Ўзбекистон, Шавкат Мирзиёевга мурожаат: Биз кўмаклашамиз, сиз қўллаб-қувватланг

Биз кўмаклашамиз, сиз қўллаб-қувватланг - Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш Бутунжаҳон жамияти аъзолари Ўзбекистон президентига ана шундай мурожаат билан чиқишди.

Мазкур мурожаат жамиятнинг "Ўзбекистон - буюк йўллар ва цивилизациялар: империялар, динлар, маданиятлар чорраҳаси" номли учинчи халқаро анжумани манзарасида кузатилган.

Мурожаат муаллифлари анжуман иштирокчилари номидан, "Янги Ўзбекистонни ривожлантириш ва тараққий эттириш йўлида зарурий шарт-шароитларни яратишга йўналтирилган юксак фаолияти" учун президент Шавкат Мирзиёевга самимий эҳтиромларини изҳор этишга ижозат сўрашган.

Тинчлик, меҳр-оқибат, бағрикенглик, инсонпарварлик ва маърифат дини сифатида Исломнинг асл моҳиятини халқаро ҳамжамиятга етказиш бўйича Ўзбекистон президентининг қутлуғ ташаббусини юксак баҳолаш жоизлигини айтишган.

Ўтган ҳафта бошланган "Маданий мерос" ҳафталиги доирасида Ўзбекистон бир эмас, бир неча халқаро анжуманларга мезбонлик қилган.

Уларга пойтахт Тошкент қолиб, қадим Самарқанд ҳам саҳна бўлган.

Айни шу анжуманлар доирасида мустақил Ўзбекистон тарихида илк бор дунёнинг қирқдан ортиқ давлатидан шарқшунос ва исломшунос олимлар бир ерга йиғилишган.

Қуръон ва Ислом тадқиқотларига бағишлаб, Самарқандда ўтказилган халқаро анжуман Президент Шавкат Мирзиёев аввалроқ илгари сурган "Маърифатли Ислом" ғоясининг бир қисми экани айтилган.

Тошкентда эса, илк бор Қуръони Каримнинг иккита энг қадимий нусхаси - Усмон Қуръони ва Катталангар Қуръони бир вақтнинг ўзида намойишга қўйилган.

Ҳафталик доирасида Тошкент, Самарқанд, Бухоро ва Термизда халқаро анжуманлардан ташқари фестиваль ва кўргазмалар ҳам ташкиллаштирилган.

Мурожаат мазмунидан маълум бўлишича, айни шу тадбирлар манзарасида Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш Бутунжаҳон жамияти Франция пойтахти Парижда расман юридик рўйхатдан ўтган.

Мазкур ваколатхона ўзлари учун ҳатто Европа марказида самарали учрашувлар учун ишончли таянчга айланган.

Шу билан бирга, мурожаат муаллифларига кўра, Тошкентда Бутунжаҳон жамиятининг марказий офисини очиш зарурлигига ҳам аминлар.

Бу хусусда сўнгги конгресс чоғида тегишли қарор ҳам қабул қилинган, бу ташаббус илмий жамоатчилик томонидан катта қизиқиш билан қабул ҳам қилинган.

Дунёнинг турли мамлакатлари олимлари, маданият ва санъат соҳаси мутахассислари, журналистлар аллақачон "Ўзбекистоннинг маданий мероси жаҳон тўпламларида" лойиҳаси остида бирлашганликларини ҳам маълум қилишган.

Маълум бўлишича, жаҳон миқёсидаги мазкур медиа-лойиҳа Ўзбекистоннинг буюк тарихи ва бебаҳо маънавий бойлиги билан боғлиқ бадиий асалар, қўлёзмалар ва ҳужжатларни тўплаш, ўрганиш, нашар этиш ва ҳужжатли фильмларни яратишни назарда тутади.

Мурожаат муаллифларига кўра, дунё илмий кучлари бирлашуви, олимлар ўзига хос халқаро илмий лабораториясининг юзага келгани - мазкур жамиятнинг кучли томонларидан бири дейиш мумкин.

Уларнинг наздларида, Бутунжаҳон жамияти халқаро дипломатиянинг самарали шакли бўлади.

Халқлар ва мамлакатлар ўртасида ўзаро тушунишни мустаҳкамлаш, энг муҳими, жаҳон саҳнасида Ўзбекистоннинг маданий нуфузини оширишга хизмат қилади.

Тошкентдаги халқаро анжуман натижалари юзасидан Бутунжаҳон жамиятининг келгуси икки йиллик фаолияти бўйича Йўл харитаси ҳам қабул қилинган.

Мазкур харита доирасида қатор янги лойиҳа ва ташаббусларни режалашган .

Жамият аъзолари эса, улар воситасида Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, асраб-авайлаш ва тарғиб қилиш масалаларини янги босқичга кўтаришга қаттиқ ишонишади.

Ўзбекистондаги сўнгги юз йилликнинг таниқли олимлари юксак илмий асарларини ўзбек ва инглиз тилларига таржима қилиш ва қайта нашр этиш ана шундай ташаббуслардан бири бўлади.

Булар қаторида яна, "Ўзбекистоннинг 100 та машҳур қўлёзма обидалари", "Ўзбекистон археологик ёдгорликлари харитаси", каталоги, "Ўзбекистон архитектура эпиграфикаси" каби лойиҳалар ҳам тилга олинади.

Мурожаат муаллифларининг таъкидлашларича, бу каби муҳим масалаларни ҳал қилиш замонавий илм-фанни янада ривожлантириш ва оммалаштиришга хизмат қилади.

Шунингдек, Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятини оширишга ҳам ёрдам беради.

Бутунжаҳон жамияти аъзоларига кўра, мазкур лойиҳаларни амалга оширишда Янги Ўзбекистон ва Президентига яқиндан ёрдам беришга доимо тайёрлар.

Шу билан бирга, Ўзбекистон президентининг ҳам ўзлари томонидан қабул қилинган лойиҳаларни ўз ичига олган Йўл харитасини амалга оширишни шахсан қўллаб-қувватлашига умид қилиб қолишади.

Ўзбекистон Президент Шавкат Мирзиёев бошчилиги остида дунёвийси қаторида, зиёрат туризмини ҳам ривожлантирмоқчи.

Мамлакатига янгидан янги хорижий сармоялар жалб этиш баробарида, йилларки, асосан пахтага қарам бўлиб келган иқтисоди асосларини турфалаштирмоқчи.

Марказий Осиёда энг катта (33 миллиондан ортиқ - таҳр) сондагиси бўлган аҳолиси учун лозим иш ўринларини яратмоқчи.

Яхши маълумки, айнан ишсизлик ҳатто бугун ҳам Ўзбекистон қаршисида турган энг долзарб муаммолардан биттаси ва энг асосийларидан бири бўлади.

Ўзбекистон Марказий Осиёдаги энг кўп фуқароси четда меҳнат муҳожирлигида банд давлат бўлади.

Мамлакат иқтисодини ҳам, йилларки, айнан улар ортга юбораётган миллиардлаб доллар маблағлар тутиб, юритиб келади.

Биргина бой маданий меросини назарда тутиб ҳам, экспертлар Ўзбекистоннинг туристик потенциали юқори экани, ўзбек ҳукумати бундан, сўзсиз, самарали фойдаланиши лозимлигини таъкидлашади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.Telegram каналимиз: @bbcuzbek