Дунё: Вакцина олмайдиганлар кўпаяверса нима бўлади?

эмлаш

Сурат манбаси, STR/Getty Images

Ўқилиш вақти: 2 дақ

Бугун инсониятнинг аксарияти оғир касалликларга қарши эмланган. Қарийб 10 кишидан 9 нафари вакцина олган. Бироқ сўнгги вақтларда эмлашдан воз кечишнинг кўпайиши ўз таъсирини кўрсата бошлаган.

Натижада қизамиқ каби касалликлар яна тарқай бошлади.

Вакциналар қандай ишлайди?

Танамиз бизни ҳимоя қилишга мослаштирилган. Касаллик хуруж қилганда иммунитет тизимимиз унга қарши курашади.

Маълум вақтдан сўнг тана ким ғолиб ё ким мағлуб "қарор" беради. Ғолиб бўлган иммунитет тизими касаллик қайтган тақдирда яна ютади.

Эмланган вақти инсон танасига заиф ёки ўлик касаллик киритилади. Бу инсонни хаста қилмайди.

Керакли вакцинани олган тана бу касаллик билан қандай курашишни билади.

Жамоавий иммунитет нима?

Жамиятда ўзини эмлай олмайдиган заиф қатламни ҳимоялаш жамоавий иммунитет дейилади.

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Беш кишининг ичида тўрт нафари эмланган бўлса, улар бешинчи кишининг касалликни юқтириши олдини олади.

Жамиятда қанча кўп одам эмланган бўлса, касаллик тарқалиш эҳтимоли шунча камаяди.

Бироқ турли сабаблар билан эмлашдан воз кечувчилар кўпайса нима бўлади?

Одамлар орасида камбағаллик, диний ёки маданий сабаблар билан вакцинадан воз кечиш кўпаймоқда.

Бундай вақтда жамоавий иммунитетнинг ишлаш эҳтимоли тушиб кетади. Чунки у маълум фоиз аҳоли эмлангандагина самара беради.

Эмланганлар сони тушиб кетавериши натижасида жамоавий иммунитет самараси ҳам тушиб кетаверади.

Шу сабаб чақалоқ, қария ва хасталар яна касаллик юқтиради.

Бироқ жамоа иммунитети қанча кучли бўлса, жиддий касалликларга қарши шунча яхши ҳимоя ҳосил бўлади.

Вакцинадан воз кечиш бўйича манзара қандай?

Эмлаш XX асрда жаҳонда миллионлаб инсонларнинг умрини сақлаб қолган, бироқ сўнгги йилларда дунёнинг кўп мамлакатларида одамларнинг эмлашдан воз кечаётганлари кузатилмоқда.

Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти(ЖССТ) ушбу вазиятдан хавотирда ва 2019 йили дунё саломатлиги учун 10 асосий таҳдид рўйхатига вакцинациядан воз кечишни ҳам киритган.

Wellcome Trust ташкилоти дунёдаги эмлашга муносабатни ўрганиб йирик тадқиқот ўтказди.

Ушбу сўровда 142 мамлакатдаги 140000 инсон қатнашган.

2018 йилда Ўзбекистонда ўтказилган сўровда иштирок этганларнинг 93 фоизи "эмлаш саломатликка хавф солмайди" деб ҳисоблаганлар.

Қозоғистонда "эмлаш саломатликка хавф солмайди" деб ҳисоблайдиганлар 46 фоизни, Тожикистонда 91 фоизни, Қирғизистонда 68 фоизни, Туркманистонда эса 86 фоизни ташкил этган.

Ўзбекистонликларнинг 95 фоизи "эмлашнинг фойдаси бор" деб ҳисоблайди.

Шундай фикрдаги инсонлар Қозоғистонда 55 фоизни, Тожикистонда 95 фоизни, Қирғизистонда 71 фоизни, Туркманистонда эса 85 фоизни ташкил этади.

Wellcome Trustнинг сўровидан Ўзбекистонда аҳолининг 98 фоизи "эмлаш бола учун зарур" деб ҳисоблаши аён бўлган.

Эмлашдан воз кечишнинг диний омили

Буюк Британиянинг Соғлиқни сақлаш миллий хизмати томонидан таркибида чўчқа желатини (елимшак) мавжуд эмдориларнинг ишлатилиши мамлакатдаги вегетариан ва мусулмон жамоаларнинг қаттиқ норозилигига сабаб бўлган.

Британиядаги Вегетарианлар Жамияти етакчиси Лян Эллиот тиббиётда ҳайвонлардан олинган қўшимчалардан фойдаланишни қоралаб чиқди.

Мазкур желатин чўчқадан олиниб, грипп, тепки, қизамиқ каби касалликлар олдини олиш учун қўлланиладиган эмдорилар таркибига қўшилади.

Британия Соғлиқни сақлаш ва ижтимоий ҳимоя вазирлиги қошидаги махсус агентлик эмдорилар таркибидаги чўчқа желатини мувозанатлаштирувчи вазифасини ўташини маълум қилиб, унинг ўрнига муқобил "ишлаб чиқиш ҳеч қачон бўлмаслиги" мумкинлигини таъкидлаган.

Ҳукумат агентлиги желатиннинг "юқори даражада тозаланганлиги" ва "қатъий гигиена ва хавфсизлик қоидалари"га амал қилинган ҳолда ишлаб чиқарилганлигини ҳам қўшимча қилган.

Мазкур агентлик сўзчиси желатиннинг эмдори таркибидаги фойдали вирусларни мувозанатда сақлаб туришини айтган.

Эллиот хоним эса "барча дори ва эмдориларнинг веган шакли бўлиши лозим"лигини билдириб ўтган.

Ҳозирда таркибида чўчқа желатини борлиги айтилаётган учта эмдори кескин муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Уларнинг бари умуммиллий эмлаш дастури таркибига киритилган.

Бироқ эмдорилар фақат ҳайвон маҳсулотларини истеъмол қилишдан воз кечган вегетарианларнинг ғазабига сабаб бўлмаяпти.

Британия Мусулмонлар Кенгаши ҳаёт хавф остида қолмагунча ва бошқа муқобиллар топилмагунча бундай эмдориларни қабул қилишга Исломда рухсат берилмаслигини айтиб чиққан.

Кенгашнинг тадқиқот ва ҳужжатлаштириш қўмитаси раиси доктор Шужа Шафи "эмдориларга муқобил топиш учун кўп ишлар қилиниши зарур"лигини таъкидлаган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek