You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
"Севги изтироблари" сериалининг диск савдоси авж оладими?
Жамоатчилик вакилларининг кескин танқидларига сабаб бўлган Zo'r TV даги "Севги изтироби" сериали тўхтатилди. Энди ушбу турк сериалининг диск савдоси авж олиши мумкинлиги айтилмоқда.
Zo'r TV телеканали орқали намойиш этилаётган турк ижодкорлари томонидан ишлаб чиқилган "Севги изтироби" сериали тўхтатилди.
Бу ҳақда ўзбекзабон интернет нашрлари хабар бермоқда.
Ушбу сериал қаҳрамонларига овоз берган актёрлардан бири Алишер Узоқов Instagram'даги ўз саҳифасида сериал намойиши телеканалдан олиб ташланаётганига ишора берган.
"Бугун сўнгги маротаба қаҳрамонларингизни кўриб қолинг...", деб ёзган у.
Би-би-си Zo'r TV дан бу борада изоҳ олишга ҳаракат қилди. Бироқ иш куни бўлмагани учун душанба куни қўнғироқ қилишимизни сўрашди.
Ўтган йилнинг сентябр ойидан бошлаб Zo'r TV экранларида қўйиб келинаётган сериал жамоатчилик вакилларининг кескин танқид ва муҳокамаларига сабаб бўлган.
Айрим интернет нашрлари ўз манбаларига таяниб ушбу танқидларга Бош вазир Абдулла Арипов ҳам қўшилганини айтган.
Бироқ ушбу хабарлар қанчалик асосли эканлиги борасида Би-би-сида маълумот йўқ.
Интернетдаги Qalampir.uz сайтида сериалга нисбатан икки хил муносабатни кўриш мумкин.
Сериал телеканал орқали энди қўйила бошлаган вақтда, 2017 йилнинг 7 сентябрида чоп қилинган мақолада журналист Дурдона Расулова уни мақтаб чиққан.
"Севги изтироби" - гўзал ва бешавқат муҳаббат акс этган сериал", дея сарлавҳа қўйилган мақолага.
"2011 йилдан буён турк сериаллари намойиши тўхтатилган бир вақтда яна бундай фильмларга йўл очилганлиги ўзбек аҳлини қувонтиргани шубҳасиз. Фильм турли ҳаёт синовларига дуч келган муҳаббат ҳақида. Турк халқи, қайсидир маънода, бизнинг ўзбекларга ўхшаш жиҳатлари борлиги сир эмас. Шарқона ибо-ҳаё, маданият, тарбия каби омилларда ўхшашликларни кўриш мумкин", деб ёзади муаллиф.
Бироқ орадан 5 ой ўтгач Qalampir.uz интернет нашри бўлим муҳаррири Инобат Матёқубова 13 феврал куни "Демади деманг: "Севги изтироби"дан орттирилган асоратлар бадалини кўп йиллар тўлаймиз" сарлавҳаси остида мақола ёзиб чиқди.
Муаллиф ушбу сериал ўзбек халқининг миллий маънавиятига, менталитетига мос келадими, деган саволни ўртага ташлаган.
"Хўш, унда бировнинг никоҳида бўла туриб, бошқаси билан "кўнгилхушлик" қилаётган ва буни "севги изтироби" деб атаётган, ўз муҳаббати учун синглисини қурбон қилган ёки келин бўлиб тушган хонадонининг куёви билан "ишқ ўйини" ўйнаётган "қаҳрамон"ларнинг қайси жиҳати бизни ўзиги кўпроқ маҳлиё этиб қўйяпти?", деган у.
Ушбу сериал ижтимоий тармоқлар ва azon.uz сайтида ҳам кўп танқидларга учраганини кўриш мумкин.
Муаллиф Зиёвуддин Раҳимнинг Facebookдан олинган фикрлари azon.uz сайтида қўйилиши ижтимоий тармоқларда кескин муҳокамаларни келтириб чиқарди.
Бир неча Исломий китоблар муаллифи Зиёвуддин Раҳим айрим хориж сериалларига овоз бераётганларнинг маоши "ҳаром"лигини айтган.
"Фаҳш ишларга, зинога чақирадиган (туркчами, мексиканикими, бало-баттарми, фарқи йўқ) сериалларга овоз бериш, дубляж хизмати учун ҳақ олиш ҳаромдир. Ким унга овоз берса, ҳаром иш қилибди, боласига ҳаром луқма едирибди. Ўша сериаллар эфирга узатилиши йўлида ишлаганлар ҳам ҳаром-нопок иш қилган бўлади", деган у.
Зиёвуддин Раҳим бундай сериалларга овоз бераётган актёрларни миллатнинг ашаддий хоинлари ва мунофиқ, деб атаган.
Тортишувлар рўй бериб турган бир вақтда сериалнинг тўхтатилгани ҳақида хабарлар чиқди.
Томошабинларнинг ёзишича, 16 феврал куни эфирга узатилган сериал сўнггида "биринчи фасл" тугади деган ёзув чиққан.
Ижтимоий тармоқларда фикр қолдирганлар энди ушбу сериални интернетдан тушириб олиб кўришини маълум қилган.
Айримлар бундан сўнг "Севги изтироби" туширилган дисклар савдоси авж олиши мумкинлигини айтган.
- BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek