" радиоси Ғаниевнинг 2 декабрда ўтказган селекторидан парча келтирди. Унда вилоят ҳокими газ йўқ, деб ижтимоий тармоқларга видео чиқарган икки қуваликни "аҳмоқ" дейди.

"Кеча мана Қува туманида бориб муҳокама қилдик. Иккита аҳмоқ уюштириб, йўлнинг бўйига одамлар чиқди, деб видео тасвирга олиб, ҳар хил тармоқларга ташлаб юборган. Иккита аҳмоқ. Бунинг чорасини кўрмаган ҳоким. Шунақа бўлибди-да, чиқарворибди, дейди. Сан нега қарамийсан? Нимага чора кўрмадинг? Ҳосил байрамига чақирма. Эшитдингми, келмасин ҳосил байрамига. Марғилонди ҳокимигаям қаттиқ ҳайфсан¸ Қува туман ҳокимигаям қаттиқ ҳайфсан!", деган Шуҳрат Ғаниев.

14 декабрда берилган раддияда матбуот хизмати "Қува тумани ҳокимига бу ҳақда ҳеч қачон танбеҳ бермаган", деганди.

6 декабрда берилган раддияда ҳокимлик аудио 2 декабр куни Фарғона вилоят ҳокими томонидан ўтказилган селекторда яширинча ёзиб олинганини тан олади.

"Жорий йилнинг 2 декабрь куни Фарғона вилояти ҳокими томонидан ўтказилган селекторда яширинча ёзиб олинган аудио ижтимоий тармоқларда тарқалиб, муҳокамаларга сабаб бўлди", дейилади унда.

Раддияда вилоят ҳокими аҳолига узлуксиз электр энергияси ва газ етказиб бериш ишларига кечаю кундуз бош бўлаётгани таъкидланган.

Бундан олдинги икки раддияда аудиони сохта ва монтаж деган вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати учини раддияда овознинг ҳақиқийлигини тан олганини кўриш мумкин.

"Аудиодан ҳам кўринадики, вилоят раҳбари ҳеч кимга нисбатан ҳақаротомуз сўз ишлатмаган. Масъул раҳбарларга танбеҳ берган. Шунингдек, ижтимоий тармоқларга норози бўлиб мурожаат қилган фуқароларга ҳеч қандай босим ўтказилмаганлигини ҳам эслатиб ўтмоқчимиз".

Фарғона ҳокимлиги фуқароларни "Озодлик" радиосига шикоят қилмасликка чақирган.

"Шу ўринда айтиш керакки, "Озодлик"ка жар солгунча ўз юртимиз, халқимиз, оила ва бола-чақаларимиз учун наф тегадиган хайрли амал билан шуғуллансак яхши эмасми! Ватанни танимаслар бизга нима қилиб берарди, ўзига тайин юрт қилолмаганлар халққа асқотармиди. Ҳар бир инсонни у ким бўлишидан қатъий назар борида қадрига етишни ҳам билайлик", дейилади хабарда.

Ҳоким ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилсин

Ўзбекистон расмий идоралари аввалроқ рўмол ва соқол ҳақидаги зиддиятли чиқиши боис Сенат томонидан огоҳлантирилган Фарғона вилоят ҳокимининг навбатдаги аудиоси юзасидан сукут сақламоқда.

Ҳозирга қадар на блогерларни ҳимоя қилишини айтадиган Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги - АОКА ва на Бош прокуратура аудиога муносабат билдирди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев прокуратурадан Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев билан боғлиқ навбатдаги шов-шувли ҳолатга ҳуқуқий баҳо беришни сўради.

Ҳоким ва унинг таҳдидли сўзлари ижтимоий тармоқларда мэмга айланмоқда.

Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари таҳдид ва ҳақоратлари бир неча маротаба оммага ошкор бўлган ҳокимнинг нимага ишдан олинмаётгани ҳақида саволлар қўйишмоқда.

Фарғона вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниевга тегишли шов-шув аудиолар биринчи марта чиқаётгани йўқ.

Шу вақтгача у Президент томонидан сиёсатга хиёнатда айбланган ҳокимлар орасига тушган ва Сенат томонидан 3 ойлик синов муҳлати олган.

Сўконғич ҳоким

Шуҳрат Ғаниевнинг ижтимоий тармоқларда шов-шув бўлганига ҳали бир ой бўлгани йўқ эди.

15 ноябр куни ҳоким мажлисда иштирок этаётган тадбиркорнинг сочи ва соқолини "чертса чикиллайдиган қилиб қириб" олишни буюрган.

"Ўртоқ Кобулов, соқолиниям, чочиниям ялтиллатиб қириб жўнатиб юборинглар. Чочини ҳам, соқолини ҳам анақа қилинг, чертса тикиллайдиган қилиб қўйинглар", дейди ҳоким Шуҳрат Ғаниев.

28 сентябр куни Би-би-сига Шуҳрат Ғаниев томонидан ўтказилган селекторнинг овози келиб тушди.

Унда Шуҳрат Ғаниев вилоятдаги диний ҳолат, одамларнинг соқол қўйиши ва аёлларнинг рўмол ўрашига қўйилиши керак бўлган тақиқлар ҳақида гапиради.

У Қува туманида қўшма корхона очган туркиялик сармоядорга соқолини олиш ҳақида гапирганини айтган.

"Мен айтдим, яхши қўшма корхона очибсизлар раҳмат. Лекин бунақа соқолни қўйиб олманглар. Чет эллик меҳмон, лекин бу шу ерда фаолият юритиб тирикчилик қиладиган бўлса, Ўзбекистон қонунларига бўйсунишга мажбур бўлади ва соқолини оламиз биз. Туркия республикаси фуқаросини. Шундай дедимми?", дейди у Қува тумани ҳокимига

Қува тумани ҳокими вилоят ҳокимининг гапини тасдиқлаган ва ундан сўнг ўзлари яна гаплашиб олганини таъкидлайди.

Вилоят ҳокими икки кун олдин Марғилон шаҳрида "Ипакчи" бозорида автотураргоҳни бошқараётган тадбиркорнинг соқолини қандай олдирганини гапирган.

"Катта автостоянкани биттаси бошқаряпти. Соқолни қўйиб олган. Бошига шиаларнинг дўпписини кийиб олган. Автостоянкада турибди. Шаҳарни ҳокимини чақирдим. Гапир нима бўлганини", дейди Шуҳрат Ғаниев.

Шунда Марғилон шаҳар ҳокими туриб соқолли эркакка тушунтириб, соқолини олишгани ҳақида ҳисобот беради.

- Ўша "Ипакчи" бозори раҳбарини алмаштиришинг керак эди ўша куни. Нимага олмадинг. Олиб ташланг уни бозордан. Падарига лаънатни ўзини олиб кириб тиқиб ташланг, дейди Шуҳрат Ғаниев.

Ғаниев туман ҳокимларига рўмол ўраган аёллар борасида огоҳлантириш беради

"Ҳурматли ҳокимлар эшитиб олинглар. Бирортанг мажлис қилсанг, ман борсам ўша кийимда ўтирган аёл кишини кўрсам. Маҳалла раисими у, ўқитувчими у, жамоатчими у, депутатми у ўша рўмолини олиб оғзингга тиқиб қўяман", дейди Шуҳрат Ғаниев.

4 август, якшанба куни Президент Мирзиёевнинг кескин танқидларига сабаб бўлган Қашқадарё, Фарғона ва Хоразм вилоят ҳокимлари содир этган амаллари учун узр сўради.

Фарғона вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниев бир кун олдин 10 мингдан ортиқ бюджет ходимлари мажбурий меҳнатга сафарбар этилган Риштон туманига бориб кечирим сўради.

Кечирим сўраш воқеасидан кўп ўтмасдан Шуҳрат Ғаниев президент Шавкат Мирзиёев томонидан яқинда давлат мукофоти билан тақдирланган саноқли вилоят ҳокимларидан бири бўлди.

Ўзбекистон раҳбари уни "Меҳнат шуҳрати" орденига муносиб кўрган.

Мирзиёев ўтган июл ойида снослар билан боғлиқ можаролар манзарасида Қашқадарё ва Хоразм вилоятлари ҳокимлари қаторида Фарғонаникини ҳам "дўстликка хиёнат ва сиёсатга душманлик қилган"ликда танқид қилган. Ўзи ишонган ҳокимлар унга "катта душманлик" қилганини айтган.

"Арипов билан Низомиддиновга топшириқ, қайси вилоят ҳокимини ишдан олишни таклиф беринг. Менга керак эмас! Яна бир марта айтяпман, бу сиёсат билан биз узоққа бора олмаймиз — зўравонлик сиёсати билан! Агар зўравонлик сиёсати зўр бўлганда, 30 йилда зўр бўлиб кетардик", дея таъкидлаган Мирзиёев.

2018 йил, 24 январ куни Фарғона вилоят ҳокими Россияга кетишда автобусда ёниб кул бўлган 52 нафар ўзбекистонликнинг тупроққа қўйилган танаси совиб улгурмасдан тошлоқлиқларнинг "падарига лаънат" деган ва уларни "ҳароми", дея ҳақоратлаган.

18 январь куни Қозоғистоннинг Ақтўбе вилоятида йўловчи автобусда ёниб кетган ўзбекистонликларнинг 16 нафари тошлоқликлар бўлган.

"20 яшар, 22 яшар йигитлар. 99-йил йигит ҳам бор битта. Йигирмага кирган. Уйланмаган йигитларни оп кетаверадими? Ота-онаси нима деяпти? Карахт ота-онаси. Бу ерда энди бечора участковой айбдор бўлади... 2005 йилда Қақир деган жойда милицияга тош отиб қувган шулар бўлади, шу ҳаромилар... Икки-учтадан хотин қилганиям тошлоқдан, шаръий никоҳ ўқиган мулласиям тошлоқдан, хотинларни қўйвориб, алимент тўламай юрганиям тошлоқдан. Падарингга лаънат сен тошлоқликларни... "

Ғаниев вилоят аҳолиси фожиа қурбонларининг оилаларига 80 миллион сўм миқдорида ёрдам кўрсатишга "мажбур бўлгани"дан таассуф изҳор қилган.

У ўзини ахборот воситаларида танқид қилишларидан қўрқмаслигини таъкидлаган.

"Эртага ёзса ёзаверсин, мани устимдан. Ғаниев урди, ҳажга бормайсан деди, фалон деди, пистон деди, қилиб", деган ҳоким Шуҳрат Ғаниев.

Афғонистондаги уруш қатнашчиси экани айтиладиган Шуҳрат Ғаниев 2011 йил 7 ноябрдан буён Фарғона вилоятига раҳбарлик қилиб келади.

У Ўзбекистон тарихида Сенатнинг Регламент ва одоб комиссияси томонидан расман огоҳлантирилган ва муҳлат берилган ягона сенатор ва ҳокимдир.

Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келганидан кўп ўтмай, ҳокимларни ўзининг жойлардаги вакили деб эълон қилган ва ДХХ ҳамда прокуратурани уларга тегмаслик ҳақида огоҳлантирган.

Маҳаллий кузатувчилар марҳум Ислом Каримов даврида маҳаллий ҳокимларни ўша пайтдаги МХХ тийиб турганини айтишади.

Мирзиёев 2016 йилда келажакда ҳокимларни сайлайдиган тизим жорий этилишини айтган, аммо бу борада аниқ режа тақдим этмаган.

22 декабрда ўтадиган сайловларда аксар туман ва шаҳар ҳокимлари депутатликка номзод этиб кўрсатилган.

Шунингдек, ҳокимлар амалда маҳаллий парламент ёки жойлардаги қонун чиқарувчи орган - халқ депутатлари кенгашларини назорат қилишда давом этмоқда.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek