Ўзбекистон, АҚШ ва Россия: Тошкент ўз муносабатини билдирди, Толибон ҳозирча жим

Расмий Тошкентнинг баён қилишича, Афғонистондаги тинчлик сиёсий мулоқотлари афғонларнинг ўзлари томонидан амалга оширилиши муҳим.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирининг бу сўзлари Афғонистон Толибон ҳаракати билан Доҳа ва Москвада кечган музокаралардан қисқа вақт ўтмай янграган.

Таъкидлаш жоиз, Ўзбекистон Хитой, Россия ва АҚШ қаторида афғон можаросига тинч йўл билан ечим топиш илинжида халқаро саҳнага чиққан сўнгги ўйинчи давлат - дипломатик воситачилардан бири бўлади.

Абдулазиз Комилов расмий Тошкентнинг бу истагини Афғонистон Президенти Муҳаммад Ашраф Ғани билан учрашуви чоғида баён қилган.

Расмий хабарларга кўра, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Хавфсизлик бўйича Мюнхен анжумани арафасида учрашган.

Бу - Ўзбекистоннинг ташқи ишлар вазири даражасида мазкур форумда илк бор қатнашиши бўлиши айтилмоқда.

Мюнхенда 15-17 феврал кунлари бўлиб ўтажак конференцияда бу гал рекорд сондаги иштирокчиларнинг ҳозир бўлишлари кутилаётир.

Хабарларга кўра, уларнинг орасида ўнлаб давлат ва ҳукумат раҳбарлари, ташқи ишлар вазирларидан ташқари мудофаа вазирлари ҳам бор.

Маълум бўлишича, мазкур анжуман чоғида буюк державалар рақобатининг янги давридаги эҳтимолий оқибатлари кун тартибидаги асосий мавзулардан бири бўлади.

Бундан ташқари, томонлар қуролланиш устидан назорат ва мудофаа соҳасида ҳамкорлик масаласини ҳам муҳокама этишади.

Минтақа ва геосиёсат

Таъкидлаш жоиз, Марказий Осиё дунёнинг уч глобал қудрати - Россия, АҚШ ва Хитойнинг геосиёсий манфаатлари тўқнашган минтақа бўлади.

Аксарият давлатлари минтақада йил сайин кучайиб бораётган геосиёсий танглик манзарасида, аксарият халқаро ҳарбий экспертлар баҳосида, АҚШ ва Россия ўртасида Суриядан кейин иккинчи прокси уруши майдонига айланиши тахмин қилинган Афғонистонга бевосита чегарадош.

Эслатиб ўтиш жоиз, бу йилги Хавфсизлик бўйича халқаро Мюнхен анжумани АҚШ Президенти Дональд Трампнинг айнан Суриядан ўз қўшинларини олиб чиқиб кетиш, Афғонистондаги ҳарбийлари сонини кескин қисқартириш баёноти ортидан бўлиб ўтади.

Аллақачон АҚШ сиёсий ва ҳарбий доираларида кескин қарама-қаршиликларга сабаб бўлиб улгурган бу икки баёнотнинг глобал, регионал хавфсизлик ва минтақадаги геосисий вазият учун нимани англатиши жорий пайтда маълум эмас.

Ўзбекистон дохил минтақадаги аксарият йирик ва ўйинчи давлатлар ҳозирча АҚШ президентининг бу чиқишлари борасида жим, уларнинг бу хусусдаги расмий баёнотлари ва мавқеълари ҳалича кўзга ташланмайди.

Таъбир жоиз, бу каби "сукут" нимани англатиши борасида минтақавий таҳлилчилар ҳам ўзларининг фикрларини билдиришга шошилишаётгани йўқ.

Ҳам Доҳа ва ҳам Москва музокараларида айнан АҚШ қўшинларининг Афғонистондан буткул сафарбарлиги - кун тартибидаги энг бош мавзу бўлган, қабул қилинган қўшма декларациянинг ҳам энг муҳим нуқтаси сифатида тилга олинган, кўзга ташланган.

Толибон ҳаракати Доҳада АҚШ, Москвада Афғонистондаги турли рақиб гуруҳлар, мухолиф сиёсий партия ва ҳаракатлар вакиллари билан музокаралар ўтказган.

АҚШ томони эса, Қатарда Афғонистон Толибон ҳаракатини ўзларининг бу аҳдларида қатъий эканликларига ишонтирган.

Ҳамоҳанглик...

Аммо иштирокчи томонлар "мамнун" қолган ҳар икки музокарадан ҳам четда қолган афғон ҳукуматининг уларда эришилган натижаларга муносабати ҳам шунга яраша бўлган.

Расмий Кобул янграган ваъда, баёнот ва қабул қилинган декларацияларни бир четга суриб, бу каби мулоқотларнинг энг аввало ўзлари билан олиб борилиши шартлигини яна бир бор такрорлаган.

Ўзбекистон ҳукумати вакилининг сўнгги баёноти эса, Афғонистон ҳукуматининг истаги билан ҳамоҳанг, аммо Толибон ҳаракатиникига зид бир мазмунда янграган.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг расмий веб саҳифасида бугунги сана остида чоп этилган бу хабар ва ундаги айни мазмундаги изҳоротларга Афғонистон Толибон ҳаракатининг муносабати ҳозирча маълум эмас. Расмий Вашингтон ҳам ҳозирча жим.

Аммо Ўзбекистон Россия ва АҚШ қаторида Афғонистон Толибон ҳаракати афғон можаросига тинч йўл билан ечим топиш истагида сўнгги икки йил ичида расман музокаралар олиб борган саноқли давлатлардан биттаси бўлади.

