You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Ўзбекистон: Пахта режаси хавф остида, мажбурий меҳнатга қайтиладими?
Хабарларга кўра, Ўзбекистонда бу йилги пахта йиғим-теримида сусткашликка йўл қўйган 100 дан ортиқ раҳбарга интизомий чора кўрилган.
14 октябрь куни Бош вазир Абдулла Арипов ўтказган селектор йиғилишида 10 нафар ҳокимни ишдан олиш бўйича бўйича тақдимнома киритиш ҳақида топшириқ берилгани айтилмоқда.
Ўтган жума Тошкент вилоятининг Бўка туманига сафар қилган Президент Шавкат Мирзиёев маҳаллий расмийларга пахтани кечиктирмасдан, уюшқоқлик билан териб олиш ҳақида қатъий топшириқлар берганди.
Ўтган йилларда Ўзбекистон ҳар йили 1 миллионга яқин ўқувчи-талаба ҳамда бюджет ташкилотлари ходимларини пахтага жалб қилиб келган, аммо сўнгги икки йилда Президент Мирзиёев ҳукумати мажбурий меҳнатга барҳам бериш юзасидан жиддий мажбуриятларни олган.
Президент ва Бош вазир ўқитувчи ва шифокорларни пахтага жалб этган ҳокимлар жавобгарликка тортилиши ҳақида жиддий огоҳлантирган.
Айни пайтда бу йил пахта кеч етишгани ва эрта совуқ тушгани боис давлатнинг пахта режаси хавф остида қолгани айтилмоқда.
Шундай экан, мажбурий меҳнат хавфи қайта юзага келмаяптими ва умуман, Ўзбекистонда пахтани бу йил кимлар термоқда?
Би-би-си ушбу саволларни Халқаро Меҳнат Ташкилотининг Ўзбекистондаги вакили Йонас Аструпга берди.
Йонас Аструп: Бизнинг ҳисоб-китобларимизга кўра, бу йил Ўзбекистонда пахтани 2,6 миллион одам теради. Бу ўтган йилги рақам билан деярли бир хил. Ўтган 2017 йилда биз 330 минг кишининг мажбуран пахта даласига олиб чиқилганини ҳужжатлаштирганмиз. Бу салмоқли рақам. Уларнинг орасида теримчи топиб беришга мажбурланганлар ҳам, ишини йўқотишдан қўрққанлар ҳам бор. Буларнинг ҳаммаси Халқаро Меҳнат Ташкилоти "мажбурий меҳнат" деб тасниф қилган тоифалардан бирига киради. 330 минг кишининг 80 фоизи талабалар, ўқитувчилар, шифокор ва ҳамширалар бўлган. Яъни бюджет ходимлари. Бу йилги пахта мавсумида эса биз ҳукумат худди шу тоифа одамларни пахтага жалб қилмаслик тўғрисида қатъий мажбуриятлар олганини кўрдик. Гарчи мажбурий меҳнатга доир алоҳида ҳолатлар қайд этилган бўлса-да, бу гуруҳ ҳозирда мунтазам мажбурий меҳнатдан халос қилинган. Энди ҳукумат ана шу 80 фоиз теримчиларни ким билан алмаштирганини биз йил сўнггида ҳисоб-китоб қилиш имконига эга бўламиз. Мониторингимиз хали давом этяпти.
Би-би-си: Ўтган ҳафта Президент Мирзиёев Бўка туманига ташрифи чоғида маҳаллий расмийларга пахтани кечиктирмасдан, уюшқоқлик билан териб олиш ҳақида топшириқ берди. Унинг ортидан Бош вазир Арипов селектор йиғилиши ўтказиб, пахта-йиғим теримида сусткашликка йўл қўйган 100 дан ортиқ раҳбарга интизомий чора кўргани хабар қилинди. Худди ўтган йиллардаги каби. Бу каби чоралардан сўнг маҳаллий амалдорлар яна ўқитувчи ва шифокорларни далага ҳайдаб бошлайди, деб хавотирланмайсизми?
Йонас Аструп: Бу йил пахта кечроқ етишгани ва об-ҳаво шароитлари ноқулай келганини ҳам ҳисобга олишимиз керак, деб ўйлайман. Аммо шу билан бирга, айтишим керакки, биз Президент, Бош вазир ва алоқадор вазирлик раҳбарларидан мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик борасида қатъий баёнотларни эшитдик ва қуйи даражадаги расмийларга ҳам бу борада аниқ-таниқ огоҳлантиришлар берилганига гувоҳ бўлдик. Албатта, бу ерда маҳаллий амалдорлар ихтиёрий меҳнатни қандай асосларда йўлга қўя оладилар, деган савол туриши табиий. Ўйлайманки, бунинг учун улар зарур воситаларга эга. Жумладан, иш ҳақлари, меҳнатт шароитлари ва ҳоказо. Ўзбекистон катта сондаги ишсиз ёшларга эга. Ҳар йили 500 мингга яқин ёшлар меҳнат бозорига кириб келади. Яъни пахтани терадиган меҳнат заҳиралари мавжуд. Аммо уларни қандай қилиб ихтиёрий меҳнатга жалб қилиш, бу энди маҳаллий расмийларнинг иши.
Би-би-си: Бу йилги пахта мавсумида мажбурий меҳнатни тўла истисно қила оласизми?
Йонас Аструп: Бу йилги пахта мавсуми бошидан буён мажбурий меҳнат билан боғлиқ 1000 та ҳолат расман Меҳнат вазирлигига билдирилди. Бундан келиб чиқадики, бу йилги пахта мавсумида мажбурий меҳнатни бутунлай истисно қилишимиз имконсиз. Аммо мен расмийлар билан мулоқотларимиздан шуни айтишим мумкинки, мажбурий меҳнатга барҳам бериш бўйича сиёсий ирода қатъий, бу борада зарур ҳукумат қарори, йўриқномалар чиқариляпти. Аммо шу билан бирга, расмийлар буни ҳаётга тадбиқ этишдаги қийинчиликлар ҳақида ҳам гапиришаяпти. Яъни ҳеч ким Ўзбекистонда мажбурий меҳнатга бир кунда барҳам берилади, деб кутаётгани йўқ. Бу бир жараён. Биз яқинда Бош вазир Абдулла Арипов билан учрашганимизда у ҳам худди шу нарсани гапирди. Яъни бу бир жараён, бу сеҳрли бир тарзда бир кечада йўқолиб қолмайди. Аммо биз буни муқаррар бир жараёнга айлантириш учун ишни дарҳол бошлашимиз керак, деган маънода. Бу мамлакат бош вазирининг сўзлари ва биз бу каби баёнотларни мунтазам эшитяпмиз.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek