You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги мажбурий соқолсизлантириш бўйича сукут сақламоқда
Тошкент шаҳар ички ишлар бошқармаси эркакларнинг соқолларини мажбуран қириб олиш ҳодисаси борасида расмий баёнот бермади. Ўтган жума куни юз берган ҳодиса ортидан Би-би-си бошқарма матбуот хизмати билан боғланганида, баёнот душанба куни берилиши айтилганди.
Душанба куни сўнгида Би-би-си Ички ишлар бошқармасининг матбуот хизматига сим қоққанида, гўшакни кўтарган эркак ходим баёнот қачон чиқишидан бехабар экани, ўзи бу хизматда ишламаслиги ва хизмат ходимлари мажлисда эканликларини айтди.
23 август куни Жума намозидан сўнг Тошкент шаҳридаги Малика савдо мажмуасида ички ишлар ходимлари ўнлаб соқолли эркакларни тутиб олиб кетган.
Уларнинг соқоли мажбурий равишда олиб ташланган. Би-би-си мухбирининг билдиришича, соқол олиш жараёни шанба - 24 август куни ҳам давом этди.
"Соқолини олиб қўйиб юборишаётганди"
Ҳодиса ҳақида илк марта тошкентлик блогер Жамолиддин Муҳаммад хабар қилган. У ўзининг соқоли олинган ҳолдаги суратини ҳам илова қилган.
Жума куни соқоли олинган Жамолиддин Муҳаммад савдо қилишга борган вақти тушунтиришларсиз ички ишлар ходимлари олиб кетиб қолганини айтди.
"Савдо қилиш учун Маликага боргандим. Ички ишлар ходимлари тутиб олиб кетишди. 4 - ГОМ (ички ишлар бўлими)нинг ташқарисида тахминан 20 нафар соқолли одам турганди. Ичкарида иккинчи қаватда яна 30 га яқин одамни кўрдим. Ҳамманинг маълумотларини ёзиб, расмга тушириб, соқолини олиб қўйиб юборишаётган эди", дейди Жамолиддин Муҳаммад.
Жамолиддин ички ишлар ходимларидан изоҳ олишга ҳаракат қилган, бироқ унга қўпол муомалада бўлган орган ходимларини ўзларини таништиришни ҳам истамаган.
Унинг айтишича, Мурод деб таништирган "эксперт" соқолни олдиришга қарши бўлганлар билан суҳбат қилган.
Воқеанинг бошқа гувоҳларининг ҳам айтишича, уларни Шайхонтоҳур туманидаги 4 чи сонли ички ишлар бўлимига олиб боришган ва мажбуран соқолларини олишган.
Би-би-си мухбири Аваз Тоҳиров шанба, 24 август куни Шайхонтоҳур туманидаги 4-сон ички ишлар бўлимига борганида бир эркакнинг соқолини олиб қўйиб юборишаётганига гувоҳ бўлди.
Исмини айтмаган, аммо ўзини 4-сон Ички ишлар бўими раҳбари деб таништирган ички ишлар ходими "соқол олиш тадбирига" алоқаси йўқлигини, улар шунчаки Тошкент шаҳар ИИБга тадбир учун жой ажратиб берганини маълум қилган.
Масъул шахс жума куни 100 атрофида соқолли эркак олиб келингани ҳақидаги хабарни рад этмаган, аммо бўлимга олиб келинган шахсларнинг рўйхатини кўрсатишдан бош тортган.
"Протоколни Тошкент шаҳар ГУВДи олиб кетган, деб олиб келинганларнинг рўйхатини кўрсатмади. Масъул шахс шунингдек, ушбу соқол олиш жараёни барча эркакларга қўлланилаётгани ёки диний мансубликдан келиб чиқиб қилинаётгани ҳақидаги саволга ҳам жавоб бермади", дейди Аваз Тоҳиров.
Мазкур ҳодиса Шавкат Мирзиёев президентлиги даврида яхшилангани халқаро ташкилотлар томонидан эътироф қилинган диний эркинлик мавзусини яна баҳсу мунозаралар мавзусига айлантирди.
Ижтимоий тармоқлардаги қизғин баҳслар қатнашчилари ҳуқуқий-демократик жамиятда фуқароларнинг соқоли мажбуран олиниши инсон ҳуқуқлари поймол этилишини англатишини айтишмоқда.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.Telegram каналимиз: @bbcuzbek