Ўзбекистон депутатлари "Автотест" монополиясига қарши чиқди

Олий мажлис депутутлари Ўзбекистонда юридик шахсларга тегишли авто улов ҳайдовчиларининг ҳар икки йилда "Аvtotest-Report" дан малака ошириш қарорига ўз норозилигини билдирди. Dia.uz нашрининг ёзишича, қарорнинг антимонопол қонунчилик нутаи назаридан қайта кўриб чиқиш учун Вазирлар маҳкамасига депутатлик сўрови юборилади.

Dia.uz ижтимоий тармоқларда ҳайдовчиларнинг кенг муҳокамасига сабаб бўлган ва анҳор.уз ни маҳкамага бериш ҳаракати билан танилган "Автотест" бўйича депутатларнинг фикрини олган.

Олий Мажлис депутати Расул Кушербаев юридик шахсларга тегишли улов ҳайдовчиларнинг ҳар икки йилда айнан «Avtotest-Report» МЧЖда малака оширишлари мажбурий эканлигини оқламаган.

"Нега айнан " автотест"? Нима учун 5-6 йил эмас, икки йил? Нима учун биргина МЧЖга бундай ваколат топширилмоқда? "- дейди депутат.

Олий Мажлис депутатининг фикрича, Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг "Инновацион ўқитиш услубларини жорий этиш йўли билан ҳайдовчиларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, шунингдек, уларнинг малакасини ошириш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида"ги қарор қайта ўрганиб чиқилиши керак.

Олий Мажлис депутати Қодир Жўраев ҳам ҳамкасбининг фикрига қўшилган.

"Менинг назаримда «Avtotest-Report» малака ошириш ўқув курслари тўғрисида ўтган йил 4 сентябрда қабул қилинган қарор ҳақиқатан айрим камчиликлардан ҳоли эмас. Энг асосий камчилиги - фақатгина битта МЧЖга бундай ҳуқуқнинг (яъни мулкчилик шаклидан қатъий назар юридик корхоналар хайдовчиларининг малакасини ошириш хизматлари кўрсатиш ҳуқуқи) берилишидир. Бу ерда монополияга қарши қонунчилик талаблари инобатга олинмаганлигини кўришимиз мумкин. Бу ҳолат эса ўз навбатида бундай хизматларни кўрсатувчи субъектлар ўртасида рақобат муҳитини шаклланиши ўрнига, аксинча, битта МЧЖнинг монополиясининг ўрнатилишига, рақобатчиларнинг бозордан сиқиб чиқарилишига йўл очиб берган", дея депутат Қодир Жўраевдан иқтибос келтиради нашр.

Олий мажлис депутати ушбу ҳолатни бартараф этиш, 2017 йил 4 сентябдаги қарорни антимонопол қонунчилик нуқтаи назаридан қайта кўриб чиқиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига депутатлик сўрови юборишга тайёргарлик кўрилаётганини маълум қилган.

"Вазирлар Маҳкамасининг ушбу қарори нафақат монополияга қарши қонун нуқтаи назаридан балки, малака ошириш муддатининг қисқалиги бўйича ҳам қайта ўрганиб чиқилиши керак. Ҳар икки йилда фирмалардан ҳайдовчиларни ўқитиш учун қўшимча пул ва вақт ажратишни талаб қилиш ҳам назаримизда адолатдан эмас. Қолаверса, нега айнан фирмаларнинг ҳайдовчилари шунчалар қисқа вақт ичида малака оширишга муҳтожлиги мантиқсиздек. Ахир, улар учун йўл қоидалари алохида ёки мураккаброқ эмас-ку?", деб ёзади dia.uz.

  • BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek