Ўзбекистон: Монополия сизнинг ҳаётингизга қандай таъсир қиляпти?

Ўқилиш вақти: 2 дақ

Ўзбекистонлик блогер Обиджон Латипов Ўзбекистонда монопол ташкилотларнинг ишлаш услуби, монополиянинг маҳсулотлар сифати, рақобат ва халқ турмуш даражасига таъсири борасида фикр билдирди.

Ўзбекистонда 94та хизмат тури бўйича 200дан ортиқ монопол корхоналар мавжуд.

Бу баёнот шу кунларда "Муносабат" кўрсатувида қатнашган Монополияга қарши курашиш қўмитаси бошқарма бошлиғи Камолиддин Худойбердиевга тегишли.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 24 январидаги "Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида"ги қарорига мувофиқ, 2019-2023 йилларда товар ва молия бозорларида рақобатни ривожлантириш Стратегиясини ишлаб чиқиш назарда тутилган эди.

Ҳозирча бу стратегия қай босқичда экани номаълум.

Қўмита вазифаси бозорларда рақобат даражасини белгилаш ва соғлом рақобатни ривожлантиришга халақит бераётган муаммоларни аниқлашдир.

Аммо, йирик монопол корхоналарнинг Ўзбекистон бозоридаги улуши юқорилигича қолмоқда, ва бу, таҳлилчиларга кўра, кичик ва ўрта бизнес ривожига тўсиқ бўляпти.

Июнь ойида Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида бўлиб ўтган мажлисда Монополияга қарши курашиш қўмитаси раиси ўринбосари Бекзод Умматов монополия мезонларини тушунтириб берди.

"Монополист деган тушунчани аниқ белгилаб берадиган мезонлар бор. Агар бирор кохона ёки тузилманинг бозордаги улуши 50 фоиздан кўп бўлса, у монополист ҳисобланади. Бугунги кунда "Ўзбекистон ҳаво йўллари" миллий авиакомпаниясининг улуши 50 фоиздан кўп ва ўз-ўзидан аёнки, у монополия субъекти саналади", - деди Умматов.

Журналистлар "Қонун чиқарувчи орган келгусида Ўзбекистонда монополия билан шуғулланадиган ташкилотлар камайиши айтилган, лекин ҳозирча улар камайгани йўқ. Яқин келажакда уларнинг сонини қисқартириш бўйича қандай ишларни амалга ошириш кўзда тутилган?", деган савол билан ҳам унга мурожаат қилишди.

"Сиз нимага асосланиб уларнинг сони камаймаган деб ҳисоблайсиз? Агар сиз айтаётган гап "Ўзбекистон ҳаво йўллари" миллий авиакомпанияси, GM Uzbekistan ёки "Ўзбекистон темир йўллари" акционерлик жамиятига таллуқли бўлса, унда тўғри. Лекин умуман, иқтисодиётдаги рақобат муҳити хусусида тўхталадиган бўлсак, вазиятга фақат шу ташкилотлардан келиб чиқиб баҳо бериш унчалик тўғри эмас", - дея жавоб берди Бекзод Умматов.

Айни дамда айнан қайси йирик компаниялар монополияси тугатилгани ва бу соҳада рақобатни ривожлантиришга эришилгани ё эришилмагани борасида маълумот йўқ.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek