Ўзбекистонлик ва мусулмон: Хитой, Корея, Берлин, Россия...да ўзини қандай ҳис қилади?

Ўзбекистонликсиз, мусулмонсиз, мусулмон бўлмаган давлатда ўзингизни қандай ҳис қиласиз? - Энг зўри Жанубий Корея, биз студентлар мазза қилиб юрамиз, дейди бири.

Бошқасига кўра, Россиянинг Москва шаҳрида муносабат ёмон.

Ўзингизни қандай тутишингизга боғлиқ, дейди Берлиндан яна бири.

"Ён-атрофдагиларга қандай муносабатда бўлсангиз, худди шундай муомала кўрасиз...".

"Мен ўқиб, ишлаб турган давлат - Япония. Лекин Ислом динини ҳурмат қилишади", - дебди бошқа бир ўзбекистонлик фолловеримиз.

"Ҳатто ишлаш жойимда мен учун ҳалол гўштдан овқат қилиб беришади".

"Ўқишимда жума намозини ўқишимиз учун мусулмон талабаларга алоҳида хона ажратиб беришди!".

"Намоз вақтларини эслатиб турадиган япон ўқитувчилар бор. Алҳамдулиллаҳ", - деб ёзибди у.

Бу саволнинг кун тартибига чиқишига яқинда Буюк Британияда ўтказилган янги бир сўров сабаб бўлган.

Сўровнинг энг эътиборли жиҳати шундаки, унда иштирокчиларнинг аксарияти Буюк Британияда кўпчилик Исломга ёмон кўз билан қарашини эътироф этишган.

Бизнинг мазкур сўров натижалари манзарасида қўйган саволимиз эса, турли ижтимоий мулоқот тармоқларидаги саҳифаларимизда ўнлаб коментларга сабаб бўлган.

Акс-садолар

Фолловерларимиз дунёнинг аҳолиси мусулмон бўлгану бўлмаган турли давлатлари - Япониядан тортиб, Хитой, Жанубий Корея, АҚШ, Россия ва Малайзиядан қадар фикр қолдиришган.

"Хитойда халқ сифатида мусулмонларга эътироз йўқ. Лекин Ислом нима эканлиги тўғрисида умуман тушунчаси мавжуд эмас! Масжидларда назорат ўта кучли. Ўзлариникига қараганда, чет эллик мусулмонларга яхши муносабатда бўлишга ҳаракат қилишади. Менинг кузатувларим!", - дея ундов белгиси билан ўз коментига якун ясабди улардан бири.

Асли ўзбекистонлик яна бир фолловеримизнинг ёзишича, Америка Қўшма Штатларига 2000 йилда келган.

"Мен ўқиган штатда аҳоли аксарияти баптист эди. Ўқиган мактабим ҳам насроний мактаби эди. Яшаган мезбон оилам билан ҳар якшанба черковга бориб, "Инжил"ни ўрганиш дарсларига ҳам қатнашганман. Мактабда "Инжил"дан баҳоим 5+ эди:). Ҳатто баъзи синфдошларимнинг баҳоси бундан юқори эмасди. Черковдаги руҳоний эса, мен таниган энг камтарин, оқкўнгил, самимий, зиёли инсонлардан бири", - деб ёзаркан, "Америкадаги 15 йиллик ҳаётимнинг бирор бир кунида ҳам мусулмонлигим сабабли менга ҳеч ким ёмон муносабат билдирмаган, алҳамдулиллаҳ", - дея гапига нуқта қўйган.

"Мисол учун, мен Кореяда ўқийман ва агар, бирор суннат амалини бажарсам, корейс миллатидагилар қизиқиб сўрашади. Мусулмонлар улар учун қизиқ, уларни ҳурмат қилишади!!!", - дебди бошқаси.

Янги сўров натижаларидан эса, британияликларнинг ярмига яқини Ислом дини британ қадриятлари билан мувофиқ эмас, деган фикрда экани маълум бўлган.

Олтмиш фоизга яқин киши Буюк Британияда Исломдан қўрқув кенг тарқалганига ишонишини билдирган.

Сўралганларнинг учдан бир қисмчаси Ислом дини мусулмонларни мусулмон бўлмаганларга қарши зўравонликларга руҳлантиради, деган қарашда экан.

Худди шу манзарада ўзбекистонлик фолловерларимиз орасида, "Бу албатта менинг шахсий фикрим. Аммо баъзида мусулмонларга нисбатан бўлаётган ёмон муносабатга уларнинг ўзлариям айбдор, деб биламан", - деганлари ҳам кўрилади.

Қарама-қарши фикрлар

Энг зиддиятли фикрлар эса, айнан дунёнинг ўзбекистонликлар энг катта сонда деб кўрилувчи Россия давлатидан олинган.

Биргина расмий рақамларда Россиядаги ўзбекистонликлар сонининг икки миллиондан ортиши айтилади.

Ислом дини Россияда насронийликдан кейин иккинчи йирик дин саналади.

У ердаги мусулмонларнинг сони эса, турли манбаларда 10 миллиондан 25 миллионгача, деб тахмин қилинади.

Ҳозир Россияда бўлган ўзбекистонлик фолловеримиздан бири, "Аллоҳга шукр, мен ҳам муслимаман. Ҳижобдаман ва хўжайинимиз билан бирга Хабаровск шаҳрида ишлаймиз. Менга нисбатан ҳеч ортиқча муомала бўлмаган. Илоҳим охиригача шундай бўлсин. Баъзида ўзлари ҳам, "Молодец, иссиқдаям рўмолингни ечмай, чидайсан, дейишади", - деб ёзибди.

Аммо бошқа бирларининг наздларида, "Россиянинг Москва шаҳрида муносабат ёмон".

"Ҳақиқатан ҳам кўпларида маданият, деган нарса йўқ. Умуман савия нолга тенг".

Ўзбекистонликсиз, мусулмонсиз, мусулмон бўлмаган давлатда ўзингизни қандай ҳис қиласиз?, - деган саволимизга дунёнинг энг йирик иккита мусулмон давлатидан биттаси бўлган Малайзиядан ҳам фикр қолдирилган.

"Малайзияда ҳамма ўзининг иши билан овора. Мусулмонми, насронийми, буддавийми, бу ерда турли хил дин вакиллари бор. Лекин ҳеч ким билан ҳеч кимнинг иши йўқ. Ҳамма бир-бирига ёрдам қилади. Ғараз ниятли инсонлар жуда кам".

Сўров эса, ўтган ой "Аҳмадия мусулмонлари жамоаси" буюртмаси асосида ўтказилган.

Унда Буюк Британия бўйлаб турли ёш ва жинсдаги 2 мингдан ортиқ кишининг фикри ўрганилган.

Бугун дунёнинг мусулмон бўлмаган турли давлатларида яшаб, ўқиб, меҳнат қилаётган ўзбекистонликларнинг сонлари миллионларга етади.

Аммо саволимиз Марказий Осиёдаги мусулмон аҳолиси энг каттаси бўлган Ўзбекистоннинг ўзидан ҳам акс-садоларга сабаб бўлган.

Агар, расмий маълумотларга таянилса, ҳозирга келиб Ўзбекистон аҳолисининг сони 33 миллиондан ортган.

Ўзбекистонликлар Ўзбекистон ҳақида

"Мен яшаётган Ўзбекистон Республикасида президент алмашгандан кейин аҳвол сал яхшиландию, барибир Ислом ва унинг қадриятларига тўсқинлик ҳануз мавжуд", - дея ёзган ўзбекистонликлардан бири.

Бошқа бир фолловеримизнинг мисол сўраб қолдирган жавобига эса, у:

  • 1. Қизлар ўқув юртларида рўмолда юролмайди.
  • 2. Болалар масжидга чиқолмайди.
  • 3. Диний билим олиш учун шароит йўқ.
  • 4. Ишхоналарда ибодат қилолмайди...

Айтсам жуда кўп, деб жавоб берган.

Мустақил Ўзбекистонни чорак асрдан ортиқроқ якка ўзи бошқарган ва ҳозирда марҳум президент Ислом Каримовнинг тузуми дин ва диндорларга нисбатан ўзининг тазйиқона сиёсати билан танқидларга тутиб келинган. Ёдда қолган.

Янги сўров натижаларига муносабат билдирган британиялик масъуллар эса, барча дин ва миллат вакиллари учун туриб беришлари, жамиятда диний нафратга ўрин йўқлиги борасидаги мавқеъларида қатъий эканликларини таъкидлашган.

Дин ва диний эркинликлар масаласи ҳозир Ўзбекистоннинг бундан уч йил бурун қудратга келган президенти Шавкат Мирзиёев эътибор қаратган, ўнглаш, вазиятни юмшатиш ҳаракатида бўлган, бу йўлда аллақачон далил қадамлар ҳам қўйган соҳалардан бири бўлади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek