"Қора жоду" ёрдамида 242 миллион ўғирлаган уддабурон

1995 йил августининг кунларидан бирида Футанга Бабани Сиссоко исмли шахс Дубай Исломий Банкининг бош офисига кириб келади ва машина сотиб олиш учун кредит сўрайди. Менежер кредит расмийлаштиришга рози бўлади ва Сиссоко уни кечки овқатга таклиф қилади. Тарихдаги кўз кўриб, қулоқ эшитмаган фирибгарликлардан бири шундай бошланган эди, деб ёзади Би-Би-Сидан Брижит Шеффер.

Кечки овқат вақтида Сиссоко банк менежери Муҳаммад Аюбни ўзининг сеҳрли қудратга эга эканлигига ишонтира бошлайди: у пулларни икки каррага кўпайтира олиш қобилияти борлигини даъво қилади. Сиссоко ўзининг янги дўстидан келаси сафар бироз нақд пул билан келишини сўрайди.

Қора жоду Исломда шаккоклик сифатида қораланади. Шунга қарамай қора жоду кўпларнинг эътиборига тушган, Аюб ҳам Малининг чекка қишлоқларининг биридан келган тадбиркор Сиссоконинг жозибали ва сирли гапларига лаққа тушади.

Аюб кейинги сафар пул билан Сиссоконинг уйига келганда хоналарнинг биридан бир эркак додлаганча қочиб чиқади. У жин ҳужумига учраганини айтиб бақирар эди. Сиссоко Аюбни жиннинг жаҳлини чиқармасликдан, акс ҳолда жин пулларни кўпайтирмаслигидан огоҳлантиради. Шу тариқа Аюб пулларни махсус хонада қолдириб, кутиб туради.

Аюб хонадан қандайдир ёруғлик ва тутун чиқаётганини кўради. Руҳларнинг овозини эшитади. Шундан сўнг ҳаммаёқни сукунат қоплайди.

Пуллар ростдан ҳам икки ҳиссага ортган эди.

Аюбнинг боши осмонда - Сиссоко энди унинг чўнтагини шилса ҳам бўлар эди.

«Аюб Сиссоко ҳақиқатан пулларни қора жоду орқали икки карра кўпайтирди, деб ишонган эди,» дейди кейинчалик мазкур воқеани ўрганиш учун банк томонидан ёлланган маямилик адвокат Алан Файн.

«Шундан сўнг у Сиссокога кўпайтириш учун банк пулларини юбора бошлайди.»

1995 йилдан 1998 йилга қадар Аюб дунё бўйлаб Сиссоко номига очилган банк ҳисобларига 183 марта пул ўтказади. Буниси етмагандек, Сиссоко Аюбнинг номига миллионлаб долларга тенг кредитлар ҳам олади.

1998 йилда мен Дубайда яшар эдим ва банк катта муаммога ўралашиб қолганлиги ҳақида эшитиб қолдим. Маҳаллий газеталардан бири банк пул ўтказмалари билан боғлиқ муаммоларга дуч кела бошлагани ҳақида ёзиб чиққандан сўнг қўйган омонатини қайтариб олиш ниятидаги одамлар банк биноси олдида оломон бўлиб тўплана бошлади.

Дубай расмийлари муаммони юмшатишга ҳаракат қилар эдилар. Улар «бундайин кичик муаммо банкка тикилган сармоялар ва омонат жамғармаларига таъсир қилмайди,» дер эдилар.

Лекин бу ёлғон эди.

«Банк эгалари жуда катта зарбага учрадилар. Банк бундай ҳолатдан суғурталанмаган эди,» дейди Файн. «Банк ҳукумат ёрдами билангина сақланиб қолинди. Лекин банкни назорат қилувчилар катта миқдордаги ҳиссаларидан айрилишларига тўғри келди.»

Футанга Бабани Сиссоко эса бу вақтгача жуфтакни ростлаб бўлган эди.

Ушбу фирибгарликнинг ажойиб томонларидан бири - пулларни доимий олиб туриш учун Сиссоконинг доимий Дубайда яшаши талаб қилинмаслигида эди.