Ҳаракат Қатардаги сиёсий идораси раҳбари бошчилигидаги ҳайъат ўтган йил август ойида мустақил Ўзбекистон тарихида илк бор амалий ташриф билан Тошкентда бўлган, афғон можаросига тинч йўл билан ечим топиш истиқболларини муҳокама этганди.

Аммо Ўзбекистон пойтахтида кечган бу мулоқотлар тафсилотлари ва натижаси кенг жамоатчилик учун номаълум қолганди.

Би-би-си Ўзбек Хизмати суҳбати ва қўшимча тафсилотлар

Би-би-си Ўзбек Хизмати ўтган йил охирида Лондонда Ўзбекистон Президентининг Афғонистон бўйича махсус вакилидан эксклюзив суҳбат олишга муваффақ бўлган.

Айнан Исматилла Иргашев билан ана шу суҳбат жараёнида бу музокаралар тафсилотларига ҳам ойдинлик киритишга муваффақ бўлганди.

Маълум бўлишича, Толибон ҳаракати вакиллари Тошкентда ҳам ўзларининг тинчлик музокаралари учун илгари суриб келаётган асосий шартларини яна бир бор такрорлашган.

Афғонистондан барча хорижий иттифоқ қўшинларининг ортга сафарбар этилиши талабида эканини айтишган.

Аммо махсус вакил билан суҳбатдан Тошкентда, "толиблар хорижий иттифоқ қўшинларининг Афғонистондан зудлик билан чиқиб кетиш талабидан воз кечишгани, уларнинг босқичма-босқич ортга сафарбарликларига рози бўлишган"ини англашилганди.

Мазкур суҳбат АҚШ Президенти Дональд Трампнинг Афғонистондаги қўшинлари сонини кескин қисқартириш, минглаб аскарларини ортга сафарбар қилиш ҳақидаги баёнотидан аввал уюштирилган.

Ҳали-ҳануз ижроси санаси ноаниқ қолаётган бу "режа"дан қарийб икки ой ўтаётган эса-да, расмий Тошкент ҳалича бунга ўзининг расмий муносабатини билдирмаган.

Шу соатларда эса, уммонортидан расмий Вашингтон Нато билан бир тўхтамга келмай туриб, бу ишга бормаслигига оид хабарлар ҳам олинган.

Айни мазмундаги бугунги янгиликка ҳозирча Афғонистон Толибон ҳаракатининг муносабати маълум эмас.

Аммо хорижий иттифоқ қўшинларининг Афғонистондан буткул сафарбарлиги - Толибон ҳаракатининг тинчлик музокаралари учун, йилларки, илгари суриб келаётган энг асосий талаби бўлади.

Бошқа томондан, бу каби хабарларнинг аксарият экспертларда "афғон уруши ва ниҳоят якун топади", деган умидларга етаклаган Доҳа ва Москва музокаралари учун нимани англатилиши ҳам маълум эмас.

Аммо ҳам Қатар ва ҳам Россияда бу мулоқотларни давом этдириш истаги янграган.

Америка Қўшма Штатлари ва Афғонистон Толибон ҳаракати ўртасидаги Доҳа музокараларининг навбатдаги босқичи эса, шу йилнинг 25 феврал кунига режаланган.

Ҳали биринчи давра музокаралари ортиданоқ, экспертлар сафарбарлик санасининг ноаниқ қолган кейинги босқич мулоқотларини қийинлаштирижак энг муҳим масала бўлишини алоҳида қайд этишганди.

Суҳбатнинг давоми...

Ўзбекистон Президентининг махсус вакили билан Би-би-си Ўзбек Хизмати суҳбати тафсилотларига яна қайтилганда эса, толиблар Тошкентда ҳам Афғонистон ҳукумати билан музокаралар олиб боришга тайёр эмасликларини билдиришган.

Яна бир бор бу каби мулоқотларга энг аввало Америка Қўшма Штатлари билан киришиш истагида эканликларини таъкидлашган.

Аммо суҳбатдошимиз ўшанда ҳам Ўзбекистон, расмий Тошкент бу музокараларнинг авваламбор Афғонистон марказий ҳукумати билан олиб борилиши истагида эканини билдирган.

Бундан ташқари, Афғонистонда бошқа сиёсий кучлар, ҳаракатлар, партиялар борлигини ҳам инобатга олган ҳолда, уларнинг ҳам бу жараёндан четда қолмаслигини хоҳлашларини айтган.

Ўзбекистон президентининг махсус вакили ўшанда "бусиз Афғонистонда мустаҳкам ва барқарор тинчлик ўрнатиб бўлмаслиги"ни алоҳида таъкидлаган.

Исматилла Иргашевнинг айтишича, Тошкентда олиб борилган музокараларнинг муҳим ва асосий натижаларидан бири ҳам худди шу нуқтада намоён бўлган.

Унга кўра, "Толибон ҳаракатининг раҳбарияти тинчлик музокараларида Афғонистондаги барча сиёсий кучлар қатнашиши кераклигига рози бўлган".

Афғонистон Президенти Муҳаммад Ашраф Ғани Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири билан Мюнхендаги учрашуви чоғида "мамлакатидаги тинчлик жараёнига кўмаклашиш саъй-ҳаракатлари" учун ҳам Ўзбекистон Президенти ва ўзбек халқига ўз миннатдорчилигини изҳор этган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.Telegram каналимиз: @bbcuzbek