"Ўлмаган одамни ўлдирди, деб укамни қидирувга беришди"

Ўқилиш вақти: 1 дақ

Бухоро Ички ишлар бошқармаси ҳунарманд-тадбиркор Жаббор Турсуновни машинада одам уриб ўлдирган деган гумон билан қидирувга берган. "Ўлди"га чиқарилган одам тирик ва у келиб гувоҳлик берса ҳам инобатга олинмаяпти.

Ҳунарманд Жаббор Турсунов Жиноят Кодексининг 266-моддаси, "Транспорт воситасини бошқарувчи шахс томонидан транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш натижасида одам ўлишига сабаб бўлиш" айби билан қидирувга берилган.

Ундан ташқари унга 117-модда, 2 қисми, "Ҳаёти ёки соғлиғи хавф остида қолган ва ўзини ўзи ҳимоя қилиш имкониятидан маҳрум бўлган шахсга ёрдам кўрсатмаслик, ва ўша қилмиши одам ўлишига сабаб бўлган", деган айб қўйилган.

Бу моддалар билан Жаббор Турсунов 10 йилгача қамалиши мумкин.

Эътиборли томони Бухоро шаҳар ички ишлар бошқармаси терговчиси Мурод Турдиев томонидан "ўлди" деб таснифланган, "жабрланувчи" Бобомурод Рўзиев тирик ва у ички ишларга бориб ўзининг ўлмагани, ҳамда машина остида қолмаганини билдирган.

Бобомурод Рўзиев айбномада кўрсатилганидек, машина остида қолмаганини балки, йўл четида ўзи сирпаниб кетиб оёғини синдириб олганини айтган. У яна ўзининг терговчи айбловида кўрсатилганидек ҳалок бўлмаганини, балки тириклигини ҳам таъкидлаган.

Бироқ Бухоро шаҳар Ички ишлар бошқармаси терговчиси Мурод Турдиев Бобомурод Рўзиевнинг кўрсатмаларини эътиборга олмаяпти.

Ички ишлар идораларининг тазйиқи ва адолатсизлигидан қўрққан ҳунарманд-тадбиркор Жаббор Турсунов эса яшириниб юришга мажбур бўлмоқда.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.Telegram каналимиз: @bbcuzbek