Ўзбекистон: Тошкент аэропорти нега аквапортга айланди ёки янги бинолар сифати қандай?

Ўқилиш вақти: 2 дақ

Тошкент аэропорти ёз ёмғирида аквапортга айланди. Янги терминалнинг томи тешилиб, елим пақирлар ишга тушди.

Бу терминал 33 миллионли мамлакатнинг Советлардан қолган эски, ноқулай ва кичик аэропортини замонавий даражага ёки цивилизацияга боғлаши керак эди.

Бироқ ҳодисага изоҳ берган мутасаддилар, воқеа сабабини канализацияга улашди.

Ижтимоий тармоқларда пайдо бўлган лавҳаларда янги терминал томи тешилиб, чакка ўтаётгани кўрсатилади.

Самолётлар турган учиш майдончасидан терминалгача бўлган аэропорт юзасини эса сув босиб ётибди.

Маълум бўлишича, кўплаб парвозлар Самарқандга йўналтирилган.

Шубҳалансанг шуҳратимизга...

Мамлакатнинг энг замонавий, энг асосий ва энг мақталган дарвозаси ҳаво терминалининг оддийгина ёз ёмғирига дош беролмай тешилиши ва аэропортни сув босиши ижтимоий тармоқлар ҳамда интернет нашрларида баҳс-мунозараларни кучайтирди.

"Қудратимизни билмоқчи бўлсанг биз қурған аэропортларга боқ!" - ҳазилнамо фикр ёзди блогер Дима Қаюм.

Аммо айримлар ҳодисадан хавотир билдиришмоқда.

Интернет нашрлари видеоси ва мақоласини Telegram тармоғида улашган таҳлилчи ва блогер Азиза Умарова ўз изоҳи остида савол қўйди:

"Сизлар бўлса, АЭС қурамиз дейсизлар..."

Расмийлар Тошкент аэропортидаги ҳолатни дренаж тизими ёмғир сувига бардош беролмагани билан изоҳлашаркан, қатор ўқувчилар ҳайратларини яширишмаган:

"Томдан чакка ўтиб ётганда, бунинг дренаж тизимига нима алоқаси бор???" - савол ташлайди Лейла Абдуллаева исмли Facebook фойдаланувчиси.

Сифатсиз бинолар - одатий ҳолми?

Ўзбекистонда янги қурилаётган бинолар сифати масаласини фуқаролар тез-тез ижтимоий тармоқларда кўтарадилар.

Бу борада расмий изоҳлар ва таҳлиллар кам, аммо қатор ҳодисалар ва ҳолатлар жамоатчиликда иншоотлар мустаҳкамлигига ишончсизлик уйғотмай қолмаган.

Тошкентда тикланган "Минор" масжиди гумбази қопламаси бир йилга бориб-бормай кўчиб тушди. Шаҳрисабзда тикланган янги бинолар қопламалари ҳам кўпга етмади.

Булар - энди ташқи безак.

Бироқ жорий йили Термиздаги янги қурилган кўп қаватли уйлардан бирининг ертўласида газ портлади. Одамлар ҳалок бўлишди.

Ҳозир Ўзбекистонда қурилаётган намунали уйлар сифатсизлиги борасида фуқаролар анча йиллардан бери нолиб келишади.

Кўпчилик уйларни қайта таъмирлаб, кейин кўчиб киришганини айтадилар.

Ўзбекистон зилзила рўй берадиган сейсмик ҳудудда жойлашган. Одамлар яшовчи уйларнинг сифати - халқ ва мамлакат учун ҳаёт-мамот масаласи.

Тошқинга тутилган Тошкент

Ўзбекистон шаҳарарида сув тошқинлари ҳам ҳозир муаммога айланмоқда.

Ҳатто пойтахт Тошкентда ҳам шаҳарнинг охирги бир асрлик тарихида деярли кузатилмаган тошқинлар одатий ҳолга айланди.

Сал кўпроқ ёмғир ёғиши билан шаҳар кўчалари, ер ости ўтиш йўллари сувга тўлади.

Сергелида бутун мамлакатга кўз-кўз қилинган янги уйлар ҳовлиларини ҳам ёғингарчиликда сув босди.

Сув тошқинлари нафақат Тошкентда, балки Самарқанд ва Бухоро каби шаҳарларда ҳам тез-тез кузатилади.

Энг ачинарлиси, тарихий иншоотлар тақдири ҳам хавф остига тушмоқда.

Бухородаги икки юз йил олдин қурилган Чор-Минор тарихий обидасини мана неча йилдан бери қайта-қайта сув босади.

Мутахассисларга кўра, айни ҳолат шаҳарлардаги дренаж тизими чорак асрдан кўп вақт мобайнида на ривожлантирилгани ёки на тузук таъмирланганини кўрсатади.

Бироқ мамлакат бўйлаб янги қурилишлар давом этмоқда. Хусусан, ситилар барпо этиш авжида.

Айни пайтда, ер ости тизими қачон ва қандай қилиб ер усти режаларига мос тарзда таъмирланади - ҳали номаълум.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbekBBCUZBEK.COM билан

Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.