2018 йилда "Автотест" ва ҳайдовчиларни нима кутмоқда?

Avtotest

Сурат манбаси, YouTube

    • Author, Саид Чақар
    • Role, Тошкент

Йил тугаяпти. Ғарб оммавий ахборот воситалари, анъанага мувофиқ, келаси йил учун ўз прогнозларини эълон қиляпти. Шахсан менга Bloomberg агентлигининг 10 йиллик прогнози қизиқ кўринди.

Эмишки, Ким Чен Ин 2019 йилдаёқ бандаликни (АҚШнинг аралашувисиз) бажо келтирармиш, 2028 йилга бориб жаҳон саҳнасида Путин бўлмасмиш (лекин ўлмасмиш). Трамп бобо эса иккинчи муддатга сайланармиш.

Қанчалик ишонарсиз кўринмасин, экспертлар бундай башоратларни, бахтга қарши, кучли наркотик модда таъсири остида ёзмайди. Кузатувлар, тажриба, воқеалар ривожини мантиқий таҳлил қилиш ҳосиласи бу.

Камина Bloomberg нашриётидан ҳам, унинг экспертларидан анча узоқдаги бир инсон. Бироқ, жичча нокамтарликдек кўринса-да, ўзимни серқуёш Ўзбекистон воқеаларини қаттиқ эътибор билан кузатувчи деб биламан.

Кузатувларим асосида мен ҳам бир қўлбола прогноз тайёрладим. Айтганимдек, кузатувлар мантиқий хулосаларга олиб келади. Прогнозимнинг рўёбга чиқиши эҳтимоли, табиий, жуда оз. Аммо уни мантиқан нотўғри деб ҳам бўлмайди.

Прогноз "Автотест"га алоқадор.

Бу хусусий автомактаб 2018 йил январидан Ўзбекистондаги барча юридик шахсларнинг ҳайдовчиларини ҳар икки йилда бир мажбурий тартибда малакасини оширмоқчи. "Автотест"га бундай ҳуқуқ бош вазир Абдулла Арипов томонидан 4 сентябрда берилди.

Қарор чиққач, кўзга кўринган бир-икки бизнесмен уни танқид қилди. Сўнг бир интернет-нашр бу ҳужжат ҳатто Конституцияга ҳам зидлигини исботлагандек бўлди. Лекин бу "ислоҳотлардан сармаст" жамоатчиликни "уйғотиш" учун озлик қилди.

Биринчи прогноз шу - ҳушёр бизнесменларнинг эшитилар-эшитилмас шовқини ва кичик интернет-газетнинг шапалоқдек мақоласидан уйғонмаган жамоатчилик 2018 йил январида озгина, июнида эса тўла уйғонади. Зеро, "табиб табиб эмас, бошидан ўтказган табиб".

Чунки январдан бошлаб "Автотест" юридик шахсларнинг ҳайдовчиларини мажбурий тартибда ўқитишга киришади - бу ўқув учун компания ва ташкилотлар ҳар бир ҳайдовчиси учун кичик бўлмаган n-суммани тўлаши керак.

"Автотест"нинг 30 соатлик ўқувини тамомлаганларга махсус сертификат берилади. 1 июлдан бошлаб ҳайдовчилик гувоҳномаси билан бирга "Автотест" сертификатини кўрсатмаган юридик шахс ҳайдовчиларига ДАН ходимлари чора кўради.

Бу масаланинг бир томони. Энди бошқа томони ҳам бор.

"Автотест" 2016 йилги статистик маълумотни байроқ қилиб, ўзига катта масъулият оляпти: ўша йили юридик шахс ҳайдовчилари айби билан 972 та авария бўлган, оқибатда 352 киши ҳалок бўлган. "Шунинг учун уларнинг малакасини ошириш керак".

Иккинчи прогноз шу - биргина 2018 йилнинг ўзи бўйича ёки 2018 ва 2019 йилларнинг биргаликдаги яна шундай статистикаси кўтарилади-да, юридик шахс ҳайдовчиларининг авариялари кескин камайгани эълон қилинади. Албатта, "Автотест" шарофати билан.

Бундай баёнот 2021 йилдан кейин - амалдаги президент иккинчи муддатга сайланиб бўлганидан кейин берилади дейилса, прогноз янада ишонарли кўринса керак. Яна ютуқли томони - эски ва янги беш йиллик рақамларни таққослаган мақбулроқ.

Юридик шахс ҳайдовчиларининг авариялари кескин камайгач, табиийки, жисмоний шахслар иштирокидаги бахтсиз ҳодисалар сони янада кўпайган бўлади. Ҳозир ҳам кўп - Ўзбекистонда 2016 йилги одам ўлими билан боғлиқ аварияларнинг қарийб 86 фоизи жисмоний шахс ҳайдовчилар томонидан содир этилган.

Учинчи прогноз айнан жисмоний шахслар билан боғлиқ: "Автотест" ўзига юклатилган биринчи миссия - юридик шахс ҳайдовчиларини "одам қилиш"ни гўёки бажарганидан сўнг, ҳукумат янги қарор чиқаради. Энди жисмоний шахс ҳайдовчиларни ҳам ҳар нечадир йилда бир қайта ўқитиб, уларга ҳам сертификат тарқатиш лозим.

Бу - хусусий монопол автомактаб ҳукуматнинг биргина қарори билан олдиндан кафолатланган бир неча миллион мижозга эга бўлади, дегани. Ўзбек халқи бундан-да оғирроқ кулфатларни кўрган, бунисига ҳам, тахминларга кўра, чидайди.

Юқоридаги тахминларни бирдан йўққа чиқарадиган тўртинчи прогноз ҳам йўқ эмас: "жуда тепада" ёки оддийгина пастда юз берадиган қандайдир фавқулодда даҳшатли ҳодиса сабаб, "Автотест" ҳам, унинг ҳозирда президентга пресс-котиб асосчиси ҳам, унинг соядаги валинеъматлари ҳам юртбошининг қаҳрига учрайди ва бир кунда йўқликка маҳкум бўлади.

Юқорида "жамоатчилик уйғонмади", "мана бу санадан жамоатчилик, эҳтимол, уйғонади" деган гапларга келсак, жамоатчилик уйғонгани билан ҳам барибир ҳеч нарса ўзгармайди. Ахир бу доллар расман сотилмайдиган даврда мошинани бир неча йил давомида давлатдан долларга рози-ризолик билан сотиб олган жамоатчилик. Унинг уйғонгани: "Ҳа, метро қуришга пул керак-ку, шундай пул ишлашяпти-да", дейишидир.

Саид Чақар - тошкентлик блогернинг тахаллуси. Блог муаллифларининг нуқтаи назари Би-би-си нуқтаи назарини акс эттирмайди. BBCUzbek.com билан ҳамкорлик қилишни истасангиз, ўзингиз ҳақингизда маълумот ва хабарларингизни [email protected]электрон почта манзилига йўлланг. Би-би-си муаллифлар ҳақидаги маълумотнинг махфийлигини кафолатлайди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Telegram орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858860002