Хотира ёки Ғалаба куни-тарих яна қайта ёзиладими?

Ўқилиш вақти: 2 дақ

Президент Шавкат Мирзиёев "Халқлар дўстлиги" ёдгорлик ансамблини пойтахт марказига қайтаришга буйруқ берди.

Мирзиёевга кўра, бу тарихий адолатнинг қарор топишидир.

Президент шунингдек, "Халқлар дўстлиги" майдони ва метро бекатларига ҳам эски номини қайтариш ҳақида кўрсатма берган.

Иккинчи Жаҳон Уруши даврида турли миллатга мансуб 15 нафар етим болани асраб олган тошкентлик темирчи Шоаҳмад Шомаҳмудов оиласи ҳайкали 1982 йили Халқлар Дўстлиги майдонига ўрнатилганди.

2008 йили Халқлар дўстлиги "тугади" - Шомаҳмудовлар ҳайкали шаҳар жанубига кўчирилди, сарой номи "Истиқлол" деб ўзгартирилди.

Айни пайтда 25 апрель куни Тошкент метроси йўловчилари кутилмаган манзарага гувоҳ бўлишган.

Ўзбекистон Мудофаа вазирлигининг совет давридаги ҳарбий кийимларни кийган ансамбли йўловчиларни уруш йилларидаги совет қўшиқлари, жумладан "Катюша"ни куйлаб, қарши олган.

Бу ижтимоий тармоқларда қизғин тортишувларга сабаб бўлган.

Айрим ўзбекистонликлар мамлакатга совет даври риторикасининг қайтаётганидан хавотир билдиришмоқда.

9-май Ўзбекистонда расман Хотира ва қадрлаш куни сифатида нишонланади.

Аммо Россия ОАВлари, жумладан, Спутник нашри "Хотира ва Ғалаба куни" иборасини ҳам қўлламоқда.

Сўнгги йилларда Иккинчи Жаҳон урушидаги ғалаба нишонланадиган 9 май арафасида қора ва норинж рангдаги ленталарни ушбу урушда иштирок этганларнинг хотираси учун тақиш хусусан, пойтахт Тошкентда ҳам одат тусини олган.

Маҳаллий кузатувчилар бу каби тадбирлар Россиянинг "Россотрудничество" давлат агентлиги томонидан қўллаб-қувватланишини айтишади.

Ҳозирга қадар ўзбек расмийлари "Россотрудничество"нинг Ўзбекистондаги фаолиятига эътироз билдиришмаган.

Аммо ижтимоий тармоқларда Георгиев лентасининг оммалашувидан хавотирлар янграган.

Айрим ўзбек зиёлиларига кўра, ушбу атрибут Чор Россиясининг ажралмас бўлаги ва Россиянинг империалистик ғоялари таъсирига тушиб қолмаслик учун ҳам ушбу лентани тарғиб қилмаслик керак.

Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари ушбу лента бугунга келиб Россиянинг ташвиқот рамзларидан бири бўлиб қолганини айтишади.

Би-би-си билан суҳбатда Ўзбекистон Халқ шоири Жамол Камол 9-майниннг Ғалаба куни сифатида нишонланишига ижобий қарашини айтди.

Унинг фикрича, ўзбекларнинг Иккинчи жаҳон урушида фашизмга қарши кураши шўролар даврида ҳам, мустақиллик йилларида ҳам муносиб эътироф этилгани йўқ.

Марҳум Ислом Каримов даврида мамлакатда шўро ўтмишига "мустабидлик даври" дея расмий ном берилган ва шўроларниннг барча рамзлари бутунлай тақиқланганди.

Миллий мафкура ва миллий ғоянинг асосий оҳанги шўро мафкураси ва шўролар ёзган тарихни инкор этишга йўналтирилганди.

Би-би-си ҳозирда миллий мафкура қандай эврилишларга юз тутаётгани ва шўролар тарихига расмий муносабат ўзгармоқдами, деган саволлар билан Президент Шавкат Мирзиёевнинг матбуот котиби Комил Алламжоновга мурожаат этди, аммо ҳануз жавоб олгани йўқ.

BBCUZBEK.COM bilan Telegram orqali +44 7858860002 nomeri bilan bogʻlaning. Telegram kanalimiz: https://t.me/bbcuzbek