Лондонда Ислом цивилизацияси маркази тақдимоти бўлиб ўтди

Ўзбекистонннинг Британиядаги элчихонасида Тошкентда қурилаётган Ислом цивилизацияси маркази тақдимоти бўлиб ўтди. Унда марказ директори Шоазим Минаваров йиғилганларга марказ ҳақида маълумот берди.

Ислом цивилизацияси маркази бинолари қурилишига россиялик миллиардер, асли ўзбекистонлик Алишер Усмонов ҳомийлик қилмоқда.

"Марказ 10 гектар жойга қуриляпти. Бинонинг биринчи қавати, ҳали ҳеч қаерда намойишга қўйилмаган, халқ олиб келиб берган асори-атиқалардан иборат музей ва кутубхона бўлади", - дейди Шоазим Минаваров.

Бинонинг асосий кўриниши Самарқанддаги Улуғбек мадраси биноси билан бир хил бўлади.

Марказни янада бойитиш учун чет эл давлатлари билан яқиндан ҳамкорлик қилинаётгани айтилди. Марказ мутахассислари Британиядан сўнг Туркия ва Эронга боришади.

"Марказни қуришдан асосий мақсад, Ислом динини тинчлик, яратувчилик ва илм-фан дини эканлигини кўрсатиб бериш исботлаш, намойиш қилишдан иборат бўлади", дейди Шоазим Минаваров.

Ўзбекистондан келган ҳайъат Лондондаги Виктория ва Алберт музейида бўлган ва у ерда сақланаётган Мирзо Улуғбек глобусининг нусхасини ясатиб Тошкентга олиб кетиш бўйича музокаралар ўтказган.

Президент Шавкат Мирзиёев 2017 йил 23 июнда "Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Ўзбекистондаги Ислом маданияти марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорни имзолаган.

Унда Ислом маданияти маркази бинолари қурилишига россиялик миллиардер, асли ўзбекистонлик Алишер Усмонов ҳомийлик қилиши кўрсатиб ўтилган.

"Марказнинг маъмурий ва асосий биноларини қуриш, унинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш борасидаги ишлар машҳур ватандошимиз, россиялик тадбиркор Алишер Усмоновнинг ҳомийлик хайрия маблағлари ҳисобидан амалга оширилиши инобатга олинсин", - дейилади ҳужжатда.

Кейинчалик маданият маркази номи Ислом цивилизацияси марказига ўзгартирилди.

  • BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek