ЖҲҚ: Украина ҳукумати Ўзбек журналисти Нарзулло Охунжоновни озод қилсин!

Сурат манбаси, khpg.org
Қароргоҳи Нью-Йоркда жойлашган халқаро Журналистларни Ҳимоя қилиш қўмитаси ва қатор инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотлари Украина ҳукуматидан ўзбекистонлик журналист Нарзулло Охунжоновни озод қилишга, Ўзбекистонга экстрадиция қилмасликка чақирганлар.
Ўзининг танқидий чиқишлари, ўзбек ва рус тилидаги мақолалари билан танилган Ўзбекистон Телерадиокомпаниясининг "Ўзбекистон" радиоси сиёсий шарҳловчиси Нарзулло Охунжонов 2013 йили ватанини тарк этишга мажбур бўлган.
Бунга танқидий чиқишлари ортидан ўзи ва оиласига бошланган босимлар сабаб бўлганини айтган.
Шу йил 20 сентябр куни Нарзулло Охунжонов рафиқаси ва беш фарзанди билан Туркиядан Украинага учиб борган.
Адвокат Алексей Фёдоровнинг Би-би-сига айтишича, журналист Туркиядаги давлат тўнтаришига уринишдан кейин Туркиядаги инсон ҳақлари вазияти ёмонлашиб бораётгани туфайли Украинага кетишга мажбур бўлган.
Киев аэропортида журналистнинг Интерпол қидирув рўйхатида эканини айтишган, Ўзбекистон ҳукуматининг 2013 йилда Нарзулло Охунжоновни фирибгарликда айблаб халқаро қидирувга бергани маълум бўлган.
Нурзулло Охунжонов журналистик фаолияти боис Ўзбекистон расмийлари ўзига қарши жиноят ишини сохталаштирганларини айтади.
23 сентябр куни Киевдаги маҳкама Нарзулло Охунжоновни 40 кунга ушлаб туриш ҳақида қарор чиқарган.
Адвокат Алексей Фёдоров сўзларига кўра, суд қарори устидан аппеляция аризаси ёзилган, аппеляцияда журналистни ҳибсдан озод қилиш талаби илгари сурилмоқда.
"Биз Украина ҳукуматидан Нарзулло Охунжоновни озод қилиш, унинг Украина ҳудудида қолишига изн бериш ва уни экстрадиция қилиш талабини инкор этишга чақирамиз. Танқидий мақолалари учун журналистлар жазолашга рўпара бўладиган Ўзбекистонда Охунжонов ўз иши учун қамоққа ташланиш хавфи остида", деб айтган Журналистларни Ҳимоя қилиш қўмитасининг Европа ва Марказий Осиё дастури мувофиқлаштирувчиси Нина Огниянова.
Назрулло Охунжонов Би-би-си, "Озодлик" ва бошқа қатор халқаро оммавий ахборот воситаларида Ўзбекистондаги ижтимоий-сиёсий вазият ҳақида интервьюлар бериб келган, Интернет ижтимоий тармоқларида ўзбек ва рус тилларида таҳлилий мақолаларини эълон қилган.
Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02












