‘Расмий Тошкент ҳануз Ўзбекистон Исломий ҳаракати ва иттифоқчиларидан хавотирда’ми?

Ўқилиш вақти: 7 дақ

Покистоннинг Қуруқликдаги қўшинлар қўмондонининг Тошкентга келиши ва шахсан Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг қабулида бўлиши минтақавий таҳлилчилар орасида худди шу каби саволларни пайдо қилган.

Генерал-лейтенант Камар Жавед Бажва бошчилигидаги ҳайъат ўтган ҳафта Ўзбекистонга сафар қилган.

Расмий хабарларга кўра, томонлар ҳарбий ва ҳарбий-техник соҳадаги ҳамкорлик истиқболлари, замонавий хатар ва таҳдидларга қарши биргаликда курашиш масаласини ҳам муҳокама этишган.

Минтақада хавфсизлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш, шунингдек, Афғонистондаги вазиятни тинчлик йўли билан ҳал қилиш масаласига ҳам диққат қаратишган.

Йилларки, Жанубий Осиёдаги жангари гуруҳлар фаолиятини яқиндан тадқиқ этиб келаётган покистонлик журналист Раҳимуллаҳ Юсуфзайнинг Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида айтишича, генералнинг сафари расмий Тошкентнинг "Ўзбекистон Исломий ҳаракати ва "Исломий Жиҳод" бўладими ёки Шарқий Туркистон Исломий ҳаракати, унинг иттифоқчиларидан хавотирда эканига далолат қилиши мумкин".

"Яхши хабарингиз бор, Ўзбекистон Исломий ҳаракатининг ИШИД, Шарқий Туркистон Исломий ҳаракатининг "ал-Қоида" тармоғига алоқаси бор. Ўзбекистон, худди шу боис ҳам, Покистон билан бу хусусдаги хавотирларини бўлишган, Покистон билан ҳамкорликка кўз тикаётган бўлиши мумкин", - дейди бу суҳбатдошимиз.

Расмий хабарларга кўра, генерал-лейтенант Камар Жавед Бажва Ўзбекистон янги президентининг мамлакат Қуролли кучларини модернизациялаш ва мудофаа салоҳиятини мустаҳкамлаш йўлида амалга оширилаётган ислоҳотларни ҳам юқори баҳолаган.

Мамлакатининг Ўзбекистон билан ҳамкорликни янада кенгайтириш ва мустаҳкамлашга тайёр эканини яна бир бор тасдиқлаган.

Сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Покистон ўртасида сиёсийси бўладими, иқтисодий ва ёки маданий-гуманитари, кўплаб соҳаларда ҳамкорликнинг кучайиб бораётгани кузатилади.

Расмий хабарларга кўра, Покистоннинг Қуруқликдаги қўшинлари қўмондони эканига қарамай, генерал-лейтенант Камар Жавед Бажва президент Шавкат Мирзиёев билан ҳатто инвестициявий ва транспорт-коммуникация соҳаларида ҳам ҳамкорлик масаласида гаплашиб олган.

Шундай экан, бу қадар кенг қамровли музокаралар олиб боришга қодир бўлган Покистон юқори мартабали қўмондонининг Тошкентга сафари ва шахсан Ўзбекистон президенти билан учрашуви нималарга далолат қилади?

Раҳимуллаҳ Юсуфзай: Покистонда биз буни ҳарбий дипломатия, деб атаймиз. Яъни бизда дипломатияни ҳарбийлар юритишади. Покистон Қуруқликдаги қўшинлар қўмондони бундан аввал Россия, Туркия, Саудия Арабистони, Эрон ва Афғонистонда ҳам бўлди. Қуролли кучлар қўмондони Покистонда жуда қудратли мавқеъга эга шахс ҳисобланади. Покистонда ҳарбийлар тарихан қарор бериш масаласида муҳим ўрин тутиб келишган. Ҳарбийлар 33 йил давомида Покистонни бевосита, қолган пайтда эса, билвосита бошқариб келишган. Шу боис ҳам, Покистонда ҳарбийлар ва қўмондонлар қўшни давлатлар билан музокаралар олиб бориш қудратига эга. Менимча, Россияга сафаридан кейин Қуролли кучлар қўмондони қолган қўшни давлатларга боришни ҳам муҳим, деб билган. Хитой ва Афғонистонда бўлган. Назаримда, худди шундан келиб чиқиб, энди у Марказий Осиё давлатларига ҳам бормоқчи. Генерал бу ташрифи билан балки Ўзбек ҳукуматининг Ўзбекистон Исломий ҳаракати, Шарқий Туркистон Исломий ҳаракати, ал-Қоида, ИШИД ва Толибон билан боғлиқ хавотирларини аритишга уриниб кўрмоқчи бўлган. Чунки ўзбекистонлик жангариларнинг Покистон ва Афғонистондан бошпана топиб келишганига оид хабарлар ҳануз тинмаган. Бу - покистонлик қўмондоннинг нега Ўзбекистонга сафар қилгани сабабларидан бири бўлиши мумкин. Иккинчидан, менимча, Покистон Ўзбекистон билан хавфсизлик соҳасида ҳамкорлигини кучайтирмоқчи. Иқтисодий ва сиёсий алоқаларини янада яхшиламоқчи. Бу икки давлат Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг бир қисми саналишади. Покистон яқинда ташкилотнинг тўлиқ аъзосига айланган. Шу боис ҳам, назаримда, генерал Бажванинг Тошкентга сафар қилганининг сабаблари кўп.

Би-би-си: Тошкентдан олинган расмий хабарларга кўра, Покистон Қуруқликдаги қўшинлар қўмондонини шахсан Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ўзи қабул қилган. Бу каби Олий даражадаги қабул сабабини нима билан изоҳлаган бўлардингиз? Генералнинг Ўзбекистонга ташрифи манзарасида бу қанчалик диққатга, таҳлилга лойиқ нуқта?

Раҳимуллаҳ Юсуфзай: Генерал-лейтенант Камар Жавед Бажва Афғонистонга сафар қилган пайтида уни шахсан президент Муҳаммад Ашраф Ғанийнинг ўзи қарши олган. Хитой, Эрон, Туркия ва Америкага сафар қилган пайтида ҳам худди шундай бўлган. Чунки уларнинг барчаси Қуролли кучлар ва қўмондонининг Покистонда қанчалик катта қудратга эга эканини яхши билишади. Ҳарбийларнинг мамлакат президенти ва Бош вазиридан кўра муҳим ўрин тутишини яхши англашади. Покистон минтақада энг катта армияга эга давлатлардан бири ҳисобланади. Қуролли кучлари сафларидаги ҳарбийларининг сони бир миллионга яқин. Ядро қуролига эга давлат. Энг йирик исломий давлатлардан биттаси. Шу боис ҳам, у билан учрашаётган томонлар фақат Покистоннинг ўзига эмас, унинг Қуролли кучлари - армиясига ҳам эътибор беришади. Бундан ташқари, улар Покистоннинг Афғонистонда террорчилик ва турли жангари гуруҳларга қарши курашда қанчалик муҳим ўрин тутишини яхши билишади. Чунки 13-14 йилдирки, Покистон жангариларга қарши ҳарбий амалиётлар олиб бориб келади. Бу соҳада яхши тажрибага эга. Шу боис ҳам, жангарилик, террорчилик ва экстремизмга қарши курашларида Покистон бу каби давлатларга ёрдам бера олади.

Би-би-си: Расман маълум қилинишича, президент Шавкат Мирзиёев ва генерал-лейтенант Камар Жавед Бажва ўртасида Тошкентда кечган музокаралар чоғида ҳарбий ва ҳарбий-техник соҳадаги ҳамкорлик истиқболлари ва Афғонистондаги вазиятни тинчлик йўли билан ҳал қилиш масалалари ҳам муҳокама қилинган. Сўз айнан ҳарбий ва ҳарбий-техник соҳадаги ҳамкорлик ҳақида кетганда, Покистон Ўзбекистонга нима таклиф қила олиши мумкин?

Раҳимуллаҳ Юсуфзай: Покистон 2001 йилдан буён террорчиликка қарши курашиб келади. Худди шу боис ҳам, бу борада узоқ йиллик тажрибага эга. Шаҳар терроризми, исломий терроризм ва мазҳабий терроризмга қарши курашда Покистон катта тажриба тўплаган. Бу - биринчидан. Иккинчидан, Марказий Осиё давлатлари, Россия, Хитой ва Эрон шундоқ биқинларидаги Афғонистонда ИШИДнинг бош кўтаришидан хавотирда. Улар Покистоннинг бу борада катта тажрибага эга экани ва Толибон билан алоқалари яқин эканини яхши билишади. Чунки Толибон ҳам Афғонистонда ИШИДга қарши жанг қилиб келади. Шу боис ҳам, уларнинг барчаси ИШИДга қарши курашда Покистон билан ҳамкорлик қилишни исташади. Чунки ҳозир ИШИД Жаузжон ва Фарёб каби Афғонистоннинг шимолий вилоятларига кириб боришга муваффақ бўлган. Афғонистоннинг бу икки вилояти Ўзбекистон ва Туркманистонга жуда яқин. ИШИД, бундан ташқари, Афғонистоннинг Тожикистон ва Хитойга жуда яқин шимолий-шарқий Қундуз ва Бадахшон вилоятларини ҳам кўз остига олган кўринади. Менимча ҳам, бу - мазкур давлатларнинг Покистон билан ҳамкорликка интилиш сабабларидан биттаси бўлади. Марказий Осиё давлатлари, жумладан, Ўзбекистон Афғонистондаги бу каби ўта беқарор вазиятдан хавотирда. Шу боис, улар Афғонистонга тинчлик келтириш масаласида ҳам Покистон билан ҳамкорлик қилишмоқчи. Хабарингиз бор, Ўзбекистон яқинда афғон можаросига сиёсий йўлда ечим топишга қаратилган йирик халқаро анжуманга ҳам мезбонлик қилди. Расмий Тошкент бу муаммога қандай қилиб барҳам бериш, Толибонни қай йўл билан музокаралар столига келтириш масаласида покистонлик ҳарбийларнинг қарашларини ҳам билмоқчи бўлган. Демоқчи бўлганим, Ўзбекистон ва Покистон тўқнаш келиб турган, бу икки томонни ҳамкорликка, бир-бирларига кўмак беришга ундаши мумкин бўлган муштарак омиллар, муаммолар кўп.

Би-би-си: Агар, расмий хабарлар тафсилотларига таянилса, томонлар замонавий хатар ва таҳдидларга қарши биргаликда курашиш, минтақада хавфсизлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш масаласини ҳам муҳокама этишган. Айниқса, биргаликда курашиш масаласига тўхталадиган бўлсак, бу қандай кўринишда бўлиши мумкин?

Раҳимуллаҳ Юсуфзай: Биринчидан, истихборатий соҳада ҳамкорлик. Яъни, томонлар истихборатий маълумотларни айирбошлашлари мумкин. Бу - ҳар икки томон учун ҳам бирдек фойдали бўлиши мумкин. Иккинчидан, Покистоннинг террорчилик ва экстремизмга қарши курашда қўлга киритган тажрибаси. Улар ўз тажрибаларини Ўзбекистон билан ўртоқлаша оладилар. Учинчидан, Афғонистонга тинчлик келтириш масаласи. Покистон ҳам Афғонистон, афғон можароси масаласида худди Тошкентдагисига ўхшаш йирик халқаро анжуманга мезбонлик қилмоқчи. Толибон энг аввало афғон ҳукумати билан тўғридан-тўғри мулоқотларга киришиши лозимлиги масаласида Тошкент ва Исломободнинг мавқеълари якдил. Минтақадаги қолган ўйинчи давлатлар ва дунёнинг афғон можаросига бефарқ бўлмаган қудратлари эса, кафолатчи бўлишлари, бу музокараларнинг амалга ошишини кафолатлашлари мумкин бўлади. Менимча, бундан ташқари, расмий Тошкент Ўзбекистон Исломий ҳаракати ва "Исломий Жиҳод" бўладими ёки Шарқий Туркистон Исломий ҳаракати, унинг иттифоқчиларидан хавотирда. Яхши хабарингиз бор, Ўзбекистон Исломий ҳаракатининг ИШИД, Шарқий Туркистон Исломий ҳаракатининг "ал-Қоида" тармоғига алоқаси бор. Ўзбекистон, худди шу боис ҳам, Покистон билан бу хусусдаги хавотирларини бўлишган, Покистон билан ҳамкорликка кўз тикаётган бўлишлари мумкин. Улар бу борада бир-бирларига қанчалик ёрдам бера олишлари мумкин - буниси менга қоронғу. Бошқа нарса - бу икки давлат ўртасидаги сиёсий, дипломатик ва иқтисодий соҳадаги ҳамкорлик масаласи. Икковлон, бундан ташқари, Афғонистон оша савдо-сотиқ қилишлари мумкин. Тошкентдаги халқаро анжуман чоғида ҳам худди шу масала, яъни қандай қилиб минтақавий интеграцияни йўлга қўйиш масаласи ҳам муҳокама қилинди. Буларнинг барчаси бу икки давлат ҳамкорлик қилишлари мумкин бўлган соҳалардир.

Би-би-си: Шундай экан, Ўзбекистон Исломий ҳаракатининг бугунги қудрати ҳақида нима дея оласиз? Ҳаракатни бугун ҳам минтақа, айниқса, Ўзбекистон учун таҳдид, дея баҳолаш қанчалик ўринли бўлади?

Раҳимуллоҳ Юсуфзай: Ҳозир аввалги куч-қудратини йўқотган ва анчайин заиф эканига қарамай, Ўзбекистон Исломий ҳаракатини ҳануз таҳдид, дея айта оламиз. Ҳаракат бундан уч йилча бурун Афғонистоннинг жанубий Зобул вилоятида Толибонга қарши жанг олиб борган. Мағлуб бўлган. Катта сондаги жангариларини бой берган. Омон қолганлари ҳозир ИШИД фаол бўлган Афғонистон шимолига йўл солишган. У ерда бўлган жангариларига қўшилишган. Ҳаракат минтақадан ўзига янги жангарилар ёллаш ниятидан ҳануз воз кечмаган. Айниқса, ёшларнинг Афғонистонга келиб, ўзларига қўшилишини истайди. Имконсиз эканига қарамай, ҳаракат Ўзбекистон билан боғлиқ режаларидан ҳам воз кечмаган. Бундан ташқари, улар омон қолиш учун ҳам саъй-ҳаракат қилишлари керак. Доимо ўзлари учун хавфсиз бошпана қидиришлари лозим бўлади. 2001 йилдан кейин улар асосан Покистондан бошпана топиб келишган. Аммо орада Покистон Армияси Вазиристон минтақасини жангарилардан тозалаган. Шу боис, Ўзбек томони Покистоннинг қандай қилиб бунга муваффақ бўлганини билишни ҳам истаган бўлиши мумкин. Аммо ҳеч бир нарсани олдиндан қатъий ишонч билан айтиб бўлмайди. Чунки Сурия ва Ироқда жанг қилган жангарилар ҳисобидан сафлари кенгаядиган бўлса, ҳаракат минтақада яна кучайиши мумкин. Бу эҳтимолни ҳам назардан соқит эта олмайсиз.

Би-би-си: Расмий Тошкент сўнгги бор "Ўзбекистон номини суиистеъмол этаётган гуруҳдан хавотир"ини ўтган йил август ойида изҳор этган.

Ўзбекистон томонининг бу каби сўзлари Афғонистон Миллий Хавфсизлик Кенгаши маслаҳатчиси бошчилигидаги ҳайъатнинг Тошкентга қилган сафари чоғида янграган.

Кузатувчилар ва таҳлилчилар Ўзбекистон томони бу қабила "хавотир билдирган" гуруҳни Ўзбекистон Исломий ҳаракатига йўйишган.

Ҳаракат қарийб йигирма йилдирки, Ўзбекистон ташқарисида - Афғонистон ва Покистонда худди шу ном остида фаолият юритиб келади.

Музокаралар Ўзбекистон Исломий ҳаракати Афғонистоннинг аксарият Марказий Осиё давлатларига бевосита чегарадош қатор шимолий вилоятларида ИШИД байроғи остида қайта фаоллашиш ҳаракатида бўлган бир манзарада кузатилган.

Шу йил бошида Ўзбекистон Исломий ҳаракати ҳамасосчиси ва биринчи лидери марҳум Тоҳир Йўлдош ўғлининг дастлаб шимолий Сарипул вилояти, орадан қисқа вақт ўтмай, унга ва Туркманистонга бевосита қўшни Жаузжон вилоятига ўтганига оид хабарлар олинган.

Унинг маҳаллий ёшлар орасидан ўзига янги аъзолар ёллаётгани ва афғон ҳукуматига қарши жанг олиб боришга ҳозирлик кўраётганидан жиддий хавотирлар янграган.

Ҳар икки вилоят масъуллар томонидан мавжуд воқеъликка жиддий эътибор қаратишга оид даъватлар янграган.

Афғонистон шимоли ва шимоли-шарқидаги хавфсизлик билан боғлиқ вазият сўнгги йилларда Марказий Осиё давлатлари қолиб, Россия ва Хитойнинг ҳам жиддий хавотирларига сабаб бўлиб келади.

Ўзбекистонни чорак асрдан ортиқроқ вақт мобайнида бошқариб келган марҳум президенти Ислом Каримов даврида расмий Тошкент ўзининг бу жанубий қўшнисига энг аввало хавфсизлик призмасидан қараб келган.

Ўзбекистон ҳукуматининг Афғонистонга нисбатан, йилларки, ўзгаришсиз қолаётган бу каби қатъий мавқеи ўтган йил охирида, президент Ислом Каримовнинг кутилмаган вафоти ортидан ўзгаришларга юз тутган.

Ҳали Ўзбекистон муваққат президенти экан, Шавкат Мирзиёев ўтган йил октябрь ойида Афғонистон билан ҳар томонлама ҳамкорликни ривожлантириш истагида эканликларини баён қилган.

Орадан бор-йўғи бир неча кун ўтиб, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов ва унинг афғонистонлик ҳамкасби Салоҳиддин Раббоний Тошкентда икки давлат ўртасида экстрадиция тўғрисидаги илк битимни имзолашган. Аммо янги битим тафсилотлари ошкор этилмаганди.

Бунинг ортидан қарийб чорак аср деганда, илк бор Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Кобулга сафар қилган, янги президенти эса, мустақил Ўзбекистон ўз тарихида биринчи марта Афғонистон бўйича махсус вакилини тайин этган.

Ўтган йил декабрь ойида Афғонистон Президенти Муҳаммад Ашраф Ғаний Ўзбекистонга давлат ташрифини ҳам уюштирган.

Аммо барча бу хабарлар манзарасида ҳам Ўзбекистон Исломий ҳаракати номи бирор бир шаклда тилга олинган-олинмагани нуқтаси қоронғулигича қолганди.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek