You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Россия матбуоти: Москва ҳукумати муҳожирлардан нега қўрқаяпти?
Мигрантлар Россия ҳаётининг бир қисмига айланган. Ҳар ҳафта Марказий осиёлик, хусусан, ўзбекистонлик муҳожирлар тилга олинган ўнлаб мақолалар, кўрсатувлар, радиодастурлар эълон қилинади.
Ўтган хафтада Россия матбуоти ўзбеклар ва ўзбекистонликлар ҳақида нима деди?
Қисқа тафсилотлар билан Би-би-си Ўзбек хизматининг Москвадаги мухбири Соҳиба Ҳаёт шарҳи.
- Москва ҳукумати муҳожирларнинг ёпиқ гуруҳларининг таҳдидидан хавотирда
- Икки собиқ полициячи 44 млн. рублга 64 минг мигрантни «янги Москва»га «прописка» қилган
- "Россиянинг янги меҳнат бозори: роботлар, ўзбеклар ва хитойликлар"
- Уч ўзбекистонлик ўз ватандошини зўрлаганликда гумонланмоқда
- Беҳуш ўзбекистонлик касалхона эшигига ташлаб кетилди
Москва ҳукумати муҳожирларнинг ёпиқ гуруҳларининг таҳдидидан хавотирда
- Диний арбоблар Москвадаги ёпиқ турдаги миллий ва диний гуруҳларга қарши курашиши керак. Йўқса, бу шаҳарда миллатчиликнинг ўсишига олиб келади, деди пойтахт миллий сиёсат ва ҳалқаро алоқалар департаменти раҳбари ўринбосари Константин Блаженов.
Бу фикрлар ўтган хафтада Москвада бўлиб ўтган «Дунёмизга нафрат, шаҳримизга нафрат» номли динлараро анжуман чоғида янгради.
«Ҳатто Россиянинг турли ҳудудларидан келаётганлар пойтахт ҳаётига ҳамиша ҳам мослаша олмайди. Ҳамюртлар тамойили асосида кичик гуруҳларга бўлиниб «ўралиб» олишади, жамоа бўлиб ишлашади. Хориждан келаётганлар-чи, уларда тил борасида тўсиқ ҳам бор. Улар янада бекилиб олишади. Афсуски, уларнинг ҳаёт тарзи москвача жамиятга мослашишни талаб қилмайди. Улар ўзлари билан бирга ишловчилардан ташқари, ҳеч ким билан мулоқот қилмайдилар, - деб таъкидлади Блаженов.
Сиёсатчига кўра, айнан шу иҳоталаниб олиш муаммоларни келтириб чиқармоқда. Чунки одамлар шаҳар аҳолисини ўзиникилар ва бегоналарга бўла бошлашади. Бу тамойилнинг оқибати эса - «ўзиникиларда кўп нарса кечирилади, бегоналар ҳамиша ноҳақ».
Москва ҳукумати вакили турли миллатлар гуруҳларини йўқотишда айнан диний идораларнинг ўрни катталигини айтиб, йўқса бу муаммо жиддийлашиб кетиши хавотирини билдирди.
Икки собиқ полициячи 44 млн рублга 64 минг мигрантни «янги Москва»га «регистрация» қилган
Бу рўйхатлар бари сохта бўлиб чиқди, дея хабар беради Россия Федерацияси Тергов қўмитаси пойтахт ходими Юлия Иванова.
Тергов жараёнида 2016 йилнинг июль ойидан 2017 йил октябрига қадар Москва шаҳар Ички ишлар бошқармаси миграция ҳисоби бўлимининг 2 нафар ходими, уларнинг қариндоши ва яна бир неча шахслар иштирокида жиноий гуруҳ тузишган.
Чет эл фуқароларини миграция қайдига қўйишдан манфаатдор шахслардан "янги Москва"га сохта "регистрация" қилиш учун 44 миллион рублдан зиёд пора олишган.
Шунингдек, бу шахслар уюшган жиноий гуруҳ ташкил қилиш, катта миқдорда гиёҳвандлик моддасини сақлаш каби жиноятларда айбланмоқда.
Мазкур жиноий иш айни пайтда судга йўналтирилганини хабар қилмоқда Тергов қўмитаси.
"Россиянинг янги меҳнат бозори: роботлар, ўзбеклар ва хитойликлар"
Асли ўзбекистонлик журналист Семен Новопрудский "Бизнес FM» радиосида Россия иқтисодиётининг келажагига оид мулоҳазаларни билдирди.
У дастурда Россия келажагини ўзбеклар билан бирга кўришини айтмоқда. Ушбу таҳлиллар мазкур радионинг расмий сайтида эълон қилинди.
Мамлакат ҳукуматининг 2024 йилгача янги яхши ҳаёт режаси йўлида жиддий тўсиқ юзага келди: ишлайдиган одамнинг ўзи бўлмайди, деган фикрни билдирди таҳлилчи.
Журналистга кўра, "Ҳисобот палатаси Россия меҳнат бозорининг ҳолати ҳақидаги таҳлилий материалларни маълум қилди. Алексей Кудрин хабарномасининг асосий хулосаси умидсизлантирувчи: иш билан бандлар сонининг камайиши бир вақтнинг ўзида Россиянинг иқтисодий ўсишини чекловига олиб келиши мумкин. Россияда меҳнат заҳиралари тугаб бормоқда ва яқин келажакда қандай бўлиши унча тушунарли эмас".
"Роботлар, хитойлар, ўзбеклар ва ишлайдиган нафақахўрлар - мана, Россиянинг меҳнат бозорини тўлдириш учун асосий умидлар.
Уч ўзбекистонлик ўз ватандошини зўрлаганликда гумонланмоқда
Ленинград вилояти Тергов қўмитасининг маълум қилишича, 24 август куни ўзбекистонлик 31 ёшли аёл жинсий зўрланган.
Сосновий Бор шаҳридаги квартиралардан бирида содир бўлган бу жиноятни аёлнинг ўз ватандошлари содир этгани аниқланган.
Айбланувчи сифатида 20, 27 ва 44 ёшдаги уч нафар ўзбекистонлик эркаклар қўлга олинган.
Аёлнинг кўрсатмасига кўра, бу уч эркакнинг бири унинг таниши бўлган.
Мазкур ҳолат юзасидан жиноят иш қўзғатилган.
Беҳуш ўзбекистонлик касалхона эшигига ташлаб кетилди
Новосибирскдаги йўл-транспорт ҳодисасида 3 киши ҳалок бўлган, уларнинг икки нафари ўзбекистонликлардир.
Яна 2 нафар Ўзбекистон фуқароси оғир тан жароҳатлари билан Москаленский тумани шифохонасига ётқизилган.
Санкт-Петербургдаги қурилишларнинг бирида 4 нафар ишчи мигрантлар лифт шахтасидан тушиб кетган.
2 кишининг қовурғаси синган, умуртқа ва сон соҳасида оғир тан жароҳатлари олган.
Қолган икки нафари эса бош, қўл-оёқ соҳаларида жароҳатлар олишган. Улар шу аҳволда касалхона юриб боришгани ёзилмоқда.
Муҳожирларнинг 2 нафари ўзбекистонлик, яна иккиси тожикистонлик бўлган.
Яна бир хабар
Маҳаллий матбуот нашрларининг ёзишича, Колпинский туманида номаълум шахслар шифохона эшиги ёнига беҳуш мигрантни ташлаб кетишган.
Қонга беланган мигрантни ўнг тўпиғи бўлмаган. Оғир аҳволдаги муҳожир жонлантириш бўлимига ётқизилган.
Аниқланишича, 38 ёшли Ўзбекистон фуқароси бўлиб чиққан.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: @bbcuzbek