Муҳаммад Аюб бошини сеҳр-жоду билан айлантиргандан бир неча ҳафта ўтиб, 1995 йилнинг ноябрида Сиссоко Ню-Ёркдаги банклардан бирига ташриф буюради ва ҳаётидаги муҳим воқеалардан бирини амалга оширади.

«У ҳеч қандай қабулга ёзилишларсиз Citibank'га ҳисоб рақам очиш учун кириб келади, бир банк ходимасини учратади ва кейинроқ у билан турмуш қуради,» ҳикоя қилади Алан Файн. «Ишонч билан айтишим мумкинки, Сиссоко бу банк ходимасига Citibank билан янада самарали алоқага киришиш мақсадида уйланган. Хотирам панд бермаса, Сиссоконинг Америкадаги ҳисоб рақамига 100 миллион доллардан ортиқ маблағ ўтказилган эди.»

Аслида эса, Дубай Исломий Банки томонидан Citibank'га қарши очилган ишда «Дубай Исломий Банкига тегишли ҳисоб рақамидаги 151 миллион доллардан кўпроқ маблағ Citibank томонидан тегишли рухсатномаларсиз кирим қилинган,» деб кўрсатилади. Кейинчалик бу иш босди-босди қилинади.

Сиссоко молиявий ёрдам тариқасида ярим миллион доллардан ортиқ маблағни янги рафиқаси номига ўтказиб беради.

«Мен қайси қонуний асос бўйича Сиссоко бу аёлни 'рафиқам' деб атаганлигини билмайман. У аёл ҳам ўзини Сиссоконинг хотини деб ҳисоблар эди,» дейди Файн.

«У Сиссоконинг бошқа кўплаб хотинлари борлигини яхши биларди. Баъзилари Африкадан, баъзилари Маямидан, бошқаси ню-ёрклик эди. »

Киссасини банк пуллари билан қаппайтирар экан, Сиссоко Ғарбий Африкада авиайўналиш очишдек орзусини амалга оширишга киришади. У фойдаланилган «Ҳовкер-Сидделей 125» шахсий учоғи ва икки дона эски «Boeing 727» сотиб олди. Шундай қилиб, номи Сиссоко она қишлоғидан олинган «Air Dabia» авиакомпанияси дунёга келди.

Бироқ 1996 йилнинг июлида номаълум мақсадлар учун Въетнам Урушида фойдаланилган икки дона «Ҳуэй» тикучарини сотиб олаётган Сиссоко жиддий хатога йўл қўяди.

«У тикучарлардан тез ёрдам транспорти сифатида фойдаланмоқчи эканлигини айтади. Лекин у сотиб олмоқчи бўлган тикучарлар тиббий мақсадда фойдаланадиганлардан кўра анча катта ва ноқулай эди,» дейди Файн.

Мазкур тикучарлар осонгина жангавор транспортга айланиши боис уларни АҚШдан олиб чиқиш қўшимча қоғозбозликлар талаб қилар эди. Сиссоконинг одамлари бўлса, жараённи тезлаштириш мақсадида божхона ходимларидан бирига 30,000 доллар миқдорида пора беришга уринишади. Натижада уларнинг ўзи жиноятда гумонланиб ҳибсга олинади. Интерпол Сиссоконинг ўзига ҳам халқаро қидирув эълон қилади. Сиссоко бошқа бир банк ҳисоби очиш учун Женевага борганда қўлга олинади.

Сиссокони ҳимояси учун ёлланган яна бир маямилик адвокат Том Спенсер мижози билан Женевадаги Шамп-Доллон ҳибсхонасида илк бор учрашганини ҳануз яхши эслайди.

«Мен ҳибсхона бошлиғи билан суҳбатлашиб қолдим. У мендан Сиссоко АҚШга олиб кетилиши ёки йўқлиги ҳақида сўради,» дейди Спенсер.

"Мен 'бунисини ҳали кўрамиз,' дедим. Бошлиқ 'Илтимос, уни олиб кетишадиган бўлса, бу жараённи имкон қадар кечиктиришга ҳаракат қилинг,' деди. 'Нега?' сўрадим мен. 'Чунки у ҳар кеча бизга Париждан ажойиб шоҳона таомлар келтирмоқда,' деди бошлиқ. Баба Сиссоко билан илк учрашувимиз шундай кечган эди.»

Сиссокони тезда АҚШга экстрадиция қилишди. У янги ҳибсхонадан туриб ўз тарафдорларини ишга сола бошлади.

Илк тинглов давомида дипломатларнинг Сиссокони кафиллик эвазига суд залидан озод қилиш учун ҳар қандай нарсага тайёрлиги судьяни ҳайратга солади. Собиқ сенатор Бирч Бейҳ Сиссоко ҳимояси учун отланган жамоага қўшилиши Том Спенсерни ҳам лол қолдиради.

«Ҳайрон қоламан, Қўшма Штатлар учун ҳеч қандай хизмати сингмаган хорижий шахсни шунчалик ҳимоя қилишдан нима наф?» дейди Файн. «Бу саволга жавобни ҳамон билмайман, лекин жуда қизиқарли вазият бўлган эди ўшанда.»

АҚШ ҳукумати Сиссокони ҳибсда сақлаб қолиш учун ҳаракат қилади, лекин у 20 миллион доллар гаров эвазига озодликка чиқарилади - бу ўша пайтда Флорида учун рекорд даражадаги гаров пули эди.

Сиссоко бўлса, яна кўнгилхушлик учун пул сарфлашда давом этади.

У ўзини ҳимоя қилишда жон куйдирган жамоа аъзоларини қимматбаҳо Mercedes ва Jaguar машиналари билан сийлайди. Лекин бу бошланиши эди, холос.

Файннинг эслашича, Сиссоко биргина заргарлик дўконининг ўзида ярим миллион долларлик буюм харид қилади, яна юз минглаб долларни бошқа дўконларда сарфлайди. Биргина эркаклар кийими дўконида 150,000 долларлик кийим-кечак сотиб олади.

«У машина салонларига келиб, бир вақтнинг ўзида, икки-учта машина сотиб олар, бир ҳафтадан кейин яна учта-тўрттасини олиб кетар эди. У пулни шамолга совургандек ишлатарди,» эслайди машиналар савдоси билан шуғулланувчи Ронил Дуфрейн.

Дуфрейннинг айтишича, у Сиссокога, жами ҳисобда, 30-35 та машина сотган.

Сиссоко Маямининг юлдузига айланади. У уйланишдан тўхтамас, шаҳар бўйлаб 23 та уйни хотинлари учун ижарага олган эди.

«Плейбой (Playboy - вақтини шакаргуфторликда ўтказишни хуш кўрувчи бойвучча) уни таърифлаш учун айни мос сўз. У жуда башанг кийинади, келишган. У Маямида ақл бовар қилмас пулни ҳавога совуриб юборди,» дейди Сиссоконинг амакиваччаси Макан Муса.

Сиссоко катта миқдордаги пулни яхши мақсадлар учун ҳам сарфлайди. Суди яқинлашар экан, у жамиятда машҳурлик ўзи учун фақат наф келтиришини яхши англарди. Амакиваччасининг гувоҳлик беришича, Сиссоко Ню-Ёркда Шукроналик Куни шарофатига ташкилланган парадга бора олмаётган мактаб оркестрига 413,000 доллар ҳадя қилади.

Уни ҳимоя қилган ҳуқуқшунослардан яна бири, профессор Ҳ. Смитнинг айтишича, Сиссоко пайшанба кунлари машинада кўча кезиб, уйсиз одамларга пул тарқатиб чиқишни хуш кўрган.

«Мен у замонамизнинг Робин Гудимикан, деб ўйлар эдим. Пул ўғирлаб, кейин уни ҳаммага тарқатиб чиқишдан маъно нима?» дейди Смит.

«'The Miami Herald' нашри Сиссоко қўлга олингандан кейин у шаҳарда сарфлаган пуллар миқдори ҳақида мақола эълон қилган эди. Лоф уришни хоҳламайман, лекин мақолада у 10 ой ичида 14 миллион доллар сарфлагани ҳақида ёзилган эди. Бу ойига миллион доллардан кўпроқ харажат дегани.»

Алан Файннинг Сиссоко ҳақидаги тасаввури эса ижобий эмас.

«У нима иш қилган бўлмасин, ҳаммаси кўзбўямачилик, мақтанчоқлик учун эди. У одамлар ўзи ҳақида сахий ва ақл бовар қилмас даражада бой деган тасаввурга боришларини жуда истарди. У машҳурлик учун сабаб бўлмайдиган бирор харажатга қўл урмас эди.»

Машҳурлик йўлида қилинган шунча ишларга қарамай, Сиссоко судда адвокатлари маслаҳатларига қулоқ солмади ва ўз айбини бўйнига олди.

Эҳтимол, шу йўл билан суд томонидан камроқ саволга тутилишга умид қилгандир.

Суд унга 43 кун қамоқ жазоси тайинлади ва 250,000 доллар жаримага тортди. Тайинланган жазо муддатининг ярмини ўтаб бўлгандан сўнг Сиссоко шартли равишда озод этилди. Бунинг эвазига у уйсизлар учун бошпана ҳисобига 1 миллион доллар ўтқазиб берди. Муддатнинг қолган қисмини у Малида, уй қамоғида ўташи кўзланган эди.

У она юртига қаҳрамон сифатида қайтиб борди.

Бу вақтга келиб Дубай Исломий Банки аудиторлари пул ўтказмалари билан қандайдир хатолик борлигини пайқай бошлаган эдилар. Аюбнинг асабийлиги борган сари кучайиб борар, Сиссоко унинг қўнғироқларига ортиқ жавоб бермай қўйган эди.

Ниҳоят Аюб қанча камомад мавжудлигини сўраган ҳамкасбларидан бирига бўлган ишлар ҳақида айтишга қарор қилади. Камомадни тилда айтишга уялган Аюб уни қоғозга ёзиб кўрсатади - 890 миллион дирҳам ёки 242 миллион АҚШ доллари.

Аюбни қаллобликда айблайдилар ва у уч йилга қамалади. Шунингдек, қора жодуга ишонгани учун ичига кириб олган ёвузликларни ҳайдаш мақсадида унинг устидан эксорцизм (эксорцизм - киши ва уйга жойлашиб олган ёвуз руҳни ҳайдаш учун ўтказиладиган диний маросим) амали ўтказилгани ҳақида ҳам гап-сўзлар тарқалади.

Сиссоко қилган ишлари учун ҳеч қандай жазо олмайди. Дубай суди уни қаллоблик ва сеҳр-жодудан фойдаланиш амаллари учун уч йил сиртдан қамоққа ҳукм қилади. Интерпол унга нисбатан халқаро қидирув эълон қилади ва Сиссоко ҳамон қидирувдаги шахс сифатида қолмоқда.

Мен Сиссоконинг ўзи қатнашмаган суд мажлисларидан бирига тегишли материалларни топишга муваффақ бўлдим. Суд Парижда бўлган эди. Унда Сиссоконинг адвокати уни Аюбнинг жиноий ишлари учун балагардон бўлган қурбон сифатида кўрсатишга ҳаракат қилиб, пуллар аслида бошқа жойга кетганлигини исботлашга уринади. Лекин суд бу даъвони рад этади ва Сиссокони пул ювишда айблайди.

2002-йилдан 2014-йилга қадар 12 йил давомида Сиссоко Мали парламенти аъзоси сифатида фаолият юритади. Депутатлик иммунитети уни жазога тортилишдан сақлаб келади. Охирги тўрт йил давомида Сиссокони жазога тортилишдан сақлаб келаётган нарса - бу Мали билан бирор давлат ўртасида экстрадиция бўйича келишув йўқлигидир.

Дубай Исломий Банки бўлса, уни жазога тортиш учун ҳамон судма-суд югуриб юрибди.

Мен Сиссоко ҳақида маълумот биладиган одамларни излаб Мали пойтахти Бамакога учиб бордим.

Мен Сиссокони хуш хотиралар билан эсловчи бир тикувчи аёлни топдим.

«Уни, адашмасам, 2-3 йил олдин кўрган эдим. Мен унга кийимлар соладиган чамадон тайёрлаб бергандим. У ўзига хизмат қилган ҳар кимга совғалар беришни хуш кўрар эди,» дейди аёл.

Мен унинг ҳайдовчиси бўлган Лукали Иброҳимни ҳам топишга муваффақ бўлдим.

«Ишлари юришиб турган пайт у атрофидаги одамларни совғалар билан хурсанд қилишни яхши кўради. У одамларнинг муаммосини ҳал қилишда ёрдам беришга интилади,» дейди у. «У ҳақида деярли ёмон фикр айтолмайман. Унинг ягона камчилиги ёлғон гапириб бўлсада, кишига умид беришга интилишидир.»

Бозорда учратган заргарим ҳам собиқ мижозини фақат илиқ таассуротлар билан ёдга олди.

Менга Сиссоко она қишлоғи Дабиага яқин жойда яшаётган бўлиши мумкинлиги ҳақида айтдилар.

Узоқ йўлдан сўнг одамлар тасвирлаган уйни топдим.

Тўсатдан қуролланган соқчилар қуршовида бир кекса киши пайдо бўлди. Бу шахсан Бабани Сиссоконинг ўзи эди. У ҳозирда деярли 70 ёшда.

У интервью беришга рози бўлди. Муҳит бироз оғир эди. У ташқи дунёга илк бор қандай чиққани ҳақида ҳикоя қила бошлади.

«Менинг исмим Сиссоко Футанга Дит Бабани. Биласизми, мен туғилган кунда атрофдаги ҳамма қишлоқлар ёниб кетади. Қишлоқликлар 'Мариетто ўғиллик бўлди,' деб югуриб юришган, олов эса кенгайиб борган экан.»

Шундан сўнг у 1985-йилдан қишлоғини қайта тиклаш ҳаракатини бошлагани ва пуллари ҳақида сўзлай бошлади. «Умумий бойлигим бир вақтлар 400 миллион долларга етган,» дейди у.

Мен Дубай Исломий Банкидан ўғирланган 242 миллион доллар ҳақида сўрайман.

«Хоним, бу гапларнинг бари уйдирма. Бу пуллар ҳақида банкдаги жаноблардан сўраганингиз маъқул. Қандай қилиб шунча пул банкдан изсиз чиқиб кетиши мумкин? Муаммо ана шунда. Бу бир кишининг иши эмас. Пул ўтказмаларини фақат бир киши амалга оширмайди. Кўплаб одамлар бу жараёнга аралашади.»

Мен Муҳаммад Аюб Сиссокони ўзини сеҳрлаб қўйишда айблагани ҳақида эслатаман.

«Сиз айтаётган жаноб билан учрашганман,» дейди у.

Лекин фирибгарлик ҳақидаги даъвони рад этади.

«Мен машина сотиб олишга кредит олиш учун банкка борганимда Аюб билан бир мартагина кўришганман, холос. Кейинчалик кредитни ҳаммасини тўлаганман. У Японияда ишлаб чиқарилган машина эди.»

У, ҳақиқатан, қора жоду ёрдамида одамлар онгини назорат қилганми?

«Хоним, шундай қудратга эга одам ишлашга мажбур бўладими? Агар менинг бундай қобилиятим бўлганда турган жойимдан жилмай дунёдаги барча банкларни ўмарган бўлардим.»

Мен ундан ҳали ҳам боймисиз, деб сўрайман.

У ноаниқ жавоб қайтаради.

«Йўқ, мен ортиқ бой эмасман. Ҳозир қашшоқликда кун кечирмоқдаман.»

Интерполни доғда қолдирган Сиссоко 20 йил умрини қочқинликда ўтказди, бутун бойлигини ҳавога совурди ва ҳозирда Малини тарк этолмайди.

Бироқ у сеҳр-жоду қўлланилгани даъво қилинган банкни тунаш айби билан бир кун ҳам қамоқда ўтирмади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Telegram орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858860002