You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Ўзбеклар Россия банкларига 60 млн АҚШ доллар фойда келтирмоқда
Россияда ўзбекистонлик мигрантлар ватанига йилига 4 миллиаррд АҚШ доллари миқдорида пул юборишмоқда. Муҳожирлар пулларни оиласига юборишда асосан, банклар орқали, пул ўтказмалари ва уларнинг онлайн иловалари хизматларидан фойдаланишади.
Россияда Ўзбекистонга пул ўтказмалари учун ўртача 1,5 фоиз хизмат ҳақи олинади. Пул жўнатиш миқдори ўртача ҳисобда ҳар ойда киши бошига 350 АҚШ долларини ташкил қилади. Ҳар юборилаётган 350 АҚШ долларидан 5,52 АҚШ доллари олинади.
Россиядан МДҲ мамлакатларига юборилаётган пул ўтказмалари кўрсаткичида Ўзбекистон етакчилик қилиб турибди. Жорий йилнинг 6 ойида ўзбекистонликлар ўз ватанига 2 млрд АҚШ доллари миқдорида маблағ юборилган. Ўртача маблағ киши бошига 350-370 АҚШ долларини ташкил қилмоқда.
Меҳнат муҳожирлигида юрган ўзбекистонликларнинг расмий ҳисоби Россияда 2 ярим миллиондан ортгани айтилмоқда. Норасмий рақамларда бу ҳисоб икки баробарга ортиши мумкинлиги эҳтимоли кўрилади.
"Левада-центр" тадқиқотига кўра, ўзбекистонлик мигрантнинг ўртача иш ҳақи 500 АҚШ долларини ташкил қилади. Ўзбекистонга юбораётган пули эса 350 АҚШ доллари атрофида.
Мигрант Россияда ишлаб топган пулининг ўртача 150 АҚШ долларини шу мамлакатда кундалик эҳтиёжлари ва солиқ тўловларига сарфламоқда. Орттириб йиққан пулини оиласига юборишда банклар, пул ўтказмалари хизматлари ва уларнинг онлайн иловаларидан фойдаланишади.
Муҳожирлар орасида энг кенг тарқалган пул ўтказмалари хизмати - "Золотая корона" ҳисобланади. Шунингдек, улар кўп фойдаланадиган BLIZKO, CONTACT, Western Union, ЛИДЕР, ЮНИСТРИМ каби тўлов тизимлари ҳар бир пул ўтказмасидан 1 фоиздан 5 фоизгача хизмат ҳақи олиб қолади.
Ўртача 1,5 фоизлик хизмат ҳақи мисолида қанча маблағ "ушлаб" қолинишини ҳисобладик. Бир йилда Ўзбекистонга ўртача 4 млрд АҚШ доллари миқдорида пул юборилаётганини ҳисобга олсак, Россия банклари бир йилда муҳожирларнинг пул ўтказмалари ҳисобидан 60 миллион АҚШ доллари миқдорида фойда кўрмоқда.
Юқори тилга олинган "Золотая корона"нинг расмий сайтида эълон қилинган маълумотга кўра, тизимнинг пул жўнатмалари ҳажми 2018 йилда 856 миллиард АҚШ долларини ташкил этган. "Жисмоний шахслар томонидан 39 миллиондан зиёд транзакциялар амалга оширилган", деб ёзади расмий сайт.
"Фоизсиз пул юбориш" рекламаси билан машҳур ушбу онлайн тўлов тизимини ўрганиб чиқилиш давомида унинг ушлаб қолинадиган 1,5 фоизлик хизмат ҳақиси валюта алмаштириш жараёнига сингдириб юборилгани маълум бўлди.
Тўлов тизимлари ва пул ўтказиш хизматлари МДҲ давлатлари учун нисбатан паст фоизларни қўллайди, аммо энг кўп мижозлари айнан Марказий осиёлик меҳнат муҳожирларидир.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: @bbcuzbek