Ўзбекистон - Россия: Москвадаги намойишлар ўзбеклар, ўзбекистонликлар учун хавотирлими?

«Намойишлар Россияда одамлар борлигини кўрсатаяпти»

Ёки Москвадаги норозилик намойишлари ўзбекистонликлар учун қанчалик ҳавотирли?

Минглаб намойишчилар ҳибсда, ҳукумат ён бермоқчи эмас.

Тўртинчи хафтадирки, Москвадаги эркин сайлов учун намойишлар давом этмоқда.

Норозилик намойишларида ўн минглаб кишилаб иштирок этмоқда. 3 август куни полиция 1001 кишини қўлга олган. Ўтган галги 29 июль кунги акцияда 1300 дан зиёд киши қўлга олинган. Ушланганлардан 60 дан ортиғи маъмурий ҳибсга юборилган, 160 дан ортиғига жарималар қўлланилган.

Москвадаги бу намойишлар кўплаб мустақил номзодларга Мосгордума сайловларида қатнашиш учун рухсат берилмаганидан бошланган эди. Пойтахтнинг Трубная ва Пушкинская майдонларида минглаб кишилар ҳукуматдан эркин сайловни талаб қилмоқдалар.

Ҳукумат эса ён беришни истамаётир. Москва мэрияси бу галги акцияга розилик беришни рад этди. Полиция намойиш қатнашчиларини манифестация ноқонунийлигидан огоҳлантирди.

РФ Тергов қўмитаси оммавий тартибсизликлар учун кўплаб ва полицияга куч ишлатганлик бўйича учта жиноий иш қўзғади.

Ҳуқуқ ҳимоячилари ва 3 август куни қўлга олинганларнинг яқинлари Би-би-сига уларнинг мобиль телефонлари олиб қўйилгани ҳамда оммавий норозилик намойиши гувоҳи сифатида сўроқ қилинаётганини билдиришмоқда.

Қўлга олинганлар орасида хорижликлар ҳам бор

Росгвардия ва полиция томонидан намойишда қўлга олинганлар орасида 12 нафар чет эл фуқаролари ҳам бўлганлигини ТАСС манбаси хабар қилган.

Агентлик хабарига кўра, «хорижликлар полиция маҳкамасига олиб келинган ва улар билан профилактик суҳбат ўтказилган. Бу маълумот элчихонага етказилган, уларнинг барчаси баённома тузилмасдан қўйиб юборилган»

Россия ОАВлари қўлга олинганлар орасида Тожикистон фуқароси борлигини ёзишмоқда, аммо ўзбекистонликларнинг иштироки ҳақида ҳозирча маълумотлар келиб тушмаган.

Ижтимоий тармоқларда Москвадаги фаоллар ва блогерлар ҳибсга олинишлар давом этаётганини билдиришмоқда.

Москва шаҳар думаси сайлови 8 сентябрь кунига белгиланган. Москва шаҳар Сайлов қўмитаси раҳбари Валентин Горбунов мустақил номзодларда сайловда ютиб чиқиш эҳтимоли мутлақо камлигини тахминлади.

«Бу одамларнинг имзо йиғиш ҳам, гордумага кириш ҳам мақсади бўлмаган. Бу уларга нимага керак, Ахир уларнинг фамилияси бюллетенда пайдо бўлганида ҳам улар 1 фоиздан ортиқ овоз олиша олмасди», - фикр билдирди жаноб Горбунов.

Ҳукуматга дахлдор бўлмаган кузатувчилар эса, бу вазиятда намойишчиларга нисбатан ноҳақлик бўлаётганини таъкидлашмоқда.

«Ён беришни заифлик деб билишади»

Сиёсатшунос Алексей Макаркиннинг фикрига кўра, «ҳукуматнинг айни пайтдаги иши - фуқароларни қўрқитиш ва тинчлантиришдир. Норозилик намойишини пасайтириш усулларидан бири ҳукумат томонидан ён бериш, аммо куч ишлатар тизимлар буни заифлик кўриниши деб ҳисоблайди».

- Одамлар ҳаттоки таътиллар мавсумида санкциясиз акцияларга чиқишаяпти. Москва шаҳар думаси сайловлари яқинлашиши билан норозилик намойишлари турли кўринишларда кучайиши мумкин: акциялардан то овоз беришгача, - таъкидлайди эксперт.

Россия халқаро мажбуриятларни бузмоқдами?

Германия Ташқи ишлар вазирлиги Москвадаги норозилик намойишларида қўлга олинганларни озод этиш ва мустақил номзодларга рухсат беришга чақириб ариза йўллади.

"Мазкур ҳибсга олишлар мустақил номзодларнинг Москва Думаси сайловларида иштирок этмаслигига қарши норозиликларнинг тинч йўл билан ўтказиш хусусиятига номувофиқ», - дейилади аризада.

Берлин Россия ҳукуматини ҳалқаро мажбуриятларни бузганлигини билдирмоқда.

"Россия ўз фуқароларининг асосий ҳуқуқларини самарали ҳимоя қилиши лозим. Шу боис барча тинч намойишчиларнинг тез орада озод этилишини кутамиз. Ҳудудий сайловларга келсак, белгиланган талабларни бажарган барча мустақил номзодларга сайловда қатнашиш учун рухсат беришга чақирамиз», - таъкидланади коммюникеда.

«Намойишлар Россияда одамлар борлигини кўрсатаяпти»

Москвадаги давомли норозилик намойишларига таниқли сиёсатшуносларлар, таҳлилчилар, журналистлар ва жамоат арбоблари муносабат билдирмоқдалар.

«Москва акцияларида муҳим бир маъно бор - улар Россияда одамлар борлигини кўрсатаяпти. «Рус баҳори»дан кейин шундай ҳиссиёт қолгандики, Россияда одамлар йўқ, фақат империалистик маҳлуқотлар бордек эди», - дея муносабат билдирди таниқли блогер Максим Горюнов.

Россиялик сиёсатшунос ва исломшунос Руслан Курбанов намойишларни «кескин» деб изоҳлади ва «Москва думаси учун жанглар авж олаётгани»ни билдирди.

Таҳлилчи Россиянинг катта қисми Ислом динига эътиқод қилувчилардан иборатлигини инобатга олган ҳолда, жамиятда мусулмонлар энг фаол позицияни эгаллашлари лозимлигини билдирди.

«Ҳар қандай ҳукуматни агар у инсон эрки ва ҳуқуқини бузаётган бўлса танқид қилиши, халқи учун манфаатли ва жамиятнинг ривожланиши учун ҳайрли ишларни амалга ошираётган бўлса қўллашлари керак»

«Бу - ўзбеклар учун ғайритабиий ҳолат»

Москвадаги кўп минг сонли ўзбекистонликлар-чи? Бу намойишлар уларнинг ҳаётига қанчалик таъсир этиши мумкин?

Бу ҳақда Москвада кўп йиллардан буён яшаб ва ишлаб келаётган иқтисодчи Жамшид Муслимовга кўра, «ўзбекистонлик муҳожирлар бу каби намойишларга ғайритабиий воқеадек қарашмоқда. Ўзбек минталитети учун 30 йил давомида бу нарса ёпиқ мавзу бўлган ва омма ҳали-вери эркин сайлов қандай бўлишини тафаккур қилмаса керак».

«Бу ердаги ўзбекистонликларни 2 тоифага бўлиш мумкин: бирлари кўп минг сонли меҳнат муҳожирлари бўлса, иккинчиси Россияга узоқ муддатга ёки бутунлай кўчиб кетган (фуқаролигини олган) ўзбекистонликлардир. Уларнинг ҳар иккисига ҳам бу каби намойишларнинг таъсири у қадар бўлмайди. Чунки ўзбекистонликларнинг Россия ҳукумати билан муносабати келгинди одамлар ва уларни қабул қилувчи давлат тизими ўртасидаги муносабат билан чекланган», - дейди таҳлилчи.

Муслимовга кўра, Россияда юрган ўзбекистонликлар намойишларни синчковлик билан кузатади. Бу уларнинг рус тилини қанчалик билиши ва савиясига боғлиқ нарса. Каттароқ ёшдагилар маълумотларни Россия телеканаллари орқали олса, ёшлар асосан интернет орқали бохабар бўлиб туришибди. Аммо ҳаммаларини ҳам бўлаётган воқеаларнинг мазмун-моҳиятини тўлалигича тушунишади, дейиш қийин.

Таҳлилчи Жамшид Муслимов Россия ва Ўзбекистондаги сайловларни таққослашни ўзи ноўрин ҳисоблайди.

«Ўзбекистонда маҳаллий ҳокимиятларда эркин сайловлар йўқ. Москвада эса бор, айни намойишчиларнинг талаби эркин сайловлар ўтказиш ва сайлов қоидаларини тўла демократик тамойилларга риоя қилган ҳолда амалга оширишдир»

«Меҳнат муҳожирларни қўлга олиш камайди»

Россиядаги ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларининг энг катта қисми Москва шаҳри ва вилоятига тўғри келади. Намойишлар пойтахтда меҳнат қилаётган меҳнат муҳожирларининг кундалик ҳаётида қандай акс этиши мумкин?

- Жуда қисқа муддатли таъсири бўлиши эҳтимоли юқори. Намойишлар вақти муҳожирларни ҳам вақтинчалик тазйиққа олиш, қувлаб юриб тутиб олишлар, текширишлар камайиши мумкин. Сабаби кучишлатар тизимлар бу пайтда рус фаоллари, блогерлари, ёшларига кўпроқ эътибор беради, - дейди Жамшид Муслимов.

Бу эҳтимолни ҳуқуқ ҳимоячилари тасдиқламоқда. Муҳожирлар учун бепул юрист Валентина Чупикка кўра, айни кунларда полиция томонидан муҳожирларни ноқонуний қўлга олишлар кескин камайган.

Ҳуқуқшунос «намойишлар полиция эътиборини муҳожирлардан чалғитиб, бошқа шахсларнинг ҳуқуқларини бузилишига қаратишини» билдирди.

«Янги йил куни кечаси 17 соатнинг ичида 495 та мурожаат тушган. Барчаси полиция томонидан мигрантларни ноқонуний қўлга олиш бўйича. Ҳозир эса, москваликлар намойиш қилаётганда, бир кеча кундузда 8-10 та ноқонуний қўлга олиш бўлмоқда», - дейди юрист Валентина Чупик.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek